
Хитой халқаро ҳамжамиятни, шунингдек, араб ва ислом давлатларини Исроил – Фаластин низосига чек қўйиш, секторда гуманитар инқирознинг олдини олишга чақирди. Бу ҳақда ташқи ишлар вазири Ван И Пекиндаги Дяоютай давлат қароргоҳида бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Aраб давлатлари лигаси ташқи ишлар бўлинмалари раҳбарлари билан учрашувда айтиб ўтди.
“Халқаро ҳамжамият зудлик билан ҳаракатга тушиб, Ғазода гуманитар фалокат давом этмаслиги учун самарали ва ишончли чоралар кўриши керак”, деди мулозим.
Ван И таъкидлашича, Ғазода бир ойдан бери давом этаётган можаро ўн минглаб инсонлар ҳаётига зомин бўлди, уйларнинг 60 фоизи вайрон, аҳолининг 70 фоизи уйини тарк этган.
“Ғазодаги вазият бутун дунё бўйлаб одамларнинг қалбини оғритиб, виждонини безовта қилмоқда”, - деди у.
Ташқи ишлар вазири Хитой Фаластин масаласида “адолат тарафида” эканини ва зиддият бошлангандан бери кескинликни камайтириш, бегуноҳ аҳолини ҳимоя қилиш ва инсонпарварлик ёрдамини оширишга ҳаракат қилаётганини таъкидлади.
Хитой раислигида БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонларни халқаро ҳуқуқ ва гуманитар ҳуқуқни ҳурмат қилишга чақирувчи муҳим резолюция қабул қилди, гуманитар пауза қилиш ва ёрдам йўлаклари яратишни талаб қилди.
“Хитой араб ва ислом дунёсидаги биродарлари билан можарога барҳам бериш ва Фаластин масаласига кенг қамровли, адолатли ва якуний ечим топиш учун ишлашга тайёр”, - деди у.
Йиғилишда сўзга чиққан Фаластин ташқи ишлар вазири Риёд Ал-Маликий Исроил Ғазо секторида фаластинликларга қарши “ваҳшиёна жиноятлар” қилаётганини айтди.
У Исроилнинг ҳатти-ҳаракати икки давлат қарори ва фаластинликларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаши ва мустақил давлат ҳуқуқи тамойилини бузишини таъкидлади.
Г.Сатторова, ЎзА