ЎзА Ўзбек

11.09.2018 16:51 Чоп этиш версияси

Италия ташқи ишлар вазири БМТ танқидидан норози

Италия ташқи ишлар вазири БМТ танқидидан норози
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачелет ўз баёнотида Италия ҳукуматининг миграция бўйича юритаётган сиёсатини танқид остига олгани мамлакат ташқи ишлар вазири Энцо Моаверо-Миланезининг норозилигини келтириб чиқарди. 

Мишель Бачелет баёнотига кўра, Италия муҳожирларни ўз портларига киритмаётгани тузатиб бўлмас оқибатларга олиб келиши мумкин. 

Шунингдек, баёнотда айтилишича, Италияда келиб чиқиши африкалик бўлган муҳожирларга нисбатан зўравонлик ва ирқий камситиш ҳолатлари кўпайгани ҳақида келиб тушган ахборотни текшириш мақсадида БМТ мамлакатга ўз вакилларини жўнатади.

РИА Новостининг “Radio Capital”дан иқтибос келтиришича, вазир Моаверо-Миланези БМТнинг расмий вакили миграция масаласида Италия ҳукуматини ноўрин танқид қилди, деб эътироз билдирган. Унингча, ҳукумат миграция сиёсатини адолатли ва холис олиб бормоқда, бунинг маҳсулини Ўртаер денгизидаги муҳожирларни қутқариш амалиётларида Италиянинг фаол иштирок этиб келаётганида ҳам кўриш мумкин. 

Европа минтақаси Африка ва Яқин Шарқ мамлакатларида давом этаётган қуролли тўқнашувлар, ўткир иқтисодий муаммолар сабаб келиб чиққан миграция кризисини бошдан кечирмоқда. Италиянинг янги ҳукумати эса ноқонуний миграцияга қарши курашишни асосий вазифалардан бири сифатида деб белгилаб олди. Натижада сўнгги икки ойда мамлакатга ноқонуний кириб келаётган мигрантлар сони 80-85 фоизгача камайган. 

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА
3 046