
Бугун 25 май куни юртимиздаги умумтаълим мактабларида “Сўнгги қўнғироқ” садолари жаранглади. Қалбларда ҳаяжон билан бир умр эсда қоладиган бу тадбирни тартибли ва мазмунли ўтказиш борасида Тошкент вилоятида ҳам алоҳида тайёргарлик кўрилди.
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Нурафшон шаҳридаги 13-умумтаълим мактабидаги "Сўнгги қўнғироқ" тадбирида қатнашиб, Президентимизнинг битирувчиларга йўллаган табригини ўқиб эшиттирди. Тадбирда сўзга чиққанлар ўқитувчи ва ўқувчиларни байрам билан табриклади, уларнинг келгусидаги иш ва ўқишларига омад тилади.
[gallery-12037]
Тошкент вилоятида 911 та таълим муассасаси, жумладан, 887 та (шундан 14 таси махсус) мактаб, 22 та “Баркамол авлод” болалар мактаб фаолият юритади. Жорий ўқув йилида ҳудуддаги 887 та умумтаълим мактабининг 28 минг 581 нафар 11-синф, 47 минг 377 нафар 9-синф ўқувчилари битирди. Ҳозиргача 471 нафар ўқувчи муддатидан олдин талаба бўлди. Шундан 462 нафари хориждаги олийгоҳларга қабул қилинган.
Жойларда ташкил этилган байрам тадбирларида ҳам хавфсизлик ва осойишталикни таъминлаш мақсадида вилоят Ички ишлар бош бошқармаси билан ҳамкорликда зарурий чоралар кўрилди.
"Сўнгги қўнғироқ" тадбирларида давлатимиз раҳбарининг битирувчиларга йўллаган табригини етказиш ва битирувчиларни қутлаш учун барча масъуллар жалб этилди.
Абдулазиз Мусаев,
ЎзА