O‘zA O`zbek

15.02.2018 14:59 Chop etish versiyasi

Барҳаёт сиймолар

Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзбек мумтоз адабиётининг йирик намояндаларидан бўлиб, улар қолдирган улкан адабий мерос миллий адабиётимиз, санъатимиз ва тарихимизни ўрганишда муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейида ғазал мулкининг султони Алишер Навоий таваллудининг 577 йиллиги ҳамда шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 535 йиллигига бағишланган “Барҳаёт сиймолар” деб номланган маънавий-маърифий тадбирда шу ҳақда сўз борди.

Неча асрларки, Алишер Навоий назм ва навода юлдуздек порлаб турган бўлса, Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи шоир, шоҳ ва саркарда сифатида жаҳонга довруғ таратмоқда. Бу улуғ аждодларимиз Ватанга муҳаббат, инсонпарварлик, маърифатпарварлик, меҳр-оқибат, яхшилик ва эзгуликни тараннум этиб, гўзал ва беназир асарлар қолдиргани халқимизнинг катта бахтидир.

Алишер Навоий туркий тилда «Хамса» яратган биринчи шоирдир. У беш йирик достондан иборат ушбу асарини икки йилда ёзиб тугатган. Мазкур асарни ижод аҳли зўр қувонч билан қабул қилгани эса тарихдан маълум. Масалан, Абдураҳмон Жомий Алишер Навоийнинг «Хамса»сига юксак баҳо берган бўлса, Султон Ҳусайн Бойқаро буюк шоирни ўзининг оқ отига миндириб, унга жиловдорлик қилган. Маънан юксак, маърифатли ва ҳақиқатпеша ҳукмдор дўстини Навоий «Ҳайрат ул-аброр» достонида Шоҳ Ғозий, дея улуғлагани бежиз эмас.

Бобур ҳам Навоий каби адабиёт, санъат, тарих ва илм-фаннинг турли соҳаларида қимматли асарлар яратди. Унинг лирик девонлари, «Бобурнома», «Мубаййин», «Хатти Бобурий» каби асарлари ўзбек адабий тили, адабиёти ва илм-фани равнақи йўлидаги бебаҳо бойликдир. Бугунги кунда «Бобурнома» жаҳон маданиятининг нодир ёдгорлиги сифатида эъзозланади. Ушбу асарнинг XVII-XVIII асрларда кўчирилган нусхалари Санкт-Петербург, Калькутта, Агра, Ҳайдаробод, Манчестр, Лондон, Эдинбург каби шаҳарларда сақланмоқда.

– Навоий ва Бобур ижодини қанчалик кўп ўргансак, шунчалик маънавий қувват ва мадад оламиз, – дейди адабиётшунос Меҳринисо Холмуродова. – Уларнинг адабий мероси бугун ҳам адабиёт оламини ҳайратга солиб келмоқда. Бобур кенг дунёқараши ва юксак ақл-заковати билан Ҳиндистонда Бобурийлар сулоласининг асосчиси сифатида ном қозонган бўлса, “Бобурнома” асари билан жаҳоннинг машҳур тарихнавис олимлари қаторидан жой олди. Мазкур тадбирнинг айнан Бобур таваллуди кунида ўтказилаётгани барчамизни қувонтиради. Демак, ёшларимиз азиз боболаримиз ижодига бефарқ эмас.

Тадбирда Навоий ва Бобур ғазалларидан намуналар ўқилди. Ижро этилган куй-қўшиқлар, рақслар ва саҳна кўринишлари барчага манзур бўлди.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
6 102