Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.01.2018 15:13 Чоп этиш версияси

Корея яриморолидаги вазият юмшайди...ми?!

Шимолий Корея ва Корея Республикаси ўртасидаги музокараларнинг биринчи раунди бўлиб ўтди

Корея яриморолида вазиятни яхшилашга қаратилган Шимол ва Жануб ўртасидаги музокараларнинг биринчи раунди Пханмунжом чегара пунктида бўлиб ўтди, дейилади Жанубий Кореянинг миллий бирлашув ишлари вазирлиги маълумотида. Бу ҳақда ТАСС хабар бермоқда.

Музокараларда таркибида беш нафардан вакил бўлган ҳар икки давлатнинг делегатлари иштирок этди. Хусусан, Корея Республикаси делегациясига миллий бирлашув ишлари вазирлиги Чо Мён Гён, Корея Халқ Демократик Республикаси томонидан иштирок этаётган вакилларга Кореяни тинч йўл билан бирлаштириш Қўмитаси раиси Ри Сон Гвон раҳбарлик қилди.

Пхеньян музокаралардан нимани кутмоқда?

Шимолий Корея делегацияси етакчиси музокаралар аввалида ушбу учрашувлар муносабатларни яхшилаш имконини беришини қайд этди.

“Музокаралар ўзаро ишонч ва очиқ руҳда давом этишига умид қиламан. Бу корейс халқи учун муҳим бўлган ижобий ўзгаришлар олиб келадиган Янги йил туҳфаси бўлади, дея қайд этган Ри Сон Гвон. Ўз навбатида, Жанубий Корея томони ушбу музокаралар узоқ давом этган муносабатлардаги турғунлик давридан кейин бошланганини таъкидлади.

“Ҳаракатларнинг бошланиши – бу ишнинг ярми бажарилди деганидир”, деди Корея Республикаси делегацияси етакчиси. “Ўйлайманки, томонлар музокараларни қатъийлик ва ишонч билан давом эттиришади.

Сеул ва Пхеньян ўртасида фавқулодда алоқа хизматларини тиклаш масаласининг кўрилгани ҳукуматлараро музокаралар чоғидаги муҳим қадамлардан бўлди. Томонлар бу масалада келишувга эришишган. Жанубий кореялик ҳарбийлар КХДР билан дастлабки алоқаларни ғарбий соҳилларда синовдан ўтказган, дейилади Рёнхап ахборот агентлиги хабарида.

Шунингдек, Жанубий Корея вакиллари ўзаро муносабатлар муҳокамаси чоғида тинчликни сақлашга қаратилган музокараларни, хусусан, яриморолни ядро қуролидан ҳоли ҳудудга айлантириш бўйича ҳаракатларни қайта тиклашни таклиф қилгани айтилади манба хабарида.

Муҳокамалар давомида: мусобақада шимолликлар жўнатмоқчи бўлган махсус вакиллар кимлар? 

Аввал хабар қилинганидек, томонлар Сеул ва Пхеньян ўртасидаги муносабатларни яхшилаш, хусусан, шимолий кореялик спортчиларнинг Пхёнчханда ўтадиган қишки Олимпия ўйинларида иштирок этиши масаласини кенг муҳокама қилишди.

Дастлабки музокаралар якуни бўйича Чо Мён Гённинг журналистларга интервью бераркан, шимолликлар Олимпия ўйинларига ўз артистлари ва таэквондо бўйича махсус жамоасини йўллашини айтди. Шунингдек, КХДР томони Пхёнчхандаги ўйинларга юқори мансабли амалдорлардан иборат делегация юборилиши режалаштирилаётганини маълум қилган.

Музокаралар бўйича Халқаро Олимпия Қўмитаси қарор қилади

Корея яриморолида тинчлик йўлида бошланган музокаралар фонида Олимпия Қўмитаси шимолик кореялик спортчилар учун иштирокчиларни рўйхатга олиш муддатини номаълум муддатга узайтирди. Ҳозирча, тўрт йилнинг энг муҳим спорт мусобақасида КХДР томонидан қайси спортчилар иштирок этиши аниқ эмас.

Халқаро Олимпия Қўмитаси шимоллик спортчиларнинг мусобақаларда иштирок этишини доим қўллаб-қувватлаб келган. Шунга қарамай, 2018 йили Корея Республикасида ўтадиган қишки ўйинларда КХДРдан иштирокчиларнинг қатнашиши номаълумлигича қолаётган эди.

Яқин вақтлар ичида ХОҚ шимолликларнинг мусобақада иштирок этишига эришиш учун барча томонлар билан музокараларни давом эттиради.

“Бу ўринда, натижага эришиш Корея яриморолидаги вазиятга боғлиқ ҳолда, ушбу қарорни қабул қилиш учун барча манфаатдор тарафларнинг сиёсий иродаси керак, – дейди ХОҚ вакили “Reuters”га берган интервьюсида.

Айни пайтда, Шимолий Корея спортчилари битта мусобақа йўлланмасига эга. Жумладан, Тхэ Ок Ем ва Чу Сик Кимга Олимпия мусобақаларида иштирок этиш ҳуқуқи берилгани айтилади ХОҚ маълумотида.

Яриморолдаги вазият юмшамоқда: АҚШ ва Япония саъй-ҳаракатларни қандай баҳоламоқда?

Америка вица-президенти Майкл Пенснинг фикрича, КХДРнинг Жануб билан муносабатларни тиклашга уринишига АҚШнинг “мисли кўрилмаган” иқтисодий ва сиёсий босими сабаб.

“АҚШ бу босимни Корея яримороли ядро қуролидан холи ҳудудга айланмагунча давом эттиради”, дейди Майкл Пенс.

Вица-президент муносабатлардаги ижобий қадамларга эришишда Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ҳам ўз ҳиссасини қўшганини қайд этган.

Бундан аввал Япония ҳам КХДР спортчиларининг қишки Олимпия ўйинларида иштирок этиши, тинчлик йўлидаги иттифоқчиларнинг Шимолга нисбатан босимнинг юмшатилишини англатмаслигини маълум қилганди. Улар ҳам минтақада тўлиқ хавфсизлик таъминланмагунча биргаликдаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлашган эди.

ЎзА
12 719