ЎзА Ўзбек

05.01.2018 11:16 Чоп этиш версияси

Сеул ва Пхеньян олий даражадаги музокаралар ўтказади. Унда ядро қуролидан воз кечиш масаласи муҳокама қилинадими?

КХДР ва Корея Республикаси ўртасида ўтадиган олий даражадаги музокараларнинг асосий мавзуси икки томонлама муносабатларни яхшилашдан иборат бўлади. 

Бу ҳақда Жанубий Кореянинг миллий бирлашув ишлари вазирлигига таяниб ТАСС хабар бермоқда.

“Музокараларнинг асосий мавзуси – Сеул ва Пхеньян ўртасидаги муносабатларни яхшилаш бўйича амалий қадамлар, жумладан, 2018 йили Пхенчон шаҳрида ўтадиган қишки Олимпия ўйинларида Шимолий кореялик спортчиларнинг иштирок этиши масаласини муҳокама қилишдан иборат бўлади”, дейилади хабарда.

Ядро қуроли: томонлар ўз қарашларини ўзгартирадими?

Шу билан бирга, Жанубий Корея манбасининг қайд этишича, мамлакат ўзининг Корея ярим оролини ядро қуролидан ҳоли ҳудудга айлантириш тамойилидан воз кечмайди ва Шимол билан ушбу мақсадни рўёбга чиқаришга қаратилган муносабатларни давом эттиради.

“Сеул сиёсати ўзгаришсиз қолади: биз Пхеньян билан муносабатларни яхшилаш билан бир вақтда, Шимолнинг ракета ва ядро қуроли дастуридан воз кечиши йўлида халқаро ҳамжамият билан ҳамкорликни давом эттирамиз”, – дейди Жанубий Кореянинг миллий бирлашув ишлари вазирлиги вакили.

Шимол ва Жануб ўртасидаги дастлабки музокаралар 9 январь куни қуролсизлаштирилган ҳудуддаги музокаралар пункти – Пханмунжомда бўлиб ўтиши кутилмоқда. Бу 2015 йилнинг декабридан буён икки томон ўртасидаги илк олий даражадаги музокара бўлиши айтилмоқда.

Жамоатчилик ижобий қадамларни қандай баҳоламоқда?

Пайшанба куни АҚШ Давлат департаменти расмий вакили Хезер Науэрт бўлажак тўғридан-тўғри музокаралар Корея Республикасида бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларида КХДР томонининг иштирок этиши ва бир қатор ички масалалар билангина чекланиши мумкинлигини қайд этди.

“Учрашувлар чоғида Ярим оролни ядро қуролидан ҳоли ҳудудга айлантириш масаласи ҳам кўриладими”, деган саволга “Бизнингча, музокаралар чегараланган характерга эга бўлади. Унда Олимпияда ўйинлар ва баъзи ички масалалар кўтарилиши мумкин”, дея жавоб қайтарди Хезер Науэрт.

“Бу муҳокамалар келгусида ижобий натижаларга эришиш имконини берадиган қадамлардан иборат бўлиши мумкинми, балки лекин мен бу ўринда тахмин қилишга шошилмаган бўлардим”, дея қўшимча қилди департамент вакили.

Воқеалар ривожига назар

КХДР раҳбари Ким Чен Ин ўзининг янги йил байрами нутқида мамлакат ўз спортчиларини Жанубий Кореяда ўтадиган қишки Олимпия ўйинларига юборишга тайёрлигини маълум қилган эди. 

Бунга жавобан Жанубий Корея Президенти Мун Чжэ Ин ҳукумат вакилларига КХДР томонининг мусобақаларда иштирок этишига тайёргарлик кўриш юзасидан музокараларни ўтказишга тайёргарлик кўриш вазифасини топширди. Шундан сўнг Жанубий Кореянинг миллий бирлашув ишлари вазири Чо Мён Гён Пхеньянга 9 январь куни ушбу масалалар юзасидан олий даражадаги музокаралар ўтказишни таклиф қилган эди.

ЎзА
10 621