ЎзА Ўзбек

15.05.2019 17:00 Чоп этиш версияси

Хитой биржаларни остин-устун қилаяпти

Хитой биржаларни остин-устун қилаяпти

Пекин икки томонлама савдо мужодаласи доирасида Вашингтонга жавоб ҳужуми уюштирди ва оқибатда АҚШ биржаларида катта қулашлар юзага келишига сабабчи бўлди.

Маълумки, осмонўпар юрт қарийб бир йилдан буён уммон ортидаги энг йирик савдо шериги билан тижорий музокаралар ўтказиб келади. Лекин бу мулоқотлар бирор фойда бермади. Бир неча кун аввал АҚШ Президенти Дональд Трамп Хитой товарларига қўшимча 200 миллиард долларлик бож солишга қарор қилди. Мамлакат биржалари бу ҳақдаги хабарни майда сакрашлар ва кичик пасайишлар билан қарши олди. Лекин Хитой жавоб тариқасида АҚШ товарларига қўшимча 60 миллиард долларлик бож солганидан кейин ҳаммаси остин-устун бўлиб кетди.

"Бенчмарк S&P 500" индекси бир савдо сессиясида 70 бирликка ёки 2,41 фоизга пасайди. "Dow Jones"да бу кўрсаткич 2,38 фоизни ташкил этди. Ҳаммадан ҳам технологик компанияларни бирлаштирган "Nasdaq" индекси ёмон қулади – 3,41 фоиз. Бу рақамларнинг ҳаммаси ўзига хос рекорддир.

Акциялар пасайиши, табиийки, Хитой бозори билан боғлиқ компанияларда кузатилмоқда. "Boeing" ва "Caterpillar"дек икки "саноат аждари"нинг қимматли қоғозлари 5 фоиздан, "Tesla"ники 5,2, "Apple"ники 5,8 фоиз арзонлади.

Жаҳондаги етакчи биржаларда ҳам пасайиш кузатилмоқда. Жавоб ҳужуми уюштирган Хитойда Шэньчжэн фонд биржаси 1,43 фоиз, Шанхай фонд биржаси 1,21 фоиз пасайди.

Европада DAX (Германия) 1,52 фоиз, FTSE (Буюк Британия) 0,55 фоизга ўз баҳосини йўқотди.

Ҳисоб-китобларга кўра, АҚШ фонд бозорининг ўзи бир кеча-кундузда 1 триллион доллар зарар кўрган.

Мустахассислар биржалардаги барқарорлик Вашингтон ва Пекиннинг бундан буён ўзини қандай тутишига боғлиқ эканини таъкидлар экан, июнь ойи охирида Японияда бўладиган "Катта йигирмалик" саммити доирасида Дональд Трамп ва Си Цзиньпин ўзаро учрашиб, тижорий қарама-қаршиликка барҳам бериши мумкинлигига умид билдирмоқда.

ЎзА
1 266