ЎзА Ўзбек

02.07.2018 21:54 Чоп этиш версияси

Мексиканинг янги президенти пенсия миқдорини икки баравар оширишга ваъда берди

Мексиканинг янги президенти пенсия миқдорини икки баравар оширишга ваъда берди
Якшанба куни Мексикада бўлиб ўтган сайловлар кўлами билан тарихга кирди. 88 миллион мексикалик мамлакатнинг янги президентини сайлаш билан бир қаторда Конгресс таркибини янгилаб, маҳаллий, ҳудудий ва федерал даражадаги ҳукумат вакилларига овоз берди. 

Лоренсо Кордоба миллий сайлов институтининг тезкор маълумотларига кўра, президентлик сайловида мамлакат сўл кучлари етакчиси, 2000 йиллар бошида Мехико ҳукуматига раҳбарлик қилган Андрес Мануэль Лопес Обрадор 53 фоиздан зиёд овоз тўплаб ўз рақибларини ортда қолдирган. 

РИА Новостининг ёзишича, президентлик сайловида энг кўп овоз тўплаган Лопес Обрадор кечанинг ўзидаёқ ўз ҳаракат дастуринининг асосий йўналишларини эълон қилган. Унга кўра янги ҳукуматнинг асосий вазифаси коррупция ва жиноятчиликга қарши кураш бўлади. Мексикада тадбиркорлик, сўз эркинлиги сақланиб қолади, мамлакат конституциясида белгиланган шахсий, ижтимоий эркинликлар, фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар бундан кейин ҳам кафолатланади. Янги ҳукумат шунингдек, молиявий ва солиқ интизомини қўллаб-қувватлаши лозим. 

Мехико марказида ўз тарафдорлари ўтказган митингда Лопес Обрадор АҚШ билан дўстлик муносабатлари ўрнатиш ниятида эканлигини ҳам маълум қилиб, мамлакатда пенсия миқдорини икки баравар оширишга ваъда берган. 

Эслатиб ўтамиз, Мексиканинг амалдаги президенти Энрике Пеньей Ньето жорий йилнинг 1 декабрига қадар ўз лавозимида қолади. 

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА
7 055