ЎзА Ўзбек

31.10.2019 Чоп этиш версияси

Россия ва Эрон: дўстликдан рақобатгача...

Россия ва Эрон: дўстликдан рақобатгача...

Яқин Шарқ – “катта ўйинчилар” ўртасидаги муносабатлар ҳар доим мураккаб бўлган минтақадир. Масалан, Сурияда Россия ва Эроннинг кўп манфаатларга эга эканлиги тез-тез такрорланади.

Бу ҳақиқат, лекин икки давлат ўртасидаги тафовутлар кучайиб бораётгани ва ҳамкорлик соҳалари ўз ўрнини рақобат майдонларига бўшатиб бераётгани ҳам ҳақиқатдир.

Сурияда ҳарбий можаро авжига чиққан даврда Россиянинг унга қўшилишидан кейин ўзига хос меҳнат тақсимоти содир бўлди: ҳаво кучлари Москванинг зиммасида бўлса, Эрон маслаҳатчилар, қуролли кучлар ва кўнгилли аскарлар орқали ўз меҳнат қисмини олди. Уларнинг ўртасида зарур симбиоз яратилди.

Дамашқ ҳукумати сезиларли истиснолардан ташқари (Фрот дарёсининг шарқий қирғоқларидаги курд кучлари назорати остидаги ҳудуд, Туркия шимоли-ғарб томонидан эгаллаб олган ҳудудлар ва Идлиб зонаси) Сурия ҳудудининг деярли тўлиқ ҳукмронлиги томон ҳаракатланмоқда.

Идлиб мухолифат гуруҳларининг сўнгги таянчи, ҳарбий операциялар бошланса, бу ерда гуманитар ҳалокат хавфи мавжуд, чунки тинч аҳоли икки олов ўртасида. Маълумки, Эрон тарафдори бўлган жангарилар ушбу анклавдаги уруш ҳаракатларида иштирок этишмайди.

Гарчи етакчилар юқори даражадаги ўзаро тушуниш ҳақида гапиришда давом этсалар ҳам, мунозаранинг иккита муҳим соҳаси пайдо бўлади: Суриянинг келажакдаги сиёсий ташкилий тузилмаси ва мамлакат инфратузилмасини қайта қуриш.

Иккала масала бўйича ҳам эришилган натижа, Москва ва Теҳроннинг келажакда Суриядаги ва шу билан бирга, Яқин Шарқдаги таъсир даражасини аниқлайди.

ИҚТИСОДИЙ РАҚОБАТ

Эрон тўқнашув бошланганидан бери Сурияга 100 миллиардлаб доллар сарфлаган деган, хабарлар мавжуд. Шу сабабли Эроннинг халқаро иқтисодий санкциялар фонида унинг Суриядаги сиёсати ўз аҳолиси орасида танқидларни келтириб чиқараётган бўлса-да, қандайдир фойда олишдан манфаатдорлиги тушунарли.

Украина можаросидан келиб чиқадиган санкцияларга дучор бўлган Россия ҳам худди шундай вазиятда, Суриядаги ҳарбий кампаниясидан иқтисодий фойда олишга ҳаракат қилмоқда.

Президент Башар Асад эса икки ҳарбий иттифоқчиси ўртасида мураккаб вазиятга тушиб қолган. 2011 йилдан бери Сурия президенти фақат иккита йўналишга сафар қилди: Россия (2015 йил октябр, 2018 йил ноябр ва 2018 йил май) ва Эрон (2019 йил феврал).

1563791368_1.jpg

Халқаро майдонда яккаланиб қолган Асадга Москва ва Теҳроннинг ҳарбий ва сиёсий қўллаб-қувватлаши шунчалик муҳим эдики, у кўп жабҳаларда иттифоқчилар фойдасига қарор қилди.

Эндиги вазифа – ҳамма ҳам бир хил фойда кўра олмаслигини билган ҳолда иттифоқдошларнинг талабларига бўлган мувозанатни қандай топишда.

Ўрта ер денгизидаги Латакия портлари стратегик аҳамиятга эга бўлганлиги сабабли, руслар ва эронликлар қизиқишлари нисбатан кўпроқ тўқнашган нуқталардан биридир.

Шу йилнинг февраль ойида Башар Асад Эронга ташриф буюрди ва у ерда Эрон Ислом республикасининг юқори органлари билан учрашди (ўша куни Владимир Путин Москвада Исроил Бош вазирини қабул қилди). Теҳронда Латакия портидан Эрон компаниялари фойдаланиши учун келишув эълон қилинди.

Бу келишув 10 йилдан бери портдан фойдаланиб келаётган бошқа компаниянинг концессион шартномаси тугаши билан келгуси йилнинг октябрь ойидан кучга киради.

Россиянинг жавоби тез бўлди. Апрель ойи охирида Россия Бош вазирининг ўринбосари Юрий Борисов Сурия президенти билан учрашиш учун Дамашққа ташриф буюрди ва Россиянинг “STG Engineering LLC” компанияси Сурия транспорт вазирлиги билан модернизация ва бошқариш бўйича келишувга эришганини маълум қилди.

Сурия парламенти 13 июнь куни Россия ширкати билан АҚШ туфайли янги инқирозга ботган Эронга қарши Россия таъсирининг кучайганидан далолат берувчи шартномани маъқуллади.

230419-oil-iran-us-m.jpg

Ушбу вазиятни контекстида Теҳрон Тартус портида ўз позициясини эгаллашга уринганини, аммо Россия қизиқиш доираси билан тўқнашганлигини эсга олишимиз керак.

Москва учун Ливан чегарасидан атиги 30 километр ва Ливаннинг Триполи (Ливиянинг Триполи шаҳри билан адаштирилмасин) портидан 60 километр узоқликда жойлашган ушбу порт муҳим аҳамиятга эга. Шарқий Ўрта ер денгизидаги газ конларининг аҳамияти ошгани сайин, ушбу минтақа портларининг ҳам аҳамияти ўз-ўзидан ошиб боради.

Шу нуқтаи назардан эронийлар ва руслар қизиқиш билдирган Баниас порти билан нима содир бўлишини кузатиш қизиқарли бўлади. Бу келажакда Теҳрон ва Москва ўртасидаги аниқ қарама-қаршилик майдони бўлиши мумкин. Ушбу порт унда жойлашган нефтни қайта ишлаш заводи туфайли катта аҳамиятга эга.

Сурия уруш натижасида углеводородлар танқислигидан азият чекмоқда. Сурия иқтисодиёти учун зарур бўлган нефтнинг кунига 136 минг баррелидан фақат 24 мингини ишлаб чиқаради, қолган қисмини, яъни ҳар ойда 200 миллион долларлик нефтни импорт қилиш керак.

2011 йилгача мамлакатда кунига 385 минг баррел нефть ишлаб чиқарилган. Ўтган йилнинг октябрь ойига қадар Эрон Сурияга Эрон нефтини сотиб олишга имкон берадиган кредит линиясини тақдим этди. Шундан бери Теҳронга қарши халқаро санкциялар Суриянинг энергия эҳтиёжининг 80 фоизини ташкил этадиган дастурнинг узлуксизлигини мураккаблаштирди.

Март ойида АҚШ Молия вазирлиги Теҳронга нисбатан АҚШ санкцияларининг кучайиши натижасида Эроннинг чекланганлиги ортидан қўшимча равишда Суриянинг нефть ва газ соҳаларига нисбатан санкцияларни жорий қилди. Сурияда энергия инқирози вужудга келди, бу эса Сурия ҳукуматига яна ўша иккита вариантни беради – Россия ва Эрон.

Ушбу секторда портда бўлгани каби Россия Эроннинг заиф ҳолатидан фойдаланиб, ўз компаниялари учун шартномалар, имтиёзлар ва солиқ имтиёзлари бўйича устунликка эга бўлди. Сурия Москва ва Теҳрон ўртасидаги иқтисодий манфаатлар учун кураш саҳнасига айланди.

МУДОФАА ВА ХАВФСИЗЛИК ТИЗИМИДАГИ РАҚОБАТ

Суриянинг сиёсий келажаги нафақат мамлакатнинг конституциявий тузилиши, балки хавфсизлик ва мудофаа аппаратини ташкил қилиш билан ҳам боғлиқ.

Ҳеч кимга сир эмаски, Суриядаги Эрон ҳарбий қўшинлари (тўғридан-тўғри ёки билвосита) Исроил томонидан катта ташвиш билан кўрилмоқда.

Сўнгги йилларда ушбу қўшинларга қарши амалга оширилган ҳаво зарбалари бу масаланинг Тел-Авивнинг хавфсизлик кун тартибида қандай ўрин тутишини ва шу билан бирга, Исроил ва Россия ўртасидаги алоқа нуқтасини кўрсатмоқда. Иккала давлат ҳам, ҳар бири алоҳида сабабларга кўра, Эроннинг Суриядаги ҳарбий кучларининг озроқ бўлишидан манфаатдордирлар.

Марказий мунозара қайси жангарилар қуролсизлантирилишини ва қайси бири Сурия мудофааси ва хавфсизлик тизимига қўшилишини аниқлашдир.

Россия ҳукумати можародан кейинги сценарийни маъқуллайди, бу ерда Суриянинг марказий ҳукумати куч ишлатиш монополиясини амалга оширади ва бунинг учун можарода иштирок этган хорижий кучларнинг чиқиб кетишини маъқуллайдиган устувор вазифаларни бажаради.

adf46985cc6be42ebe8cb7812523dd45.jpg

Шунинг учун Президент Путин Сурияда жойлаштирилган ҳарбий воситаларига, Исроилнинг Суриядаги Эрон позицияларига доимий ҳаво ҳужумларини амалга оширишга тўсқинлик қилмади.

Москва, шунингдек, Дамашқ атрофидаги жойларда тўқнашувларни тўхтатганлиги сабабли, Эрон қўшинлари Сурия пойтахтидан чиқиб кетишган.

Шу муносабат билан Салим Ҳарбанинг апрель ойи бошида Сурия армиясининг янги бош штаб бошлиғи этиб тайинланиши, ушбу нуфузли офицернинг Москвага яқин позицияси туфайли Россия таъсирининг кучайганлигидан далолат беради.

Бу ҳолда Эрон-Россия рақобатининг учта томони бор: масъулиятли лавозимларга ўзларига яқин бўлган мансабдор шахсларни афзал кўриш, Сурия давлати томонидан кучларнинг монополиясини кафолатлаш учун кўнгилли аскарларни бирлаштириш ва уларнинг узоқ муддатли фаолиятини таъминлаш. Бунга Сурияда ҳаво базаси ва ҳарбий-денгиз базасига эга бўлган Россия эришган. Бу борада Москванинг устунлиги аниқ.

ЎЗИ ЙЎҚНИНГ КЎЗИ БОРМИ?

Збигнев Бжезинский айтган: “Агар сиз стол атрофида йўқ бўлсангиз, сиз менюни аниқ биласиз, ибораси ҳозирги пайтда Эрон вазиятини жуда яхши намойиш этади.

Шу йилнинг июнь ойида Исроил (Меир Бен Шаббат), Россия (Николай Патрушев) ва АҚШ (Жон Болтон) миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчилари Қуддусда йиғилишди.

Эрон масаласи кун тартибидан чиқмаган бўлса-да, асосий масала Сурия бўлди. АҚШ ва Исроил Россияга ўз иқтисодий санкцияларни олиб ташлаш, Қримни Россиянинг таркибий қисми сифатида тан олиш ёки Башар Асаднинг ҳокимият тепасида қолишини қабул қилиш ва тан олиш нуқтаи назаридан, Россияни ушбу йўналишда олға силжитиш учун бирон-бир рағбат таклиф қилмаган бўлса-да, турли сабабларга кўра бу уч давлат Эроннинг Суриядаги ҳарбий иштирокини қисқартириш мақсадини келишиб олишди.

Агар келишувга эришилган бўлса ҳам, уни қандай амалга ошириш мумкин? Эрон қўшинлари бир оғиз сўз айтмасдан чиқиб кетишадими? Гап фақат Эрон қўшинлари ёки хорижий қўшинлар ҳақида эмас, балки саккиз йиллик уруш давомида қурилган Сурия қуролли кучлари ва хавфсизлиги ҳақида.

580.jpg

Буларнинг барчаси бизни Россия Эронга қарши тажовузкорона ҳаракат қилмайди, деган фикрга олиб келади. Бу секин тартибга солинадиган тактик юриш бўлади.

Теҳрон ўзининг АҚШ билан зиддиятлари Сурияда таъсир ўтказиш имкониятини пасайтиришини билади. Унинг сиёсий сармояси кам, шунинг учун ундан эҳтиёткорлик билан фойдаланиш керак.

Теҳроннинг вазифаси “Остона жараёни” форматини қўллаб-қувватлаши ва Сурия курдлари билан Дамашқ ҳукумати ўртасида ўзаро тил топишни таъминлайдиган конституциявий қўмита яратилишини маъқуллаш.

Теҳрон учун Сурияга таъсир қилишнинг ягона йўли – курдлар ва марказий ҳукумат ўртасидаги келишувни қўллаб-қувватлаш орқали мамлакатнинг шарқий қисмини Эроннинг манфаати ва иштироки бўлган бошқа давлат, Ироқ билан боғлаш.

ХУЛОСА

Россия Сурияда қабул қилинувчи қарорларга таъсири бўйича Эронга нисбатан аниқ афзалликларга эга. Бир томондан Теҳрон ўз муаммолари туфайли Дамашққа Москва таклиф қилиши мумкин бўлган дипломатик ёрдамни бера олмайди.

Бошқа томондан Дамашқда Россиянинг таъсир доирасига қарши бирон-бир мувозанат керак деб ўйлашади. Келажакда Сурия ҳукуматининг марказий нуқталаридан бири айнан шу бўлади ва сурияликлар бундан хабардор.

Россия учун энди Эрон билан ҳарбий ҳамкорлик тўғрисида эмас, балки иқтисодий ва сиёсий рақобат ҳақида гап кетмоқда, гарчи биз можаролар ҳақида ҳозирча гапира олмасак-да.

Эҳтимол, Россия ҳукумати Суриядаги ўз позицияларини Эроннинг халқаро ҳамжамият билан таранг муносабатларидан фойдаланган ҳолда кучайтириши, Исроил ва АҚШнинг ҳам бу ҳолатдан қандайдир фойда олишига қарши ҳаракат қилиши мумкин.

Нурбек Алимов,
Халқаро муносабатлар эксперти​

9 941
ЎзА