ЎзА Ўзбек

07.10.2018 17:03 Чоп этиш версияси

"Айни пайтда Францияда шахсий корхонамга эгаман"​

"Айни пайтда Францияда шахсий корхонамга эгаман"​
ФРАНЦИЯДАГИ ЎЗБЕКЛАР:​ 

– Асли бухороликман. Францияга 1998 йилда ўқишга келганман. – дейди Абдумажид Ҳасанов.

Абдумажид 1994-1998 йилларда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида таҳсил олган. Франциянинг "Aix en provence" шаҳрида иқтисод йўналишида ўқиб, Париждаги "Exane Bnp Paribas" фонд биржасининг молия ва назорат бўлимида 8 йил фаолият кўрсатган. Шундан сўнг ипотека кредитлари билан шуғулланувчи "Credit Immobilier de France" банки молия бўлимининг Бизнес-режа назорати бошлиғи бўлиб ишлаган. 

– Айни пайтда шахсий корхонамга эгаман, – дейди А.Ҳасанов. – Корхонамиз бизнес-режа тузиш, объектларнинг нархларини баҳолаш билан шуғулланади. Бугун бу соҳага талаб жуда катта. Август ойида Тошкентга бордим. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятида бўлиб, мутасадди раҳбарлар билан учрашдим. Учрашувда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ижроси бўйича ўз таклифларимни тақдим қилдим. Ўйлайманки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан бошланган улкан ислоҳотлар яқин йилларда ўз самарасини беради. Буни бутун дунёдаги экспертлар ҳам эътироф этмоқда, – дейди Абдумажид Ҳасанов.

Юртдошимизнинг таъкидлашича, Франциядаги ўзбеклар ҳар якшанба куни йиғилиб туради. Улар спорт мусобақаларини ташкил қилиб, оилавий борди-келди қилишар экан. 

А.Ўрозов,
Париж шаҳри

ЎзА
9 010