Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.04.2018 11:08 Чоп этиш версияси

Қадимда инсонлар ўзга сайёраликлар билан мулоқот қилганми?

Замин юзига солинган улкан ҳажмдаги геометрик шакллар, турли ҳайвонлар ва қушларнинг расмлари ҳақида эшитганмисиз? Илм-фан тилида геоглифлар дейилгувчи бу қадимий топилмаларни инсон кўзи билан эмас, балки сунъий йўлдош, учувчи мосламалар билангина аниқлаш мумкинлигиничи?

Сайёрамизнинг баъзи жойларида, айниқса саҳроларда шундайин улкан расмлар учраб туради. “National Geographic“нинг маълум қилишича, яқинда олимлар Перуда яна бир сирли геоглифни топишган.

Бунгача Перуда 50 га яқин геоглиф топилган бўлиб, уларнинг ичида ҳайвонлар ва табиат ҳодисалари тасвирланган замин суратлари кўп.

Археологларга бу гал ҳам учувчисиз бошқариладиган мосламалар ва сунъий йўлдошлар геоглифни топишга ёрдам берган. Айни вақтда янги топилманинг ёши ва қайси маданиятга мансублиги аниқланмоқда экан. Иш энди бошланган бўлсада, дастлабки тахминлар ҳам бор. Уларга кўра янги геоглиф Наска маданиятига тегишли бўлиб, эрамиздан олдинги 200-700 йилларда яратилган бўлиши мумкин.

Энг қизиғи ҳозиргача илм-фан оламида қадимда инсонлар геоглифларни қандай қилиб яратган, деган саволга аниқ жавоб йўқ. Баъзи олимларнинг фикрича, геоглифларни яратишда юксак технологиялардан фойдаланилгани аниқ. Чунки расмларнинг ҳажман жуда катталиги (геоглифлар бир неча километргача чўзилган бўлади)га қарамай ўлчовдаги мутаносиблик, жуда аниқлик шунга ишора қилмоқда. Иккинчидан эса, фақат коинотдан туриб пайқаш мумкин бўлган бундай тасвирлар нима учун керак бўлган одамларга? Ахир, қадимда учиш мосламалари бўлмаганку? Ёки геоглифлар ўзга сайёраликларга сигнал, манзилни топишда мўлжал бўлганми?

Хуллас, Перуда топилган янги геоглиф олимларда бу каби саволларни яна кўпайтирди.

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА
4 751