
Бугун дунё бўйлаб Бутунжаҳон болалар куни кенг нишонланмоқда.
Айтиб ўтиш керакки, 1989 йил 20 ноябрда болаларнинг ҳуқуқлари ҳимоясига қаратилган энг катта халқаро ҳужжат – Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қабул қилинган.
– Конвенциянинг номидан ҳам англашиладики, болалар халқаро даражадаги қонуний ҳужжат билан ҳимоя қилинади, – деди Ўзбекистон Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова. – Ўзбекистон конвенцияни ратификация қилган ва мазкур халқаро ҳужжатга мувофиқ миллий қонунчилик асослари яратилган. Бироқ... Аслида халқимиз қанчалик болажон бўлмасин, унга мулкдек қараш, уни истаганча тасарруф қилишга интилиш ҳолатлари йўқ эмас. Болаларни уриб ёки бошқа усулда азоб бераётганлар учраётгани фикримиз исботидир.
Ижтимоий тармоқларда бир аёлнинг уч нафар кичик ёшдаги болаларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлиб, уларни ёқиб юбориш билан бевосита таҳдид қилиши акс этган видео тарқалди.
Дастлабки маълумотларга кўра, мазкур ҳолат Хоразм вилояти Урганч туманида бўлган. Ҳозирда бу ҳолатни тўла аниқлаш бўйича ички ишлар органлари томонидан зудлик билан суриштирув ишлари олиб боришга киришилди.

Мазкур ҳодиса Болалар омбудсманининг алоҳида назоратига олинди.
– Болаларга нисбатан содир этилаётган бундай жиноий ҳаракатларга нисбатан қонунда кўзда тутилган жавобгарликка тортиш чоралари кўрилиши таъминланади. Боланинг ҳаёти ва соғлиғи давлат ҳимоясидадир. Болалар омбудсмани болаларни таҳқирлашга ҳеч кимнинг, ҳатто ота-онанинг ҳам ҳаққи йўқлигини яна бир эслатиб ўтади – деди С.Раҳмонова.
Хоразмда юз берган ҳолат бўйича қўшимча маълумот берилади.
Н.Абдураимова, ЎзА