ЎзА Ўзбек

16.05.2019 10:50 Чоп этиш версияси

Япония Эронни ядровий келишувни сақлаб қолишга чақирди

Япония Эронни ядровий келишувни сақлаб қолишга чақирди

РИА Новости Киодо агентлигига асосланиб хабар беришича, Япония ташқи ишлар вазири Таро Коно Эрон ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари Муҳаммад Жавод Зариф билан учрашув чоғида ядровий дастур бўйича Умумий қўшма тадбирлар режаси (УҚТР)ни сақлаб қолишга чақирган.
"Ядровий дастур бўйича УҚТР келишувини сақлаб қолиш атом қуролларининг тарқалмаслиги, шунингдек Яқин Шарқда тинчлик ва барқарорлик кафолатидир”, деган Япония ТИВ раҳбари. Унинг қўшимча қилишича, ушбу минтақада “тарангликни юмшатишга эътибор қаратиш зарур”.
Таро Конога жавобан Муҳаммад Жавод Зариф, Эрон ядровий дастур бўйича УҚТРдан чиқиш ниятида эмаслигини маълум қилган.

AFP агентлиги маълумотларига кўра, учрашувда Эрон ТИВ раҳбари мамлакат юзага келган вазиятда “максимал даражада босиқлик қилаётгани”ни ҳам айтиб ўтган.

Эрон ТИВ раҳбарини Япония Бош вазири Синдзо Абэ қабул қилиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 8 май куни расмий Теҳрон Эрон ядровий дастури бўйича УҚТР (умумий қўшма тадбирлар режаси)нинг бойитилган уран моддаси ва тўйинган сув масалаларига алоқадор пунктларидан чиқишини маълум қилган эди. Мазкур баёнотга кўра, Эрон ушбу пунктлар бўйича чекловларга ўзини алоқадор деб ҳисобламайди.

Теҳрон томонининг иддао қилишича, Эроннинг УҚТРдан чиқишига АҚШ ядровий келишувни бузгани ва Вашингтон томонидан мамлакатга қарши санкциялар киритилгани, шунингдек, УҚТРнинг бошқа аъзолари (Германия, Франция, Буюк Британия, Хитой ва Россия) юзага келган муаммоларни ечишга лаёқатсизлиги сабаб бўлган.

Шу муносабат билан Эрон УҚТР иштирокчиларига юқорида санаб ўтилган муаммоларни бартараф этиш учун 60 кун муҳлат берган. Агар ушбу муддатда мамлакат манфаатлари таъминланмаса, Теҳрон Аракдаги реакторни модернизация қилишни тўхтатади ва бойитилган уран бўйича чекловлардан воз кечади.

ЎзА
1 619