ЎзА Ўзбек

03.09.2018 20:35 Чоп этиш версияси

Осиё тараққиёт банки қуёш энергетикаси лойиҳасига маблағ ажратди

Осиё тараққиёт банки қуёш энергетикаси лойиҳасига маблағ ажратди
Осиё тараққиёт банки Озарбайжон, Қирғизистон ва Афғонистонда қуёш энергетикасини ривожлантиришнинг техник таъминоти лойиҳаси учун 3 миллион доллар маблағ ажратди, деб хабар бермоқда "Trend az" агентлиги.

“Сузувчи қуёш энергиясини ривожлантириш” лойиҳаси шу йил 17 август куни банк раҳбарияти томонидан тасдиқланган. Лойиҳа ижроси 3 давлатда сувда ҳаракатланувчи қуёш электростанцияларини ташкил этиш орқали халқаро миқёсида энергия манбалари танқислигини енгиллаштириш, энергетика хавфсизлигини ошириш ҳамда атроф-муҳитга чиқадиган зарарли чиқиндиларни камайтиришга қаратилган.

Банк расмийлари маълумотига кўра, ушбу минтақадаги мавжуд шароит лойиҳани амалга оширишга замин яратмоқда. Электростанцияларни қуриш учун сув манбалари ва қуёшдан кенг фойдаланишга тўғри келади. Лойиҳанинг амалга оширилиши, ўз навбатида, ҳудудлар инфратузилмасини яхшилашга олиб келади.

Зуҳра Мирзабоева, ЎзА
5 556