ЎзА Ўзбек

10.10.2019 Чоп этиш версияси

Туркиянинг Сурияда бошлаган ҳарбий амалиётлари қораланмоқда

Туркиянинг Сурияда бошлаган ҳарбий амалиётлари қораланмоқда

Япония ҳукумати Сурияда Туркия томонидан бошланган янги ҳарбий амалиёт минтақадаги зиддиятни кучайтиради, деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда Япония Вазирлар Маҳкамаси бош котиби Ёсихидэ Суга бугун, Токиода бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилган. 

“Ҳарбий зиддиятнинг янги тўлқини Сурия инқирозини ҳал қилишни мураккаблаштиради ва гуманитар вазият янада ёмонлашувига олиб келади. Сурия инқирозини ҳарбий йўл билан ҳал қилиб бўлмайди“, деган у. 

Канада расмийлари ҳам Туркия томонидан Сурияда бошланган ҳарбий амалиётни қоралаган. Бу ҳақда Канада ТИВ раҳбари Христя Фриланд Тwиттерда ёзган. 

“Канада Туркиянинг Сурияга бостириб киришини кескин қоралайди“, деган у. “Aнқаранинг ушбу бир томонлама ҳаракатлари минтақада барқарорлик бузилишига олиб келиб, натижада гуманитар вазият ёмонлашади ва халқаро коалициянинг “Ислом давлати”га қарши эришган натижалари йўққа чиқади” 

Фриланд, шунингдек, Туркияни тинч аҳолини ҳимоя қилишга ва халқаро қонунларни ҳурмат қилишга, жумладан, инсонпарварлик ёрдамига муҳтож бўлганларнинг тўсиқсиз киришини таъминлашга чақирган. 

Эслатиб ўтамиз, 9 октябрь куни Aнқара Суриянинг шимолида “Тинчлик манбаи“ деб номланган янги ҳарбий амалиёт бошланганини эълон қилди. Сурия давлат агентлиги - SANA бу амалиётни тажовуз деб атади. 

2 035
Малоҳат ҲУСАНОВА, ЎзА