ЎзА Ўзбек

10.10.2019 Чоп этиш версияси

Актау шаҳрида “Ғариб билан Шоҳсанам” спектакли намойиш этилади

Актау шаҳрида “Ғариб билан Шоҳсанам” спектакли намойиш этилади
2019 йил – Ўзбекистонда Қозоғистон йили

Бугун Қозоғистон Республикасининг Актау шаҳрида “Aвish Alemi” деб номланган I Халқаро театр фестивали очилди.

Мазкур халқаро тадбир қозоқ халқ ёзувчиси ҳамда давлат ва жамоат арбоби Абиш Кекилбаевнинг 80 йиллиги муносабати билан ташкил этилган бўлиб, ушбу йирик фестиваль муносабати билан Актау шаҳрига Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, давлат ва жамоат, маданият арбоблари ҳамда қўшни давлатлардан, шу жумладан Ўзбекистондан ҳам вакиллар ташриф буюрган.

А.Кекилбоев 1939-2015 йилларда яшаган машҳур қозоқ ёзувчиси. Унинг “Афсонанинг тугаши” романи, “Унутилган йиллар балладаси”, “Қудуқ”, “Қирғоқдаги уй” каби ўнлаб қиссалари жаҳон адабиётида муҳим ўрин эгаллаган. Ёзувчи “Турк дунёсида кўрсатган хизматлари учун” халқаро мукофотига лойиқ кўрилган.

Фестиваль Қозоғистоннинг Мангистау вилояти мусиқали драма театрида очилиб, 14 октябрга қадар давом этади. Унда нафақат Қозоғистон театр жамоалари, балки Ўзбекистон, Арманистон, Грузия, Туркманистон, Тожикистон келган санъаткорлар ўз ижод намуналари билан иштирок этади.

Ўзбекистон Республикаси номидан фестивалда иштирок этаётган Хоразм вилояти мусиқали драма театри томонидан “Ғариб ва Шоҳсанам” спектакли намойиш этилади. 2019 йил 13 октябрь куни томошабинлар ҳукмига ҳавола этиладиган ушбу саҳна асари сценарий муаллифи Юнус Юсупов бўлиб, асар режиссёр Алишер Йўлдошев томонидан саҳналаштирилган.

“Ғариб билан Шоҳсанам” асари қаҳрамонлари Шоҳсанам - Шоҳ Аббоснинг қизи, Ғариб - унинг вазири Ҳасаннинг ўғли. Бу икки дўст фарзандлари вояга етгач қуда-анда бўлишга келишишади. Йигит ва қиз ҳам бир-бирига кўнгил қўяди. Бироқ бу иттифоқни кўра олмаганлар уларнинг орасига нифоқ солишга уринади ва бунинг уддасидан чиқади. Оқибатда Ғарибнинг отаси – Ҳасан ўлдирилади. Ошиқ-мошиқлар ўртасида оғир савдо бошланади...

Хоразмлик истеъдодли санъаткорлар ижросидаги ушбу ажойиб саҳна асари намойиш этиладиган кунни шу ерда истиқомат қилувчи ўзбекистонликлар қатори қозоғистонликлар ҳам интиқ бўлиб кутмоқда.

Норгул Абдураимова,
Қозоғистон-Актау

3 480
ЎзА