Давлатимиз раҳбари Тошкент вилоятида барпо этиладиган янги ва замонавий халқаро аэропорт мажмуасининг тамал тошини қўйиб берди. Чин маънода тарихга муҳрланадиган мазкур воқеа ҳақида Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Одилжон Маматкаримов муносабат билдирди:
– Глобал интеграция жараёнларида замонавий халқаро аэропортлар мамлакатнинг нафақат транспорт объекти, балки ташқи сиёсати, иқтисодий дипломатияси ва халқаро имижининг муҳим элементи саналади.
Аэропортлар давлатларнинг “ҳаво дарвозаси” сифатида мамлакатга ташриф буюрувчи ҳар бир хорижлик меҳмон, сайёҳ ёки инвесторда ушбу давлат ҳақидаги илк таассуротни ҳосил қилади. Шу сабабли, аэропортлар фақатгина транспорт инфратузилмаси вазифасини ўтабгина қолмай, балки ўзига хос дипломатик ва иқтисодий марказ, логистика узели, маданий кўприк ва мамлакат қудратини кўрсатиб берадиган миллий ифтихор тимсоли сифатида намоён бўлади.
Сўнгги йилларда олиб борилган бунёдкорлик ишлари Тошкент шаҳрининг ички инфратузилмаси ҳамда ташқи қиёфасини тубдан ўзгартирди. Олий даражадаги минтақавий ва халқаро саммитлар, конференция ва учрашувлар Тошкент шаҳрининг халқаро муносабатлар майдони сифатидаги ролини тобора оширмоқда.
Шу билан бирга, мамлакатимиздаги сиёсий барқарорлик, иқтисодий имкониятлар, инвестициявий ва туристик жозибадорлик йилдан-йилга Ўзбекистон брендини глобал даражада мустаҳкамланиб боришига шароит яратди. Бу эса, жаҳоннинг турли минтақаларидан сайёҳлару тадбиркорлар, инвестору давлат арбобларининг ташрифлари сони кўлами ортишига хизмат қилмоқда.
Рақамларга эътибор қаратсак, Ўзбекистонда олиб борилган тинчликпарвар ва очиқ сиёсат мамлакатимизга келаётган хорижий сайёҳлар сони 3 миллиондан 10 миллионга ошишига сабаб бўлди. Мамлакат тарихида биринчи марта хорижий сайёҳлар сони рекорд натижа қайд этиб, шу йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида 8,6 миллиондан ортиқ хорижий турист Ўзбекистонга келган. Бу кўрсаткични ўтган йилнинг мос даврига таққосланганда 112,5 фоизга кўп. Туристик хизматлар экспорти эса, 3,6 миллиард АҚШ долларидан ошган.
Бу рақамларни янада ошириш, мамлакатимизнинг туристик соҳа ва инфратузилмаларини ривожлантириш, хизмат кўрсатиш сифати ва кўламини замонавийлаштириш бўйича тизимли ишлар давом эттирилмоқда.
Куни кеча давлатимиз раҳбари Тошкент вилоятида барпо этиладиган янги ва замонавий халқаро аэропорт мажмуасининг тамал тошини қўйиб бергани шу йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаради.
Халқаро консорциум билан ҳамкорликда амалга ошириладиган ушбу мега лойиҳа авиация хизматлари сифатини ошириш, парвозлар хавфсизлигини таъминлаш, техник жиҳатдан тартибга солиш бўйича Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотининг барча талабларига тўлиқ жавоб беради.
Энг илғор аэронавигация ва парвозлар хавфсизлигини таъминлаш тизимлари асосида ҳар қандай об-ҳаво шароитида самолётларни қабул қилиш имконияти яратилади.
Шунингдек, янги аэропорт 20 миллион нафар йўловчи ва 129 минг тонна юк ўтказиш, соатига 30 та учиш-қўниш операцияларини бажариш, 14 та телескопик траплардан фойдаланиш ҳамда бир вақтнинг ўзида 62 ҳаво кемасини сақлаш имкониятига эга бўлади. Қолаверса, бу лойиҳа “яшил” стандарт тамойилларига жавоб берадиган минтақадаги биринчи аэропорт бўлиши айтилмоқда. Терминалларда 46 минг квадрат метрлик “Duty free” зонасини ташкил этиш ҳам бугунги кунда аҳамиятга молик масала.
Мухтасар қилиб айтганда, ушбу мега лойиҳа, аввало, мамлакатимизнинг геостратегик жойлашувидан унумли фойдаланиш имкониятини кенгайтириб, нафақат йўловчи ташиш, балки юк ташишда ҳам Шарқ ва Ғарб, Жануб ва Шимолни боғловчи Марказий Осиёда асосий авиация хабига айланади.
Минтақада юкларни қабул қилиш ва қайта тақсимлашга шароит ортади, бу эса, савдо ва товарлар айланмасини рағбатлантиришга ёрдам беради.
Бу лойиҳа Ўзбекистонга йирик хориж сармоясини жалб этиш билан бирга, иқтисодиётнинг кўплаб тармоқларини ривожлантиради, қурилиш ва эксплуатация жараёнларида минглаб янги иш ўринларини яратади.
“Яшил стандарт” талабларига жавоб берадиган ушбу авиация мажмуаси мамлакатнинг экологик имижини оширади, савдо, инвестиция ва маданий алоқалар кўламини кенгайтиради. Ўзбекистоннинг авиация соҳасидаги халқаро рейтингини оширишга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА