Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.12.2017 10:17 Чоп этиш версияси

ЖССТ: Ер аҳолисининг ярми соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдалана олмайди

Курраи заминимиз аҳолисининг қарийб ярми соғлиқни сақлаш соҳасидаги асосий хизматлардан фойдаланиш имкониятидан маҳрум. Ҳар йили 100 миллион киши шифокорлар хизмат ҳақини ўз чўнтагидан тўлаши оқибатида қашшоқлик тўрига тушиб қолмоқда. Бу ҳақда Жаҳон банки ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг янги ҳисоботида айтилмоқда.

БМТ Янгиликлар марказининг хабарига кўра, ҳозирги вақтда дунё бўйича 800 миллион киши оилавий жамғармасининг камида 10 фоизини ўзи, хаста фарзанди ёки бошқа қондоши соғлиғини тиклашга сарфлайди. 100 миллионга яқин одамлар учун бу харажатлар шу қадар кўпга тушадики, алал-оқибатда қашшоқлик исканжасида қолади.

Жаҳон банки президенти Жим Ён Кимнинг таъкидлашича, соғлиқни сақлаш тизимига сармоя киритиш инсон капиталини ривожлантириш ҳамда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашда ўта муҳим аҳамиятга эга. Лекин тизим ёмон ишламоқда. Шунинг учун соғлиқни сақлаш ва инсон капитали эҳтиёжлари учун ресурсларни йўналтириш, айниқса, мамлакатлар даражасида ушбу маблағларни сарфлаш тизимини буткул қайта кўриб чиқиш зарур.

Ҳисоботда янги мингйилликда соғлиқни сақлаш соҳасида қатор ижобий натижалар қўлга киритилгани ҳам эътироф этилмоқда. Эмлаш ва оилани режалаштириш хизматларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлганлар сони ортмоқда, антиретровирусли муолажага эҳтиёжмандлар тегишли курслардан ўтмоқда. Шунга қарамай бу жараённинг барча минтақаларда ҳам бирдек ривожланмаётгани ташвишланарли. Айниқса, Саҳрои Кабирнинг жанубидаги Африка мамлакатлари ва Жанубий Осиёда соғлиқни сақлаш соҳасидаги жиддий муаммолар ўз ечимини кутмоқда.

ЎзА
7 569