ЎзА Ўзбек

07.07.2018 16:59 Чоп этиш версияси

"Хорижий компаниялар Ўзбекистон бозорига интилмоқда"

"Хорижий компаниялар Ўзбекистон бозорига интилмоқда"
Германиянинг "Germany Trade & Invest" иқтисодий ривожланиш агентлиги сайтида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берувчи мақола чоп этилди.

Хусусан, унда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида иқтисодиётни эркинлаштиришнинг янги даври бошлангани ҳақида сўз боради.

Муаллифнинг қайд этишича, иқтисодиётнинг либераллаштирилаётгани ички бозорда кечаётган ислоҳотларда яққол намоён бўлади. Хусусан, бозор иқтисодиётини жорий этиш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, солиқ юкини камайтириш, бу борада қабул қилинаётган ҳуқуқий меъёрлар кутилган натижаларга эришиш имконини бермоқда.

Мақолада ислоҳотлар ҳақида сўз борар экан, мамлакатимизнинг ташқи савдо соҳасидаги ўзгаришлар, ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш, кичик бизнес фаолиятини қўллаб-қувватловчи ҳуқуқи асослар яратилаётгани ва унинг самаралари таҳлил қилинади.

Муаллиф мақолада мамлакатимизда амалга оширилган ижобий ўзгаришларни келтириш орқали ислоҳот ислоҳот учун эмас, аввало, инсон учун эканига эътибор қаратади. Тадбиркорларни ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида бизнес йўлида тўсиқ бўлаётган кўплаб турдаги лицензияларанинг бекор қилинаётгани, импорт шартномалари экспертизасининг сезиларли соддалаштирилиши, маҳаллий ва хорижий компанияларнинг, шунингдек, инвесторларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида бизнес омбудсманнинг жорий қилинишини мисол тариқасида қайд этади.

"Ислоҳотлар марафони давом этади" номли сарлавҳа остида муаллиф солиқ маъмурчилиги, молия тизими, мустақил суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, божхона тартибининг соддалаштирилиши, ҳукумат томонидан режалаштириш ва назорат тизимининг қисқартирилиши ҳақида фикр юритади.

Муаллиф фикрига кўра, юртимизда олиб борилаётган ўрта муддатли ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон иқтисодиётининг рақобатбардошлиги ошади, ташқи савдо фаолияти кенгайиб, хорижий инвесторларнинг қизиқиши ортади.

Шу маънода, хорижий компаниялар Ўзбекистоннинг ишга солинмаган иқтисодий имкониятлари, янги иш шароитларини ҳисобга олган ҳолда ўзбекистонлик шериклар билан манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш истагини билдиришмоқда.

Маълмуот ўрнида, "Germany Trade & Invest" иқтисодий ривожланиш агентлигининг фаолият йўналиши Германия бозорига қизиқиш билдирган хорижий компанияларга маслаҳатлар ва кўмак бериш, шунингдек, ташқи бозорга ўз маҳсулотларини сотиш истагида бўлган германиялик тадбиркорларни қўллаб-қувватлашдан иборат. Шу тариқа Марказий Осиё давлатлари орасида аҳолиси энг зич жойлашган Ўзбекистон хорижий инвесторлар янада жозибадорлик касб этмоқда.

"Дунё" ахборот агентлиги
материали асосида тайёрланди

ЎзА
10 205