
Мамлакатимиз иқтисодини оширишда тадбиркорлик субъектлари фаолияти муҳим ўрин тутади. Шу боисдан юртимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, тадбиркорликни ривожлантиришни комплекс қўллаб-қувватлашнинг узлуксиз занжирини яратиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Президентимизнинг жорий йилнинг 10 ноябрдаги “Кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони иқтисодиётнинг янги технология ва инновацияларга асосланган сифатли ҳамда рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқарувчи бўғини бўлган ўрта бизнесни қўллаб – қувватлаш учун яна бир муҳим ва манзилли қадам бўлди.
– Фармонга мувофиқ тадбиркорларга қандай имтиёз ва қулайликлар яратилади?
– Эндиликда 5 миллиардгача бўлган кафилликни Тадбиркорлик жамғармаси тақдим этиши биз тадбиркорлар учун жуда катта имконият яратди, — дейди тадбиркор Зайниддин Рўзиматов. — Эндиликда фаолиятимизни янада кенгайтириш учун Тадбиркорлик жамғармасидан бемалол 5 миллиардгача кафилликни олишим мумкин. Илгари банкларга 100 фоизлик гаров тақдим этиб, кейин 85 фоизгача молиялаштирилар эдик. Келажакда яратилган имкониятдан фойдаланиб, тикув корхонамизга хориждан янги замонавий тикув дастгоҳлари олиб келиб, иш фаолиятимни янада кенгайтиришни режалаштиряпман.
Фармоннинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги таъсисчилигида хусусий сектор вакиллари янада қўллаб-қувватланади. Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси асциядорлик жамияти шаклида ташкил қилинади.
Мазкур компания тадбиркорларга кенг имконият эшигини очади. Компанияга ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш лойиҳаларига лойиҳа қийматининг 15 фоизидан ёки устав фондининг 20 фоизидан ёки 3 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда улуш киритиш яъни улуш киритилганида, асбоб-ускуна ёки кўчмас мулк шаклидаги улуш киритиш ваколати бериляпти.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги мазкур компанияга белгиланган вазифаларни бажариш учун 10 йил муддатга 5 йиллик имтиёзли давр билан жами 1,2 триллион сўм шу жумладан 2024 йил 1 июлга қадар 600 миллиард сўм миқдорида фоизсиз бюджет ссудаси ажратилиши кўзда тутилган. Шунингдек, 2023 йил 2024 йилларда компания устав капиталининг 300 миллиард сўм миқдорига етказиш, хизмат кўрсатиш, яшил ва энергия самарадор лойиҳаларни молиялаштириш учун тижорат банклари, микромолия ва лизинг ташкилотларига молиявий ресурсларни ажратиш мақсадида компанияга халқаро молия институтларидан 100 миллион АҚШдоллари миқдорида маблағ жалб этиш белгиланмоқда. Бундан ташқари, мазкур ҳужжатда 2024-2026 йилларда кичик тадбиркорлик субъектларига Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ва асосий ставканинг 1,75 баробар оширилмаган ставкада, миллий валютада 5 миллиард сўмгача ажратиладиган кредитлар бўйича асосий ставканинг 40 фоизигача миқдорида, 3 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга компенсация ҳам тақдим этиш ўрин олган.
Бизнес вакилларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида Давлатимиз раҳбарининг жорий йилнинг 10 ноябрь куни микроқарзларнинг энг юқори миқдорини 100 миллион сўмгача оширишни назарда тутувчи “Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришда микромолия хизматларининг ўрни ва улушини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори имзоланди. Мазкур ҳуқуқий ҳужжатга кўра, 2024-2026 йилларда микромолиялаш бозори ҳажмини 5 баробарга ошириш ва микромолиявий хизматлар билан 1 миллиондан ортиқ тадбиркорларни қамраб олиш режа қилинмоқда.
— Мамлакатимизда кредит муносабатлари нафақат банклар, балки микромолия ташкилотлари ва ломбардлар томонидан ҳам амалга оширилади, — дейди Марказий банк бошқарма бошлиғи Умида Улуғходжаева, — юқорида номи келтирилган қарорда айнан аҳолининг тадбиркорлик ташаббускорлигини қўллаб-қувватлаш, микромолиявий хизматларнинг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришдаги иштирокини кенгайтириш, микромолия ташкилотлари ва банклар ўртасидаги занжирни, микромолия банклари билан тўлдириш асосий мақсад қилиб белгиланган. Ушбу қарор билан жисмоний шахсларга ажратилган микроқарз миқдори 50 миллион сўмдан 100 миллион сўмга оширилди. Натижада аҳолининг фаол қисми микромолиявий хизматлардан фойдаланган ҳолда, ўзини ўзи банд қилиши ёки тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши орқали тадбиркорлик субъектига айланиши мумкин. Эндиликда тадбиркорлик субъектлари хорижий валютада кредит олиш учун нафақат банкларга балки микромолия ташкилотларига ҳам мурожаат этишлари мумкин. Энг асосий ўзгаришлардан бири эса бу микромолия ташкилоти лицензия асосида тўлов ташкилоти, Payme, Click каби фаолиятини ҳам амалга ошириши мумкин. Бугунги кунга қадар эса фақатгина тўлов ташкилоти микромолия ташкилоти сифатида рўйхатдан ўтиб, микромоливий хизматларини амалга оширар эди. Бу янгилик натижасида шу соҳада рақобат муҳитини ва тенг кучли рақобатни кучайтириб, аҳолига танлаш имкониятини беради. Қарордаги яна бир янгиликлардан бири бу микромолия ташкилотлари ривожланиши натижасида микромолия банкларига, микромолия банклари эса тижорат банкларига трансформатция қилинишидир. Ёки аксинча, жараёнларнинг яратилишидир. Яъни микромолия ташкилотлари билан банклар ўртасидаги бўшлиқ базавий банк хизматларини кўрсатувчи микромолия банклари билан тўлдирилади. Натижада 2024-2026 йилларда микромолиялаш бозори ҳажмини 5 баробарга оширишга эришилади. Шунингдек, микромолиявий хизматлар билан 1 миллиондан ортиқ тадбиркорни қамраб олишга эришилади. Бу эса микромолиялаш ҳажмининг янада ошишига, микромолиявий хизматлар билан тадбиркорни кўпроқ қамраб олишга, қўшимча имкониятлар яратиш, бизнесни ривожлантириш, қўшимча иш ўринлари яратиш орқали аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга олиб келади.
–Ушбу қарор билан тадбиркорлик субъектларига жуда катта имконият яратилади, микромолия ташкилотларини, микромолия банкларини яратиш имкониятини яратади, — дейди тадбиркор Муҳаммад Асқаров. – Яна бир муҳим жиҳати шундаки, хорижий валютада чет эл ташкилотларидан ёки хорижий норезидентларидан хорижий валютада қарз маблағларини жалб қилиш ва юридик шахсларга хорижий валютада микромолия хизматларини кўрсатиш имкониятини яратмоқда. Бу қайсидир маънода валюта курси билан бўладиган хатарларни мувофиқлаштириш имконини беради. Яна бир янгилик. Энди депозитларни жалб қилиш имконияти яратиляпти. Бу микромолия ташкилотларига жуда катта молия ресурс бўлиб хизмат қилади.
Шунингдек, 2024 йил 1 апрелгача микромолия хизматлари соҳасига ихтисослаштирилган янги микромолия ташкилоти ташкил этилади. Қарорга мувофиқ, 2024 йил 1 январдан микроқарзнинг энг юқори миқдори 50 миллион сўмдан 100 миллион сўмгача оширилади. Нобанк кредит ташкилотлари акциядорлик жамияти ёки масъулияти чекланган жамият шаклида ташкил этилади.
Микромолия ташкилотларига норезидентлардан хорижий валютада қарз маблағларини жалб қилиш ҳамда юридик шахсларга хорижий валютада молиявий хизматлар кўрсатишга рухсат берилади. Тижорат банклари томонидан Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида олдин ажратилган кредитларнинг қайтарилган қисмидан тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш учун 1 триллион сўм маблағлар микромолия ташкилотларига жойлаштирилади. Бундан ташқари ваколатли банклар томонидан микромолия хизматлари кўрсатишга 2 триллион сўм маблағлар йўналтирилиши кўзда тутилган.
Тадбиркорлик субъектлари ўз бизнесларини ривожлантириш мақсадида микромолия ташкилотларига мурожаат қилади. Бунда Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси томонидан кредит олмоқчи бўлган тадбиркорлик субъектларига гаров таъминоти сифатида ўз кафиллик хизматини кўрсатади. Яъни тадбиркорлик субъектларининг олаётган кредитларнинг 50 фоизигача тақдим этилади. Қабул қилинган қарордан сўнг, нафақат жойлардаги тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, балки жойлардаги микромолия ташкилотларини ҳам қўллаб-қувватлаш йўлга қўйилди. Яъни тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватловчи бўлган микромолия ташкилотлари ўзининг ресурс базасига эга бўлиши керак. Шунингдек, микромолия ташкилотлари тижорат банкларидан ресурс маблағларни жалб қилади. Ресурс маблағларини жалб қилганда Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси томонидан микромолия ташкилотларига ҳам кафиллик ёрдамини тақдим этади. Бу ўз навбатида микромолия ташкилотлари ҳамда жойлардаги тадбиркорлик субъектларини қўллаб қувватлашга имкон яратади.
Шунингдек, қарорда микромолия ташкилотлари ресурс базасидаги жисмоний шахслардан жалб қилинадиган маблағлар миқдори икки баробарга ошади. Шу билан бирга, микромолия хизмат кўрсатиш орқали расмий даромадга эга бўлмаган 500 мингта яқин юртдошларимизни ўзини ўзи банд қилиш ва бизнесни ривожлантиришга кўмаклашиш сингари қатор имтиёз ва енгилликлар белгилаб қўйилган.
Бир сўз билан айтганда, юртимиз иқтисодиётини изчил ва барқарор ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини юксалтиришда тадбиркорликнинг ўрни муҳим аҳамият касб этади. Шу боис ҳам тадбиркорликни тубдан ривожлантириш, соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш масалалари доим давлатимиз эътиборидадир.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА