ЎзА Ўзбек

12.06.2019 15:06 Чоп этиш версияси

Россия меҳнат мигрантларига ҳам пенсия тўлайди

Россия меҳнат мигрантларига ҳам пенсия тўлайди

Россия Евроосиё иқтисодий иттифоқига кирувчи Арманистон, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистоннинг меҳнат мигрантларига, улар ҳатто ватанларига қайтган тақдирда ҳам пенсия тўлайди.

Бу каби чоралар иттифоқда пенсия таъминоти тўғрисида тайёрланаётган шартномада кўзда тутилган. Тўловлар 2020 йилда бошланади ва ҳар йили ошириб борилади, дея хабар беради шартномани ўрганган РБК агентлиги.

Амалдаги нормалар давлат томонидан доимий яшаб турган кишиларга пенсия таъминланиши ва тўлашни кўзда тутади. Шу тариқа Россиядан кетган меҳнат мигрантлари мамлакат пенсия жамғармасидан тўловлар ололмас эди. Янги шартнома эса тўловлар схемасини ўзгартиради. Эндиликда Россияда ишлаб топилган пенсиянинг маълум қисми мамлакатдан чиқиб кетганларга ҳам тўланади. Агар Россия фуқароси қариликда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлиб, кейинроқ Евроосиё иқтисодий иттифоқининг бошқа мамлакатига кетиб қолган бўлса, эндиликда унга пенсияни Россия тўлайди, дея таъкидлайди РБК.

Шартнома кейинги сана бўйича ишламайди, шу сабабли пенсия жамғармасининг бошланғич харажатлари катта эмас, дея қайд қилади РБК. Россия Меҳнат вазирлигининг мактубига кўра, 2020 –2021 йилларда пенсия жамғармаси янги шартнома бўйича қўшимча 166 миллион рубль тўлайди. Шундан 91 миллион рубли иттифоқнинг бошқа мамлакатларига кетиб қолган Россия фуқароларига тўланади. Аммо ҳар йили ва мигрантларнинг пенсия стажига қараб тўловлар миқдори оширилади.

Ҳозир Россия қонунларига кўра, иш берувчи хорижий ишчи учун Россия пенсия жамғармасига пул ўтказиб туради, аммо улар пенсия тўловлари учун даъвогарлик қила олмайди. Пуллар нимага сарфланиши борасида пенсия жамғармаси РБКка маълумот бермади.

ЎзА
921