ЎзА Ўзбек

15.05.2019 16:34 Чоп этиш версияси

Оятулла Ҳамани: “АҚШ билан уруш бўлмайди”

Оятулла Ҳамани: “АҚШ билан уруш бўлмайди”

“Уруш бўлмайди, Эрон халқи Америкага қаршилик кўрсатиш йўлини танлади ва бу қаршилик уни ён беришга мажбур қилади”, дея баёнот берди Эрон олий раҳбари Оятулла Али Ҳамани миллий телевиденияда қилган чиқишида.

У шунингдек, Теҳрон ядро дастури масаласида АҚШ билан музокаралар олиб бормаслигини таъкидлади.

Оятулла Ҳаманининг қайд қилишича, Эрон халқининг қаршилик ҳаракатлари ҳарбий характерда бўлмайди ва томонлардан ҳеч бири тўқнашувни истамайди. Шу билан бирга, Эрон етакчиси АҚШ билан Эроннинг ядровий ва ракета дастурлари бўйича музокаралар олиб борилмаслигини маълум қилди.

Ҳаманининг сўзларига қараганда, амалдаги Америка маъмурияти билан олиб бориладиган муносабатлар фақат зиён келтирар экан.

8 май куни Эрон 2015 йилда эришилган Қўшма умумий ҳаракатлар режаси шартномасининг аъзолари бўлмиш — Франция, Буюк Британия, Германия, Россия ва Хитойни — ҳужжат бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятларнинг уранни тўйинтириш ва оғир сув қисмини бажаришни тўхтатгани борасида қарор қабул қилганлигидан огоҳлантирди.

Теҳроннинг таъкидлашича, бу чоралар АҚШ томонидан ядровий келишув шартлари бузилаётгани ва санкциялар жорий қилгани, шунингдек, шартноманинг қолган аъзолари юзага келган муаммони бартараф эта олмасликлари билан боғлиқдир.

Эслатиб ўтамиз, май ойи бошларида Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон баёнот бериб, Америка “Авраам Линкольн” авианосци бошчилигида АҚШ Ҳарбий Денгиз кучлари зарбдор гуруҳи ва бомбардимончи тактик гуруҳини юбориш билан “Эрон режимига аниқ ва бир томонлама сигнал берганини” маълум қилган эди. 

Кейинроқ зарбдор авианос гуруҳи Эрон соҳилларига USS “Арлингтон” (Arlington) десант кема -док ва Patriot зенит ракета мажмуалари батареяси ташланиши билан кучайтирилди.

Душанба куни "The New York Times" газетаси Оқ уйдаги манбага таянган ҳолда АҚШ мудофаа вазирлиги агар Эрон ядро қуроли ишлаб чиқаришни тезлаштирадиган тақдирда Яқин Шарққа 120 минг нафар ҳарбий хизматчи юбориш юзасидан таклиф билан чиқди, дея хабар берди. 

Мақолада таъкидланишича, бу борадаги режа Мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Патрик Шэнахэн томонидан тақдим қилинган. Яқин Шарқдаги контингентни ошириш ташаббускорларидан бири президентнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жон Болтондир.

Газетанинг таъкидлашича, Эрон ҳудудларида ерда ўтказиладиган амалиётлар ҳақида гап бормаяпти. Бу каби қарор кўплаб ҳарбий хизматчиларнинг жалб қилинишини тақозо қилади, деди журналистларга Оқ уйдаги манба. Аммо АҚШ президенти Дональд Трамп "New York Times" хабарини “фейк” (“ёлғон”) деди ва бу каби режалар йўқлигини таъкидлади. Бу каби эҳтиёжга ҳожат қолмаслигига ишонч билдирди. 

Шу билан бирга, президентнинг сўзларига қараганда, агар шу каби режалар бўлган тақдирда тилга олинган 1209 мингдан кўра “анча кўп аскарлар юборилади”.

Бундан аввал АҚШ давлат котиби Майк Помпео "CNBC"га берган интервьюсида “Эрон томонидан бўладиган ҳар қандай ҳаракатларга муносиб жавоб бериш мақсадида ва минтақада Америка манфаатларини ҳимоя қилиш учун Трамп маъмурияти минтақада ўзининг ҳарбий иштирокини кучайтираётганини маълум қилган эди. 

Бунга жавобан Эрон президенти Ҳасан Руҳони мамлакатидаги сиёсий кучларни бирлашишга чақирди. Унинг сўзларига қараганда, ҳозирги вазият 1980 йиллардаги Ироқ билан урушга қараганда анча оғир бўлиши мумкин экан.

Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА
1 055