ЎзА Ўзбек

07.03.2018 12:33 Чоп этиш версияси

Тожикистонлик ўзбек журналисти тақдирланди

Тожикистонлик ўзбек журналисти тақдирланди Ҳар йили Тожикистонда 11 март – Матбуотчилар касбий байрами сифатида нишонланади.

Байрам арафасида Тожикистон Республикаси Ҳукуматининг расмий нашри – «Халқ овози» газетаси таҳририятига Тожикистон парламенти қуйи палатаси Халқаро алоқалар, жамоатчилик бирлашмалари ва ахборот масалаларига оид қўмитаси раиси Олим Салимзода ташриф буюриб, қаламкашларни матбуотчилар байрами билан самимий табриклади.

У қарийб 90 йилдан буён республика Ҳукуматининг ўзбек тилидаги расмий нашри сифатида чоп этиб келинаётган «Халқ овози» газетаси фаолияти ҳақида сўз юритар экан, унинг бугунги мамлакат олий раҳбарияти сиёсатини тарғиб қилиш ва тожигу ўзбек халқлари ўртасидаги азалий дўстликни тараннум этиш ҳамда янада мустаҳкамлашдаги ролига юксак баҳо берди. Бунда эса, газета таҳрир ҳайъати, хусусан, унинг Бош муҳаррири Ёқубжон Абдуманонзоданинг ҳиссаси катта эканлигини алоҳида таъкидлади.

Қувонарлиси шундаки, ҳар йили бир марта алоҳида соҳа вакилига тақдим этиладиган Тожикистон парламенти қуйи палатаси мажлисининг Ифтихорномаси бу йил «Халқ овози» газетаси раҳбари Ёқубжон Абдуманонзодага насиб этганлигига урғу берди ва расмий нашр ижодий жамоаси ҳузурида татанали равишда Ифтихорнома ўз соҳибига топширилди.

Албатта, бу  Тожикистон парламенти қуйи палатаси раиси Шукуржон Зуҳуровнинг «Халқ овози» газетаси ижодий жамоаси ва республика ўзбек журналистларига бўлган катта эътиборидан дарак беради.

Зуҳриддин Умаров, 
«Халқ овози» мухбири
(Тожикистон).

ЎзА
12 352