ЎзА Ўзбек

15.07.2018 19:05 Чоп этиш версияси

Японияда тошқинлар сабабли кўрилган зиён миқдори ҳисоблаб чиқилди

Японияда тошқинлар сабабли кўрилган зиён миқдори ҳисоблаб чиқилди
Япониянинг жануби-ғарбий ва марказий қисмида тинимсиз ёмғирлар сабаб юзага келган сув тошқини оқибатида кўрилган зарар 43,69 миллиард иен (тахминан 389 миллион доллар) миқдорида баҳоланмоқда. Бу ҳақида РИА Новости хабар бермоқда.

Зарарни дастлабки баҳолаш натижалари якшанба куни Япония қишлоқ хўжалиги вазирлиги веб-сайтида эълон қилинди. Унда қайд этилишича, қишлоқ хўжалиги, балиқчилик корхоналари ва инфратузилмага жиддий зиён етган.

Ўтган дам олиш кунлари Япониянинг жануби-ғарбий ва марказий қисмларида кучли ёғингарчиликлар кузатилди. Бу эса сел ва тошқинларга сабаб бўлди. Баъзи жойларда дарёлар ўзанидан чиққан ва анчагина ҳудудларни сув босган.

Ҳалок бўлганларнинг сони 216 нафарни ташкил этди, уч киши касалхонада беҳуш ётибди. 27 кишининг тақдири номаълумлигича қолмоқда.

Сув тошқинларидан зарар кўрган ҳудудларда кўчкилар хавфи мавжуд. Вазият иссиқ ҳавода янада мураккаблашмоқда. Ҳаво ҳарорати 35 даражагача иссиқ бўлган шароитда қарийб 200 минг хонадон сувсиз қолмоқда. Ҳозирги кунда зарар кўрган ҳудудларда 5 мингдан ортиқ киши эвакуация марказларида кун кечиришяпти.

Н. Тошпўлатова, ЎзА
5 695