Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.02.2018 20:13 Чоп этиш версияси

Электромобиллар қайси мамлакатда энг кўп сотилмоқда?

Яқин-яқингача электр автомобили деганда фантастик фильмлардаги машиналарни тасаввур қилардик. Бугунги кунда электромобиллардан фойдаланиш урфга кириб бўлди.

Хабарларга кўра, 2017 йилда электр двигателли автомобиллар савдоси 2016 йилга нисбатан 57 фоизга ошиб, 1,2 миллион донани ташкил этган.

Электрокарлар савдоси бўйича Хитой етакчилик қилмоқда. Ушбу мамлакатда ўтган йили электромобиллар савдоси 72 фоиз ўсиб, 602 минг донага етган. 2017 йилда Европа Иттифоқида 307 мингта, АҚШда 200 мингга яқин электрокар сотилган. Таҳлилчиларнинг фикрича, ўсиш суръати шундай сақланиб қолса, 2018 йилда 1,9 миллионга яқин электромобиль ва плагин-гибридлар сотилади. 2030 йилга бориб дунёда сотиладиган автомобилларнинг 30 фоизини электромобиллар ташкил қилади. 

Электромобилларга қизиқиш нефть инқирози кузатила бошланган ўтган асрнинг 70 йилларида пайдо бўлган. Оммавий тарзда 90-йилларда ишлаб чиқарила бошланди. Электромобилларни ишлаб чиқаришга жаҳондаги барча йирик компаниялар киришиб кетди. Яқин келажакда электромобиллар сонининг ортиши оқибатида бензин ва дизель ёнилғиларга талаб кескин камайиб кетиши тахмин қилинмоқда.

Тўғри, ҳозирча бундай машиналар оддий автомобиллар даражасига етиб олгани йўқ. Чунки уларнинг тезлиги юыори эмас. Аммо жаҳон автомобиль саноатида электромобилларга талаб ортиб бормоқда. Айни дамда бу соҳада АҚШ ва Хитой олдинги ўринларда.

2015 йил бу борада кескин ўзгаришлар даври бўлгани айтилмоқда. Таҳлилчиларнинг фикрича, 2015 йилда жаҳон бозорида 600 мингта электромобиль сотилган. Шундан 180 мингтаси АҚШ ҳиссасига тўғри келган эди. 2015 йил февраль ойида Хитой фан ва технологиялар вазири “осмон ости мамлакати” электромобиллар савдоси бўйича жаҳонда биринчи ўринга чиқиб олганини маълум қилган эди.

Германиялик автоэксперт, профессор Штефан Брацелнинг сўзларига қараганда, ишлаб чиқарувчилар томонидан таклиф кўпайгани Хитойда электромобиллар кўп сотилишига сабаб бўлган. Шу билан бирга, атмосфера ҳавосининг ифлосланиши боис Хитойнинг йирик шаҳарларида ички ёнув двигателли автомобилларни рўйхатдан ўтказиш анча мураккаблашмоқда. Бу, ўз навбатида, электромобилларга бўлган талаб ошишига сабаб бўлмоқда.

Электромобилларнинг оммалашишида қувватлантирувчи шохобчаларнинг ҳам ўрни катта. Бу каби шохобчалар етишмас экан, электромобилларга талаб ҳам кўпаймайди. Электромобилга эга шахслар учун энг қулай мамлакат АҚШ экани тан олинади. Бу мамлакатнинг ғарбий соҳилларидаги Сан-Диего, Сан-Франциско ва Портленд шаҳарларининг ҳар бирида бензиндан воз кечиб, электромобиллар харид қилганлар учун юздан ортиқ “қувватлантирувчи” станциялар фаолият юритади.

Шанхайда яна икки йилдан сўнг электромобилларни қувватлантирувчи шохобчалар 210 мингдан ошиб кетиши кутилмоқда. Режага кўра, ҳар еттита электромобилга камида битта қувватлантирувчи шохобча тўғри келиши керак.

Ҳозирча “кўҳна қитъа” бу соҳада “океан орти” ва “осмон ости мамлакати”дан ортда. Аммо Буюк Британия, Франция ва Норвегияда сўнгги бир йилда электромобиллар хариди ошган. Европадаги энг йирик автобозор бўлмиш Германия олтинчи ўринни эгаллаб турибди.

Яқин-яқингача газнинг бензиндан афзаллиги ҳақида кўп гапирилар эди. Энди матбуотда электр двигателли автомобиллар ҳақида кўп ёзилмоқда. Шуни айтиш керакки, электромобиллар автомобиллардан аввал пайдо бўлган. Электромобиль ҳақида илк бор 1841 йилда гапирила бошланган. Бироқ ўша йиллари транспортнинг бу тури бир қатор муаммолар билан тўқнаш келди.

Экологияга салбий таъсир кўрсатмайдиган электромобиллар бир қатор афзаликларга эга. Масалан, оддий автомобилларга нисбатан харажати оз. Электромобиль атмосферага заҳарли газларни деярли чиқармайди. Агар йўл транспорт ҳодисаси юз бергудек бўлса, ёнғин чиқиш эҳтимоли ҳам жуда кам.

Шу боис транспортнинг бу тури “яшил автомобиль” деб ҳам аталмоқда. Йилдан-йилга йўлларда ҳаракатланаётган электромобиллар сони ортиб бормоқда. Бир сўз билан айтганда, бундай машиналар келажак транспортига айланиб бормоқда. Электромобилларни ривожлантириш мақсадида янгидан янги инновациялар ҳаётга жорий этилмоқда. Айни дамда бир қатор мамлакатларда электромобилларни харид қилувчиларни рағбатлантириш мақсадида махсус дастурлар татбиқ этилмоқда.

Шарофиддин Тўлаганов,
шарҳловчи.

ЎзА
6 616