Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.08.2018 17:22 Чоп этиш версияси

ХХI аср таҳдиди – иқтисодиётнинг Сомалича усули ҳақида

ХХI аср таҳдиди – иқтисодиётнинг Сомалича усули ҳақида
Сомалидаги можаролар 1990-йилларда бошланган. БМТ маълумотларига кўра, мамлакат оғир ижтимоий инқирозни бошдан кечирмоқда. Бу ўз навбатида мамлакатнинг ташқи ёрдамга эҳтиёжига сабаб бўлмоқда.

7.jpg

XXI аср ҳақли равишда инсониятга қарши таҳдидлар асри, дея эътироф этилади. Яқин Шарқдаги террорчилик ҳаракатлари, Эбола вируси, Европадаги беқарорликлар, гиёҳванд моддалар савдоси, кибержиноятчилик ва бошқа таҳдидларни санаб адоғига етиш қийин. Мана шу каби таҳдидлар сирасига Африканинг Сомали соҳилларидаги қароқчиликни ҳам киритиш мумкин. Айни дамда Сомали денгиз қароқчиларига қарши халқаро миқёсда чоралар кўрилмоқда. Ҳарбий амалиётлар, дипломатик саъй-ҳаракатлар қароқчиларнинг “попуги”ни пасайтириб қўйгандек. Аммо хорижий ҳарбий денгизчилар минтақани тарк этганларидан кейин қароқчиларнинг фаолияти яна қайта тикланмайди, деб ҳеч ким кафолат бера олмайди.

222.jpg

Таҳлилчиларнинг фикрича, ўтган асрнинг 90-йилларига қадар Сомали қароқчиларининг кўпчилиги оддий балиқчилар бўлган. Муҳаммад Барре ҳукумати балиқчилик тармоғига алоҳида эътибор билан қарарди. Бунинг учун хорижий сармояларни ҳам жалб қилишган эди. Уюшмаларга бирлашган балиқчилар Африка соҳилларида ўз ишлари билан шуғулланишар, ҳарбий денгиз кучлари эса хорижликларнинг қонунга зид равишда балиқ тутишига йўл қўймаслик мақсадида мамлакат сув ҳудудларини қўриқлаб турарди.

6.jpg

Муҳаммад Барре ҳукумати 1991 йилда ағдарилганидан сўнг, ҳаммаси барбод бўлди. Фуқаролар уруши бошланиши билан мамлакат турли бўлакларга бўлиниб кетди. Сомали Ҳарбий денгиз флоти аста-секинлик билан таназзулга учради. Бу ўз навбатида хорижий кемаларнинг Сомали сув ҳудудларида бемалол балиқ овлашларига имкон туғдирди. Яқин атрофдан ўтаётган кемалар эса имкониятдан фойдаланиб, қаровсиз ҳудудларга заҳарли кимёвий моддалар чиқиндиларини ташлаб кета бошлади. Иқтисод вайрон бўлди. Аммо одамлар яшаб қолишлари учун нимадир қилишлари керак эди. Собиқ балиқчилар ҳимоясиз танкер, кема ва траулерларни гаровга олиш кони фойда эканини тезда англаб етди. Шу тариқа биринчи “қароқчилик артеллари” пайдо бўлди.

Бу ишга собиқ полиция ходимлари, қуролли кучлар зобитлари ва сўзсиз собиқ амалдорлар бош-қош бўлди. Маҳаллий ҳудудни яхши билган балиқчилар йўлбошловчилик қиларди, собиқ аскарлар қўлдаги қурол билан кемаларга ҳужум уюштирарди. 

2.jpg

Энди мамлакат иқтисодиёти учун хорижий сармоядорни излаб ўтиришга ҳожат қолмади. Қўлга олинган кемалар қароқчиларга катта-катта фойда келтира бошлади. Оддий қароқчиларнинг ҳар бир қўлга олинган кемадан топадиган даромади 30 мингдан 75 минг долларгача кўтариларди. Биринчи бўлиб кемани эгаллаган қароқчи қўшимча равишда 10 минг доллар оларди.

“Иқтисоднинг Сомалича усули” янги “касб”нинг гуллаб-яшнашига сабаб бўлди. Ҳужумлар асосан эрта тонгда олиб бориларди. Қароқчилик Сомалининг “гуллаб-яшнаши”га хизмат қилди. Қўлга киритилган бойликлар сарфланган соҳилбўйи шаҳарлари обод бўлган бўлса, балиқчилик қишлоқлари эса ҳувиллаб қолди. Шуни тан олиб айтиш керакки, қароқчилар пулларни пала-партиш ишлатгани боис маҳсулотларнинг баҳоси бир маромда ушлаб турилмас эди. Осон топилган пуллар осон сарфланарди. Қароқчилар маҳсулотларни бозор нархидан бир-икки баробар қимматга сотиб олишаверарди. Бу нархларнинг осмонга чиқиб кетишига сабаб бўлди. Пулларни хорижга жўнатиш тизими ҳам ишлаб чиқилди. Пуллар асосан Жибути, Бирлашган Араб Амирликлари ва Кенияга юбориларди. Қароқчиларнинг пуллари гиёҳванд моддалар бозорининг ривожланишига сабаб бўлди. Қароқчилар билан бирга суғурта компаниялари ва хусусий ҳарбий денгиз фирмалари ҳам бойиб кетди.

4.jpg

Сомали қароқчилари туфайли қўшни Миср ва Сейшел давлатлари энг кўп зиён кўрди. Миср Сувайш каналидан тушадиган даромаднинг камайганидан зарар кўрган бўлса, Сейшел сайёҳларнинг камайиб кетиши туфайли фойдадан қуруқ қолди. Аммо Сомали билан чегарадош бўлмиш Кения туроператорларининг даромади кўпайди. XXI аср қароқчиларига қарши туриш мақсадида 2008 йилда Европа Иттифоқи “Аталанта” амалиётини бошлади. НАТО ҳам бир қатор амалиётларни бажаришга киришди. Денгиз қароқчилари бетараф сув ҳудудлари яқинида фаолият юритар экан, хавф туғилгудек бўлса, Сомали ҳудудларига ўтиб яширинишга муваффақ бўларди.

Аммо 2008 йилда БМТ Хавфсизлик кенгаши қароқчиларга қарши курашда Сомали ҳудудларида ҳам амалиёт ўтказишга рухсат берди. Яна бир муаммо пайдо бўлди. Денгиз қароқчиларини қайси қонунга биноан суд қилиш кун тартибига чиқди. Бу ўз навбатида қўлга олинган қароқчиларнинг кўп ўтмай озод бўлишига олиб келди.
2010 йилнинг апрель ойида БМТ Хавфсизлик кенгаши қароқчиларни жазолашда Россия таклифини қабул қилди. Ўша йилнинг май ойида Яманда бўлиб ўтган суд жараёнида олти нафар қароқчи ўлимга, яна олти нафари 10 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Шундан сўнг суд жараёнлари Европа мамлакатларида ҳам бошланиб кетди. 

5.jpg

Яна бир қизиқ ҳолат. Қароқчилар ярим оч мамлакатларига қайтиб кетишдан кўра, Европанинг “иссиқ қамоқхоналарида” жазони ўташни афзал кўрмоқда. Сомали соҳилларида қароқчиларга қарши туриш узоқ вақтни талаб қилади. Бироқ минтақада ўнлаб кема ва самолётларни ушлаб туриш ҳам катта маблағ демакдир. Энг яхши йўл қароқчиларни ўзларининг эски касби бўлмиш балиқчиликка қайтариш бўлса керак.





Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА
3 368