Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.08.2018 16:48 Чоп этиш версияси

Бугун Хитой Халқ-озодлик армияси ташкил топган кун

Бугун Хитой Халқ-озодлик армияси ташкил топган кун
Хитой Халқ Республикаси Қуролли Кучлари – ҳарбийларининг сони бўйича жаҳонда биринчи ўринда туради ва расман – Хитой Халқ-озодлик армияси деб аталади. Таҳлилчиларнинг сўзларига қараганда, бугунги кунда “Осмон ости” мамлакатининг армияси сафида 2 миллион 250 минг ҳарбий хизматчи бор. Хитой армиясига 1927 йил 1 август куни асос солинган бўлиб, аввалига, Халқ-озодлик армияси ибораси 1946 йил ёзида шаклланган 8-армия, Янги 4-армия ва Шимолий-Шарқий армияга нисбат бериларди. 1949 йилда Хитой Халқ Республикаси эълон қилинганидан сўнг мамлакат Қуролли Кучлари “Хитой Халқ-озодлик армияси” деб аталадиган бўлди. Хитой қонунларига кўра, 18 ёшга тўлган ҳар бир эркак армия сафларида хизмат қилишга ҳақли. Кўнгиллилар 49 ёшгача армия сафида хизмат қилади. 

Ҳудудий жойлашувига кўра, Қуролли Кучлар таркибида 7 та округ ва учта флот бор. Хитой Қуруқликдаги қўшинлари дунёда энг кучли экани тан олинади. 2020 йилларгача бўлган даврдаги ҳарбий-стратегик вазият таҳлил қилинганидан сўнг, Хитой раҳбарияти “Армия ислоҳ қилиниши керак”, деган хулосага келди. Эндиликда мамлакат армияси замонавий қуроллар билан таъминланар экан, сон жиҳатидан эмас, сифат жиҳатидан кучли бўлиши йўлида ислоҳотлар олиб борилмоқда. 

Хитой раҳбарияти замонавий босқичда Қуролли Кучларни ривожлантиришга бағишланган “Оқ китоб”ни эълон қилиб туради. Таҳлилчиларнинг фикрича, мазкур ҳужжат устида 1998 йилдан бери иш олиб борилади. 2013 йилга келиб эса бу ҳужжат кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этила бошланди.

“Оқ китоб”да жаҳон ҳамжамиятининг асосий мақсади тинчлик, хавфсизликни таъминлаш ва иқтисодий фаровонлик экани таъкидлаб ўтилади. Бироқ Хитой ҳукуматининг фикрича, бугунги дунёни тинч ва осуда деб бўлмайди. Хитойлик экспертлар “бир қатор мамлакатлар ҳарбий соҳада ўзаро рақобатда экани”ни айтиб келадилар. Шу сабабли ҳам халқаро хавфсизлик билан боғлиқ муаммо долзарб бўлиб қолмоқда. Сўнгги йилларда Хитойда олиб борилган изчил иқтисодий ислоҳотлар натижасида бир қатор ютуқлар кўзга ташланиб, мамлакат аҳлининг турмуш даражаси юксалмоқда. Бу эса Пекиннинг халқаро доирадаги мавқеини кўтарди. Бироқ, Хитой хавфсизликни таъминлаш масаласида анъанавий ва ноанъанавий таҳдидлар билан рўпарў келмоқда. Шу сабабли ҳам раҳбарият миллий бирликни ва ҳудудий яхлитликни сақлаб қолиш, сайёрамизнинг турли ҳудудларида Хитой манфаатларини ҳимоя қилишга уринмоқда. “Осмон ости” мамлакати асосий хавф сифатида “учта ёвуз куч” деб аталмиш - халқаро терроризм, айирмачилик ва экстремистик гуруҳларни кўради. 

Халқ-озодлик армияси табиий офат келтирган талофатларни бартараф этишга ҳам кенг жалб қилинади. Кўп ҳолатларда ҳарбийлар зилзила ва сув тошқинларидан азият чеккан аҳолини хавфсиз жойга олиб чиқади. Хитой ҳарбий денгизчилари доимий равишда савдо йўлларидаги хавфсизликни таъминлаб келади, қароқчиларга қарши курашади. Миллий суверенитетни муҳофаза қилиш, хавфсизликни таъминлаш Хитой армиясининг асосий вазифаларидан ҳисобланади. “Бизга ҳужум бўлмас экан, биз ҳеч қачон биринчи бўлиб ҳамла қилмаймиз. Мабодо ҳужум бўлгудек бўлса, биз босқинчиларга кескин зарба берамиз” дейишади Хитой ҳарбий раҳбарлари. 

Хитой армияси хавфсизлик соҳасида бошқа давлат ҳарбийлари билан ҳамкорлик қилиб келади. Хитойлик ҳарбийлар БМТ тинчликни сақловчи кучлари сафларида жаҳондаги “Қайноқ нуқта”ларда фаолият юритмоқда. 

Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА
3 579