ЎзА Ўзбек

10.06.2019 11:32 Чоп этиш версияси

Қозоғистондаги президентлик сайловида Қосим-Жомарт Тоқаев мутлоқ ғалаба қозонди

Қозоғистондаги президентлик сайловида Қосим-Жомарт Тоқаев мутлоқ ғалаба қозонди

Қозоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясида куни кеча мамлакатда муддатидан олдин бўлиб ўтган Президент сайлови натижаларига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.

Норгул АБДУРАИМОВА,
ЎзА махсус мухбири
Нурсултон шаҳри

Қозоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясида куни кеча мамлакатда муддатидан олдин бўлиб ўтган Президент сайлови натижаларига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.

Қозоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Берик Имашев сайлов жараёни халқаро стандартларга мувофик, эркинлик, очиқлик тамойилларига мувофиқ, демократик тарзда ўтказилганини қайд этди.

Сайловни мингдан зиёд халқаро, 40 мингдан зиёд маҳаллий мутахассис ва экспертлар кузатиб борган.

Сайловда Қозоғистон фуқароларининг 77,4 фоизи иштирок этиб, овоз берган.

Қозоғистон ёшларидан 106 мингдан зиёди сайловда илк бор қаташиб, овоз берди.

Сайлов бюллетенларини санаб чиқишда овоз бериш жараёнида бўлгани каби халқаро ва маҳаллий кузатувчилар, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари барча ҳолатларни бевосита кузатиб борди.

Сайлов натижаларига кўра, президетликка номзодлардан бири – амалдаги президент, “Нур-Отан” партиясидан Қосим-Жомарт Тоқаевга сайловчиларнинг 70 фоиздан ортиғи овоз берган.

“Ұлы дала қырандары” республика жамоат бирлашмасидан Садибек Тугелга 0, 92 фоиз, касаба уюшмалари Федерациясидан Амангелди Таспиховга 2,7 фоиз, “Ақ жол” партиясидан Дания Еспаевага 5,2 фоиз, “Ауил” партиясидан Толеутай Рахимбековга 3,2 фоиз, Қозоғистон Коммунистик халқ партиясидан Жамбил Ахметбековга 1,82 фоиз, “Ұлт тағдыры” бирлашган миллий-ватанпарвар ҳаракатидан Амиржан Косановга 16,2 фоиз сайловчилар овоз берган.

Кўриниб турибдики, Қосим-Жомарт Тоқаев сайловда мутлоқ ғалабага эришиб, Қозоғистоннинг янги президенти бўлди.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон Бош прокуратураси сайловнинг қонуний ўтиши бўйича ўрганиш ўтказганда қўпол қонун бузилиши аниқланмаган. Лекин 19 та ҳолатда қонундан четга чиқиш ҳолати кузатилган ва бартараф этилган.

Сайловда жамоатчилик назорати институтлари сайловнинг адолатли ўтиши учун жонбозлик кўрсатган.

"Аманат" фуқаролик назорати платформаси томонидан турли жузъий камчиликлар аниқланган. Яъни бир киши оила аъзоларининг барчаси учун овоз беришга уринган ҳолатлар кўп учраган. Кузатувчилар бу каби ҳолатларга йўл қўймаган.

Сайлов куни Нурсултон ва Алмата шаҳарларида ҳукуматдан норози кишилар митинглар уюштиргани ҳақида хабар берган эдик.

Бу ҳақда Қозоғистон ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Марат Кожаев муносабат билдирди. Унинг қайд этишича, митинг уюштирган шахслар мамлакатда тақиқланган экстремистик гуруҳларга алоқадор бўлган. Шу билан бирга, митинглар қонунга зид равишда ташкил этилган. Қўпол қонунбузарликка йўл қўйган шахслар қонун олдида жавоб беради.

Брифингда мазкур ҳолатга ҳам тўхталиб ўтилди. Вазиятга ойдинлик киритиш ва қонуний баҳо бериш учун тегишли органлар шуғулланаётгани маълум қилинди.

ЎзА
3 404