Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси якунлари асосида Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Кун тартибидаги масала юзасидан парламент қуйи палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси, Конституциявий комиссия аъзоси Жаҳонгир Ширинов маъруза қилди:  

— Конституциявий қонун лойиҳаси билан Конституциямизнинг муқаддимасидан тортиб 76 та моддасига тузатишлар киритилди, 15 та янги модда ва 1 та янги боб киритиш назарда тутилмоқда. Конституцияга инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни ва қадр-қиммати ҳимоясини янада кучайтиришга қаратилган янги қоидаларни киритиш ишлари давом эттирилди. Жумладан, айбсизлик презумпцияси янада кучайтирилмоқда. Эндиликда шахснинг айби шунчаки судда аниқланмагунча эмас, балки суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча, у айбсиз ҳисобланади. Бундан ташқари, шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилмаслиги ва жазога тортилмаслиги назарда тутилмоқда.    

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда адвокатларнинг ролини оширишга қаратилган нормалар киритилмоқда. Прокуратурага оид конституциявий нормалар алоҳида бобда қандай акс эттирилган бўлса, худди шундай Конституциямизга адвокатурага бағишланган янги ХХII-I боб киритилмоқда. 

Конституциямизда очиқлик сиёсатини қатъий давом эттиришга қаратилган қоидалар ўрнатилмоқда. Масалан, 67-моддада давлат оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини кафолатлаши, шунингдек, журналистлар фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши мустаҳкамланмоқда.    

98-моддада ҳукуматнинг асосий ваколатларидан бири сифатида давлат бошқаруви органларининг ишида очиқлик ва шаффофликни, қонунийлик ва самарадорликни таъминлаш, уларнинг фаолиятидаги коррупция кўринишларига қарши курашиш, давлат хизматларининг сифатини ва очиқлигини ошириш чораларини кўриш белгиланмоқда.  

Конституцияга одил судловга эришиш даражасини ошириш ва судьялар мустақиллигини таъминлашга қаратилган қоидалар киритилмоқда. Жумладан, суднинг қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши судьяни лавозимидан озод этиш учун асос бўлмаслиги белгиланмоқда. Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида янги киритилган 115-1-модда билан судлар фаолиятини молиялаштириш фақат давлат бюджетидан амалга оширилиши кафолатланмоқда, — деди Ж.Ширинов.  

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 6 октябрь куни Сирдарё вилояти фаоллари билан бўлиб ўтган учрашувда Конституциявий қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда аҳолидан келиб тушган таклифларни тўлиқ акс эттириш муҳимлигини таъкидлаган эди. Шундан келиб чиқиб, Қонунчилик палатасининг масъул қўмиталари томонидан мукаммал, халқчил, одамларнинг дардига кафолат бўла оладиган Конституцияни яратиш, халқимиз томонидан берилган таклифларни Конституция нормаларида акс эттириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.  

Мажлисда депутатлар Конституциявий комиссия ва масъул қўмиталар томонидан амалга оширилаётган ишларни эътироф этган ҳолда, халқимиз асослантирилган, ўйлаб таҳлил қилишга мажбур қиладиган кўплаб таклифларни бераётгани ва бундай таклифларни эътиборсиз қолдириш ёки уларга юзаки ёндашиш мумкин эмаслигини айтиб, Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштиришга доир ишларни давом эттириш таклифини илгари сурди.  

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА

English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Конституцияга 15 та янги модда ва 1 та янги боб киритиш назарда тутилмоқда