
Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва Европа кенгашининг ҳуқуқ орқали демократия учун Европа комиссияси (Венеция комиссияси) ҳамкорлигида “Марказий Осиё мамлакатларида конституциявий шикоят институти моделларининг ривожланиш тенденциялари” мавзуида ташкил этилган халқаро конференция якунланди.
Икки кун давомида халқаро ва маҳаллий экспертлар, ҳуқуқшуносларнинг констуциявий шикоят институти ҳуқуқий асослари, қўлланилиш амалиёти ва илғор тажрибалар хусусида маърузалари эшитилди. Марказий Осиё ва Европа давлатлари конституциявий назорат органлари вакиллари томонидан тақдим этилган маърузалар ҳамда фикр алмашувларда ҳам барча учун муҳим бўлган таклифлар, ғоялар билдирилди. Халқаро экспертлар Марказий Осиё давлатларида конституциявий шикоят институтининг ривожланиш тенденция моделларида ўзига хос мактаб яратилганлигини алоҳида таъкидлади.
Конференциянинг иккинчи иш кунида “Конституциявий судга мурожаат қилиш: инсон ҳуқуқлари бузилишига қарши энг самарали восита”, “Фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинларини ҳимоя қилишда Омбудсман институтининг Конституциявий суд билан ўзаро ҳамкорлиги”, “Инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари: парламент ва Конституциявий суднинг ўзаро ҳамкорлиги”, “Қонунчиликни конституциявий назорат қилишнинг Австрия модели”, “Фуқароларнинг Босния ва Герцеговина Конституциявий судига конституциявий шикоят киритиш тартиби” каби муҳим мавзуларда маърузалар тингланди.
[gallery-12082]
Мунозаларда бир қатор муҳим таклиф ва тавсиялар қайд этилди. Хусусан, бундай тадбирларни тизимли ва доимий равишда ташкил этиш, Марказий Осиё давлатлари Конституциявий судлари мулоқотларини кўпроқ ўтказиш, халқаро ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиш, Марказий Осиё ва Европа давлатлари Конституциявий судлари ўртасида тажриба алмашиш, ривожланиш ва тараққиёт учун дўстона фикр алмашувларни кўпайтириш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, конституциявий шикоят институти амалиётида рақамлаштириш масалаларини кенг жорий этиш, мурожаатларни ўрганишда сунъий интеллектдан фойдаланиш каби таклифлар билан бирга, энг асосийси фуқароларнинг конституциявий органларга манзилли мурожаат қилишлари учун ҳуқуқий билимларини ошириш устида ишлаш ва бунинг барча зарурий чора-тадбирларини амалга ошириш зарурлиги қайд этилди.
Бундан кўриниб турибдики, келгусида Ўзбекистонда конституциявий назорат институти фаолиятини, хусусан конституциявий шикоят институтини янада такомиллаштириш борасида ҳам муҳим ишлар амалга оширилиши керак. Чунки, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини муносиб ҳимоя қилиш Конституциявий суд органларини биринчи галдаги вазифаси ҳисобланади.
Тадбир якунида конференция хулосалари қабул қилинди.
Халқаро конференцияга ташриф буюрган меҳмонлар, иштирокчилар Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойлари билан яқиндан танишди.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА