ЎзА Ўзбек

09.06.2019 23:30 Чоп этиш версияси

Қозоғистон Президенти сайлови: дастлабки натижалар қандай?

Қозоғистон Президенти сайлови: дастлабки натижалар қандай?

Нурсултон шаҳридан ЎзА махсус мухбири Норгул Абдураимова хабар қилади:

Қозоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясида сайлов жараёни қандай кетаётгани ҳақида кун бўйи брифинглар ташкил этилди.

2019 йил 9 июнь куни бўлиб ўтган якуний брифингда Қозоғистон фуқароларининг 77,4 фоизи сайловда иштирок этиб, овоз бергани маълум қилинди.

Бугун эрта тонгдан бошланган муҳим сиёсий тадбирда овоз бериш ёшидаги, яъни 18 ёш ва ундан катталар фаол иштирок этди. Сайловда овоз бериш пойтахт ва бошқа ҳудудларда, хорижий давлатларда ҳам якунига етди.

Қозоғистон Бош прокуратураси сайловнинг қонуний ўтиши бўйича ўрганиш ўтказганда қўпол қонун бузилиши аниқланмаган. Лекин 19 та вазиятда қонундан четга чиқиш ҳолати кузатилган ва бартараф этилган.

Сайловда жамоатчилик назорати институтлари сайловнинг адолатли ўтиши учун жонбозлик кўрсатган.

“Аманат“ фуқаролик назорати платформаси томонидан турли жузъий камчиликлар аниқланган. Яъни бир киши оила аъзоларининг барчаси учун овоз беришга уринган ҳолатлар кўп учраган. Кузатувчилар бу каби ҳолатларга йўл қўймаган.

Айни пайтда барча сайлов участкаларида сайлов бюллетенларини санаш давом этмоқда.
Дастлабки маълумотларга қараганда, амалдаги Президент Қосим-Жомарт Тоқаев кўп овоз олиб, номзодлар орасида етакчилик қилмокда.

Маълум бўлишича, сайлов куни Нурсултон ва Алмата шаҳарларида ҳукуматдан норози кишилар митинглар уюштирган. Бу ҳақида Қозоғистон ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Марат Кожаев муносабат билдирди. Унинг қайд этишича, митинг уюштирган шахслар мамлакатда тақиқланган экстремистик гуруҳларга алоқадор бўлган. Шу билан бирга, митинглар қонунга зид равишда ташкил этилган. Қўпол конунбузарликка йўл қўйган шахслар қонун олдида жавоб беради.

Сайловда ким ғолиб бўлади? Бу эртага Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси томонидан эрталаб ташкил этиладиган брифингда маълум қилинади.


ЎзА
4 670