
ФОТОРЕПОРТАЖ
Республика Маънавият ва маърифат маркази Сурхондарё вилоят бўлими ташаббуси билан Жарқўрғон туманидаги 5-болалар мусиқа ва санъат мактабида “Уларнинг ҳаёти биз учун ибрат” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Наргиза Раҳматуллаева, Республика Маънавият ва маърифат маркази Жарқўрғон туман бўлинмаси раҳбари Умар Ибодуллаев, туман отинойиси Мавжуда Абдуллаева ҳамда ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар ва ижодкор ўқувчи-ёшлар иштирок этди.
[gallery-12068]
Умумтаълим мактабларининг фаол ўқувчи-ёшлари томонидан Тўмарис, Нодирабегим, Увайсий, Зулфия Исроилова, Саида Зуннунова ҳамда Сурхон воҳасидан етишиб чиққан Жамила Эргашева, Мавлуда Қобилова, Раъно Узоқова, Гуландон Тоғаева каби маърифатпарвар аёлларимиз образлари ёрқин саҳна кўринишлари орқали намойиш этилди.
Айтиш жоиз, бутун ҳаёти ва фаолиятини халқ дарди билан боғлаган, халқ ғамига ҳамдард бўлибгина қолмай, унинг истиқболи учун қайғурган фидойи маърифатпарвар аёлларимизнинг ҳаёт йўли чинакам ибрат мактабидир. Бугунги тадбир ҳам барчани тафаккур қилишга, юрт истиқболи йўлида масъулиятли бўлишга ундайди.
Тадбирда фаол иштирок этган ижодкор ёшларга ҳамда тадбир ташкилотчиларига ташаккурномалар топширилди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат),ЎзА