
Улуғбек(исми ўзгартирилди) билаги кучга тўлган, оиласи ва жамият учун эзгу ишлар қилишга қодир 29 ёшда. Муқаддам беш маротаба судланган ва қилмишига яраша жазо олган бўлишига қарамай у яна жиноятга қўл урди.
2023 йилнинг 7 июнидан 8 июнига ўтар кечаси бойлик орттириш ниятида Гулистон шаҳар, Намуна маҳалласидаги савдо дўкони эшигини бузиб, ичкарига киради. Кассадаги жами етти миллион тўққиз юз етти минг сўм миқдоридаги пулларни қўлга киритиб, яширинишга уринди.
Аммо у Гулистон шаҳарлараро қўриқлаш бўлими ходимлари томонидан ушланди ва унинг ёнидан ўғирланган пуллар ҳамда бир дона очқич асбоби(отвёртка) ашёвий далил тариқасида олинди.
Жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судининг судьяси М.Омонов раислигида бўлиб ўтган навбатдаги суд мажлисида Улуғбек айбига тўлиқ иқрор бўлди.
Лекин аввалги пушаймонлари эсидан чиққани йигитга панд берди. Суд Улуғбекка янги жиноят содир этишининг олдини олиш учун зарур ҳамда етарли бўладиган озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашни лозим топди. Унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларини қўлланиб, тўрт йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Ш. Суяров,
ЎзА мухбири.