Тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя: янги электрон тизим ишга тушди
Маълумки, 25 ноябрь — Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш халқаро куни. Бу сана 1999 йилда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан аёлларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш, жамоатчилик эътиборини кучайтириш ва профилактик чораларни самарали ташкил этиш мақсадида таъсис этилган.
Зўравонлик тушунчаси фақат жисмоний тазйиқ қилиш билан чекланмайди. У ҳақорат ва таҳдид қилиш, руҳий босим ўтказиш, инсон орзу ва мақсадларини поймол этиш каби турли кўринишларга эга. Шу боис, бу масалага жамиятнинг ёндашуви ҳамиша масъулиятли бўлиши зарур.
Мазкур кун муносабати билан мамлакатда “Зўравонликка қарши 16 кун” ижтимоий-маърифий тадбирлари бошланди. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Республика маркази журналист ва блогерлар учун пресс-тур ташкил қилди.
Ҳозирги кунда мамлакатда аёлларга ижтимоий ҳимоя кўрсатиш, маиший зўравонликдан ҳимоя ва ижтимоий реабилитация қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, рақамли хизматлар йўлга қўйилиб, ижтимоий ҳимоя марказлари тизими ташкил этилган.
[gallery-26446]
Маиший зўравонликдан жабрланган шахсларга шошилинч тиббий, психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш мақсадида бирламчи кўмак хоналари ташкил қилинган. Бу хонада аёллар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари қабул қилинади. Бирламчи кўмак хонасида, тез тиббий ёрдам, 3 кун давомида психолог, ҳуқуқшунос ва ижтимоий ходимлар томонидан тегишли хизматлар, агар чуқур реабилитация зарур бўлса, Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказига йўналтириш кўзда тутилган.
Шунингдек, жабрланувчилар мурожаат қилишлари мумкин. “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ёки ижтимоий ходимлар орқали, ички ишлар органлари навбатчилик қисми (102), профилактика инспектори, "112" ягона диспетчерлик хизмати ва 1146 “ишонч телефонига мурожаат қилса бўлади.
Мурожаат қилинган ҳолатларда 24 соат ичида қуйидагилар амалга оширилади. Энг аввало, профилактика инспектори тазйиқ ва зўравонлик содир этган шахс билан суҳбат олиб боради. Ижтимоий ходим шахс ва фарзандларнинг ҳолатини баҳолайди. Ҳимоя ордери расмийлаштирилади ва зарурат бўлса бирламчи кўмак хонасига йўналтириш чоралари кўрилади. Шахслар ва фарзандлар ихтиёрий равишда бирламчи кўмак хонасига жойлаштирилади.
Ҳозирги кунда ижтимоий хизматлар тўлиқ рақамлаштирилган. Янги электрон модул орқали ҳимоя ордерлари ва жабрланувчилар ҳақидаги маълумотлар “Инсон” марказларига реал вақт режимида етказиб берилади. Бу тизим жабрланувчиларни тезкор аниқлаш ва хизматларни ўз вақтида ташкил қилиш имконини беради.
—Бирламчи кўмак хонасида аёллар ва уларнинг фарзандлари тез тиббий ёрдам, психологик ёрдам ва ижтимоий хизматлар олади, — дейди Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Республика марказининг Тошкент шаҳар худудий маркази директори Муҳаббат Зоҳидова. — Агар чуқур реабилитация зарур бўлса, улар махсус марказга йўналтирилади. Янги электрон модул орқали маълумотлар реал вақтда етказиб берилади ва бу тизим аёлларнинг жамиятда ижтимоийлашуви ва интеграциясини таъминлайди. Тазйиқ ва зўравонликка қарши комплекс чора-тадбирлар аёллар ва фарзандлар учун хавфсиз муҳит яратади. Шу тариқа, мамлакатда аёллар ва уларнинг фарзандлари учун самарали, тезкор ва рақамлаштирилган ҳимоя тизими яратилди.
Шаҳноза Маматуропова,
Рустам Назарматов (сурат),
ЎзА