
ФОТОРЕПОРТАЖ
Мамлакатимизда барча соҳалар қатори газ таъминоти тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар соҳадаги муаммоларнинг олдини олиш, сифат самарадорлигини оширишда дастуруламал бўлиб хизмат қилмоқда. Айниқса, тизимга рақамли иқтисодиётнинг кириб келиши инсон омилини қисқартириш орқали шаффофликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этди. “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида журналист ва блогерлар ушбу жараёнлар самараси билан яқиндан танишди.
Таъкидлаш жоиз, тизим вакилларининг асосий мақсади аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларга газни хавфсиз ҳамда ўз вақтида етказиб бериш ва уни иқтисод қилишдан иборатдир. Жараёнда филиалнинг шаҳар ва туман газ таъминоти бўлимлари томонидан вилоятда фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорлик алоқалари янада мустаҳкамланиб, газ истеъмолида энергия тежамкор ускуналардан фойдаланиш босқичма-босқич йўлга қўйилмоқда.
Бугунги кунда “HGT Servise” дастурий таъминот – газ ускуналарининг ҳолати тўғрисида батафсил маълумотларни масофадан йиғиш ҳамда ҳар бир абонент бўйича табиий ва суюлтирилган газдан оқилона фойдаланишни назорат қилиш технологияси ишлаб чиқилган бўлиб, ушбу дастур газ ускуналарини кундалик ҳаётда ишлатишда истеъмолчилар хавфсизлигини таъминлашга, газ таъминоти тизими ходимлари томонидан газ жиҳозларига техник ва профилактик хизмат кўрсатиш бўйича мажбурий хизматлар сифатини баҳолаш ва ўзаро ҳисоб-китобларни нақд пулсиз амалга оширишга қаратилган. ОАВ вакиллари ушбу дастурлар билан яқиндан таништириб ўтилди.
[gallery-12086]
Истеъмолчиларга қулайлик яратиш учун ишга туширилаётган янги дастурий таъминот абонентнинг шахсий маълумотлари, хонадон геолокацияси ва телефон рақами каби маълумотларни ўз ичига олган. Шунингдек, дастурга истеъмолчида маиший газ ускуналарининг мавжудлиги ва уларнинг техник ҳолати тўғрисида маълумотлар киритилган. Дастурнинг яна бир хусусияти шундаки, у хизмат сифатини баҳолаш ёки шахсий кабинет орқали истеъмолчининг шикоятини узатиш имкониятига эга.
“HGT Servise” дастури газ етказиб берувчи ва истеъмолчи ўртасида газ ускуналарига профилактик ва техник хизмат кўрсатиш бўйича ўзаро ҳисоб-китобларни тартибга солиш ва уларни нақд пулсиз амалга оширишга имкон беради. Кўрсатилган сервис хизматлар учун тўлов (инвойс) СМС орқали онлайн режимида тақдим этиш йўли билан амалга оширилади.
– Баъзи истеъмолчилар газ жиҳозларида носозлик кузатилганида, газ таъминоти ходимлари вақтида хизмат кўрсатмаганидан норози бўлиб, мурожаат этади, - дейди “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали сервис хизматини ривожлантириш бўлими масъул ходими Ш. Тоҳиров. – Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг 2-иловасида “Табиий газдан фойдаланиш қоидалари” белгилаб қўйилган. Унда газдан фойдаланиш ускуналарини истеъмолчиларнинг ёзма ёки электрон буюртмалари асосида газ таъминоти ташкилоти томонидан тасдиқланган тарифлар бўйича таъмирлаш муддатлари баён қилинган бўлиб, хизмат кўрсатиш муддати ҳолатнинг хавфлилик даражасига қараб белгиланади.
Матбуот анжуманида соҳа мутахассислари ОАВ вакилларини қизиқтирган барча саволларига батафсил жавоб қайтарди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА