
Ҳаётий тажриба шуни кўрсатмоқдаки, йиллар ўтар, лекин пахта етиштириш Ўзбекистон учун муҳим зарурат ва даромад манбаи бўлиб қолаверади.
Бугун пахтани тозалаш заводлари туну-кун ишламоқда. Териб олинган ҳосил пешма-пеш хирмонларда бўй чўзяпти. Ҳеч қаерда 6-7 йил аввалгидек штаб, оммавий сафарбарлик, мажбурий меҳнат деган гаплар йўқ. Ҳамма ўзининг иши билан банд. Бунинг биринчи сабаби – мамлакат пахтачилигида бозор муносабати қатъий қарор топганида. Унинг самарасини биргина Ёзёвон туманидаги “Мезон” фермер хўжалиги мисолида ҳам кўриш мумкин.

Бундан бир неча йиллар илгари Исроилда пахта томчилатиб суғорилар экан, бир гектар майдондан 45-50 центнер пахта ҳосили олинар экан, деган гапларни эшитиб ҳайратга тушганимиз ҳам рост. Ўшанда Ўзбекистон шароитида, қолаверса Ёзёвон чўлларида 1 гектардан 60 центнердан пахта олиш афсона эди. Бугун у ҳаёт ҳақиқатига айланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан пахтачиликка илм кириб келиши ҳосилдорлик ошишига олиб келди.

“Мезон” фермер хўжалиги далаларида очилган пахталар денгиз мисол чайқалиб турибди. Бу ерда биринчи теримнинг ўзидаёқ 55 центнердан ортиқ хосил йиғиб териб олинмоқда.
Фермер Воҳиджон Обидов мутахассислар билан маслаҳатлашиб кўчатлар сонини кескин кўпайтирди.
–Бир гектар майдонда 250 мингта кўчат ҳосил қилдик. Илгари бунча кўчат 2-2,5 гектар ерда бўлар эди, – дейди “Мезон” фермер хўжалиги раҳбари Воҳиджон Обидов. – Ҳозир эса биз ўша 2 гектар пахтазор ҳаражатини 1 гектар ҳаражати билан қоплаяпмиз. Бундан ташқари ягана, чиканка ҳам қилинмайди. Қолаверса ҳосил икки теримда эмас, бир теримдаёқ йиғиб олинади.

Воҳиджоннинг яна бир ютуғи шундаки, у бир неча навларни синаб кўриб ерига мосини топиб экди.
Бу йилги уруғлик чигит С8290 ва С6775 навлари бўлиб, тўртинчи типга таалуқли эди. Биринчи теримдаёқ 55 центнердан ҳосил беряпти. Ўтган йили айнан шу нав ўртача 50-55 центнердан ҳосил берганди. Бу йил унга нисбатан кўчат сони кўпайди. Табиийки, кўсаклари сони ҳам ошди. Бир чаноқ пахта 5-6 грамм, айримлари 8-9 граммгача чиқмоқда. Ҳар бир чаноқдаги чигитлар сони эса 10 тагача етган.
Сир эмас, Ўзбекистонда майдонга кетма-кет экиладиган пахта ва ғалла ернинг кучини “сўриб” олади. Тупроқнинг қуввати шу пайтгача асосан минерал ўғит билан тўлатиляпти. Ёзёвонлик фермер бошқача йўл тутди, яъни даланинг ўзида табиий ўғит яратди.

–Авваллари ернинг ҳосилдорлигини ошириш учун ўғит кўп солиш зарур эди. Ҳозир эса пахтаси териб олинган майдонлардаги ғўза пояларини майдалаб қирқиб ерга сочиб юборяпмиз, – дейди Воҳиджон. – Бу аввало тупроқ таркибини ўзгартирди, унинг унумдорлиги ошди. Масалан, илгари дон экишдан аввал ҳар бир гектар ерга 1 тоннадан фосфор солиш талаб этилган. Ҳозир биз 500 килограммга келтирдик. Сабаби унинг ўрнини майдалаб сочилган ғўза пояси қоплади.
Аслида фермердан даромади ҳақида сўрамоқчи эмасдик. Аммо унинг ўзи бу ҳақида сўз очди.

–Ўтган йили пахтанинг ўзидан 1,5 миллиард сўм соф даромад кўрдик. Бу йил 2 миллиард сўмдан ортиши кутилмоқда. Ғўза поясини майдалаб ерга сочганимиз туфайли пахта ўрнига экилган дондан ўтган йили ўртача 70-80 центнердан, бу йил эса 92-95 центнердан ҳосил олдик. Ғалланинг ўзидан фермер хўжалигимиз 1,5 миллард сўм соф даромад кўрди. Йиллик даромадимиз эса 3 миллиарддан ошади, – дейди фермер.
Техника – деҳқоннинг қаноти, деган гаплар бежиз айтилмаган. 140 гектар майдонда деҳқончилик қилиш, пахта ва ғалладан рекорд хосил олиш учун соз ва зарур техник воситалар бўлиши лозим. Фермер аввалги йиллар даромадини асосан шунга йўналтирди.
Юқори унумли техникалар олди. “Puma”, “Nyu holding” сотиб олди. Макка ўрадиган ва силос қиладиган комбайни бор. Яқинда кўрак сидирадиган механизм ҳам олиб келишди. Чопиқ ва транспорт тракторлари, ОВХ бор. Техника масаласида кластердан ёрдам олмай қўйдилар. Чунки техникага эҳтиёж қаноатлантирилган.
Фермер хўжалигидаги экин майдонлари асосан 10 гектардан катта, қолаверса чорбурчак. Воҳиджоннинг айтишича, келаси йил бу пахта майдонларига терим машиналари тушади.
– Ҳозир шу маслани муҳокама қиляпмиз, – дейди у. –Муҳтарам Президентимиз Ўзбекистон шароитида пахтадан 50-60 центнер, ғалладан эса 100-120 центнер ҳосил олиш мумкин деганлар. Биз бу гаплар ҳақиқат эканини исботладик, – дейди Воҳиджон Обидов фахр билан. – Учинчи йилдирки 50-60 центнердан пахта оляпмиз. Ғаллада эса 95 центенрлик маррани эгалладик. Худо ҳоҳласа уни ҳам 100-120 центнерга чиқарамиз.
Сиз, азиз деҳқонларимизга эса айтар сўзимиз шу: Фарғонанинг Ёзёвонига келинг, “Мезон” фермер хўжалиги тажрибасини ўрганинг!
<iframe width="1271" height="715" src="https://www.youtube.com/embed/jgGBxeiVwag" title="ГЕКТАРИДАН 60 ЦЕНТНЕР ПАХТА – БУ ҲАҚИҚАТ!" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Муҳаммаджон Обидов,
Элёр Олимов (видео), ЎзА