Кўҳна ва навқирон замин саналган Наманганнинг ўзига хос тарихи бор. Бу гўшадаги қадим тупроқ остидаги сиру синоатлар, мўъжизалар бугуннинг бунёдкорликлари билан уйғунлашиб, туризм салоҳиятини яққол юзага чиқармоқда.
Хўш, сўнгги йилларда Наманганда туризм соҳасини жадал ривожлантириш, янги туризм йўналишларини йўлга қўйиш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш борасида қандай натижаларга эришилди. Бу ҳақида батафсил маълумот олиш учун Наманган вилояти ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари – вилоят туризм бошқармаси бошлиғи Ботирхон Нуриддиновга мурожаат этдик.

– Мамлакат иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, аҳоли фаровонлиги ва бандлигини оширишда туризмнинг ўрни беқиёс. Республикамизнинг тарихий шаҳарлари билан бир қаторда ўтмиш ва келажакни боғловчи Наманганда ҳам сўнгги йилларда бу соҳада сезиларли ўзгаришлар кўзга ташланди. Вилоятга 2017 йилда 2,3 минг хорижий ва 22,6 минг маҳаллий сайёҳлар ташрифи кузатилиб, 2,3 миллион доллар миқдоридаги туризм хизматлари кўрсатилган эди. Туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида 2024 йилда вилоятга ташриф буюрган туристлар сони 634,5 мингга, маҳаллий сайёҳлар сони эса 3,9 миллион кишига етди ҳамда уларга 205 миллион долларлик хизматлар экспорти амалга оширилди.

Қайд этиш жоиз, сайёҳлар ташрифи кўламининг ортишида уларга муносиб шарт-шароитларни ҳозирлаб бериш ҳам муҳим ўрин тутади. Бундан саккиз йил аввал вилоятда бор-йўғи 13 меҳмонхона ва икки хостел мавжуд эди. 2024 йилга келиб 19 меҳмонхона, 24 хостел, 614 оилавий меҳмон уйи, 17 тиббий соғломлаштириш воситаси бунёд этилиб, улардаги ўринлар сони 10 минг 798 тага етказилди. Биргина жорий йилнинг ҳозирги даврига қадар 401 ўринга эга 22 жойлаштириш воситаси бунёд этилиб, уларнинг умумий қамрови 11 минг 207 тага, сони эса 715 тага етказилди. Жумладан, 99 ўринга эга иккита меҳмонхона, 140 ўринли 14 оилавий меҳмон уйи, 82 ўринли уч хостел ва 68 ўринли иккита ётоқхона ҳамда 12 ўринли битта кемпинг фаолияти йўлга қўйилди.

Наманган ўзининг муқаддас ва мафтункор қадамжолари билан ҳам машҳур. Вилоят марказидаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи, Давлатобод туманидаги “Афсоналар боғи” тематик парки, Султон Увайс Қараний, Бибиона, Нодим Намонгоний, Мулла Бозор Охунд, Ҳазрати Мавлоно, Ўн бир Аҳмад каби ўндан ортиқ қатор зиёратгоҳлар мавжуд. Охирги йилларда вилоятда бундай диққатга сазовор жойлар сони ошмоқда, моддий мерос объектлари эса замонавий замонавий туризм талаби ва тартибларига мослашмоқда.

Ҳозирга қадар “Наманган I-Халқаро авто фестиваль, 64-Халқаро “Гуллар фестивали”, “II-Халқаро мотокросс турнири”, “VI-халқаро асал фестиваль”, “III-халқаро зотдор чорва ҳайвонлари ва паррандалари кўргазмаси” каби халқаро миқёсдаги йирик оммавий-тадбирлар ўтказилди. Натижада 1256,4 минг хорижий ва 4625,0 минг маҳаллий сайёҳ келиб, уларга кўрсатилган туризм хизматлари экспорт ҳажми 200,8 миллион долларни ташкил этди.
Туризмнинг кириш ва чиқиш турлари салоҳиятини ошириш мақсадида туроператор ва турагентлар фаолиятини кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Ўтган йили 29 та туристик корхона фаолияти йўлга қўйилиб, уларнинг умумий сони 118 тага етказилди. 2025 йил январь-август ойларида вилоятда 13 туристик корхона ишга туширилди. Бугунги кунда туристик корхоналар умумий сони вилоят бўйича 131 тани ташкил этмоқда.

Таъкидлаш жоизки, экотуризм, агротуризм, зиёрат туризми ва кўнгилочар туризм турлари билан бирга туризмнинг шопинг тури ҳам тобора ривожланмоқда. 2024 йилда сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган Чуст ва Давлатобод туманларида иккита туризм кўчаси ташкил этилди. Эътиборга молик, бундай кўчалар сони ҳозирда 24 тага етди.
Чуст туманидаги Ғовасой, Юқори, Камарсада, Бибиона, Янгиқўрғон туманидаги Сойбўйи, Дўстлик, Зарбдор, Намуна, Қайроқи, Қизилёзи каби 10 та маҳаллага махсус солиқ имтиёзлари жорий этилган бўлиб, бу ҳудудларда тўртта соғломлаштириш маркази, битта хостел, иккита дам олиш маскани, битта кемпинг, 30 та овқатланиш шохобчаси, иккита транспорт хизмати, иккита зиёрат туризми (архитектура ёдгорликлари) ва 20 та туризмга ёндош хизмати йўлга қўйилди.
Шунингдек, Чортоқ туманидаги “Chortoq sanatoriyasi” масъулияти чекланган жамият томонидан амалга ошириладиган, қиймати 130 миллиард сўмлик соғломлаштириш ва даволаш масканини кенгайтириш ҳамда Янгиқўрғон туманида “Нанай арчазор” масъулияти чекланган жамият тарафидан қиймати 5 миллиард сўмлик дам олиш ва соғломлаштириш масканини ташкил этиш лойиҳалари устида иш олиб борилмоқда.

Вилоятда туризмни ривожлантириш, хорижий инвестицияларни жалб этиш борасида халқаро ҳамкорлик алоқаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда Поп туманида туризмни комплекс ривожлантириш мақсадида Наманган вилоятининг “Arashan Resort” маҳаллий туризм компанияси ва Япониянинг “NGEA - Nippon Global Education and Assessment” компанияси билан биргаликда “Арашан” кўллари атрофида умумий қиймати 250 миллион долларга тенг замонавий ва инновaцион туризм мажмуасини ташкил этиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилди. Унга асосан туризм мажмуаси таркибида экотуризм, рекреацион, гастрономик ва экстремал туризм объектлари, чанғи комплекси, меҳмонхона, “food city” ва ресторан тармоқлари, тематик парк ва виллалар қуриш режалаштирилган. Лойиҳани амалга ошириш натижасида қарийб 2 минг та янги иш ўрни яратилади.

Чуст туманининг “4Р-112” автомобиль йўл бўйида мавжуд 25 гектар бўш турган ер майдонларининг тоифаси ўзгартирилса, миллий меросни сақлаш, маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва туризмни ошириш мақсадида “Ҳунармандлар маркази”ни ташкил этиш имконияти пайдо бўлади. “Чортоқ” сув омбори атрофида мавжуд бўш турган 60 гектар ер майдонида эса меҳмонхона, ресторан, дам олиш ва кўнгилочар масканларни ўз ичига олган йирик туризм комплексини ташкил этиш бўйича ҳам лойиҳалар тайёрланмоқда.
Наманган туризмининг асосий брендларидан бири, яъни “ташриф қоғози” бу гул ва гуллар байрамидир. 1961 йилдан буён анъанавий равишда ўтказилиб келинаётган гуллар байрамига Президентимиз ташаббуси билан 2018 йилда “Халқаро гуллар фестивали” мақоми берилди. Натижада йилдан-йилга фестивалнинг нуфузи ортиб бормоқда. Жорий йилда олтмиш тўртинчи бор ўтказилган фестиваль муддати 50 кунга чўзилиб, у 25 майдан 13 июлгача давом этди. Фестиваль доирасида тадбирлар ўтказиладиган объектлар ҳамда шаҳар ҳудудлари бўйлаб 120 турдаги 100 миллион туп гул кўчати замонавий ландшафт-дизайн асосида экилди.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли маданият ва истироҳат боғи, “Афсоналар водийси” тематик парки ҳамда “Янги Ўзбекистон” боғи ҳудудларида маданий-маърифий тадбирлар, халқаро илмий-амалий конференциялар, спорт мусобақалари, кўнгилочар шоу тадбирлар, театр ва цирк томошалари, гала концертлар, модалар ҳафталиги, саноат ярмаркаси ва бошқа 150 дан ортиқ халқаро ва республика миқёсидаги тадбирлар юқори савияда ўтказилиб, 5 миллионга яқин маҳаллий ҳамда дунёнинг 62 давлатидан ташриф буюрган 720 мингдан зиёд туристларда унутилмас завқли онларни улашди.
Шу ўринда айтиш даркор, Наманган вилоятида давлат муҳофазасига олинган 280 дан ортиқ моддий-маданий мерос объектлари мавжуд, улар орасида бугунги кунда Тўрақўрғон ва Мингбулоқ туманлари кесишмасида жойлашган, уч минг йиллик мозийдан сўзловчи Ахсикент археологик ёдгорлиги алоҳида ўрин тутади.
Нафақат Ўзбекистон, балки дунё археологиясининг ноёб дурдонаси ҳисобланган “Ахсикент” ёдгорлиги ўрнидаги қадимий шаҳар бир пайтлар Марғилон, Самарқанд ва Ҳирот билан тенг кўринишда бўлгани, Буюк Ипак йўлидаги стратегик аҳамияти, давлатчилик ва илмий марказ сифатида танилгани юзасидан тадқиқотлар олиб борилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва топшириқлари ижроси доирасида археологик ёдгорликни сақлаш ва қайта тиклаш бўйича 50 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилиб, ҳозирда Италия технологияси асосида туркиялик мутахассислар иштирокида барпо этилаётган замонавий музей ва инфратузилмавий иншоотлар қурилиши якунига етмоқда.
Туризм салоҳиятининг ошишида тарғибот ишларининг ўрни алоҳида аҳамият касб этади. Жумладан, Тошкент давлат шарқшунослик университети билан ҳамкорликда туристлар кўп ташриф буюрадиган Янгиқўрғон ва Чуст туманлари тўғрисида янги контент яратилди. Янгиқўрғон ва Чуст туманларининг сўлим табиати, туристик масканлар ва зиёратгоҳлари тўғрисида инглиз, хитой, япон, корейс, араб ва ҳинд тилларида маълумотлар тайёрланди ва вилоят туризм бошқармасининг http//namangan-tourizm.uz ва http://namangan-travel.uz веб-сайтлари ҳамда ижтимоий тармоқларига жойланди.
Шунингдек, Наманган вилояти туризм бошқармаси томонидан мавжуд зиёратгоҳ ва муқаддас қадамжоларга сайёҳларни жалб қилиш мақсадида муқаддас қадамжолар ва зиёратгоҳларнинг рўйхати шакллантирилди ва зиёратгоҳлар номи, объектнинг ташқи томондан кўриниши, манзилли ҳамда объект тўғрисида қисқача маълумотлар, қолаверса, 14 та тиббиёт туризм объекти, 21 та меҳмонхона, 22 та гастрономик туризм объекти ва 23 та зиёратгоҳ бутунжаҳон интернет тармоғида йирик интерфаол хариталар ва иловаларга жойланди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири.