ЎзА Ўзбек

10.09.2018 19:19 Чоп этиш версияси

АҚШнинг янги божларига Хитой жавоб қайтаради

АҚШнинг янги божларига Хитой жавоб қайтаради "ХХР ташқи ишлар вазирлигинг расмий вакили Ген Шуан бугунги брифингда АҚШ Хитой товарларига янги божларни киритгудек бўлса, унга қарши жавоб чоралари кўрилишини маълум қилди", деб ёзади РИА Новости.

Ўтган ҳафтада Америка президенти Дональд Трамп Вашингтон Хитойнинг 267 миллиард долларлик қийматга эга маҳсулотларига бож қўйилишини эълон қилган эди.

ОАВнинг қайд этишича, Ген Шуан ўз нутқида Хитой ўз қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини қатъий ҳимоя қилишини алоҳида таъкидлаган.

Жорий йилда АҚШнинг алюминий ва пўлатга бож киргизиш борасидаги янги сиёсати Хитой норозилигига сабаб бўлди. Натижада икки давлат ўртасида савдо зиддияти бошланди. Дастлаб Қўшма Штатлар ўз маҳсулотларининг интеллектуал ҳуқуқлари Пекин томонидан бузилаётганини рўкач қилиб, Хитойнинг 1,3 минг номдаги товарига импорт божлар миқдорини оширди. Шу йўл билан Америка Хитой билан кўп миллиардлик савдо дефицитини камайтиришга эришмоқчи эди. Бундан ташқари АҚШ президенти ХХР маҳсулотларига қўйиладиган импорт божлари миқдорини 100 миллиард долларга ошириш имкониятларини аниқлаш бўйича кўрсатма ҳам берди. Бунга жавобан Хитой Давлат кенгаши Қўшма Штатларнинг 106 номдаги маҳсулотига 25 фоизлик импорт божини киритиш бўйича қарор қабул қилди. Яқинда эса Дональд Трамп импорт божларининг йиллик миқдори 150 миллиард долларга чиқиши мумкинлигидан Хитойни огоҳлантирди. Бунга Пекин таҳдидга яраша жавоб бўлиши, савдо зиддиятида ғалабагача боришини маълум қилди.

Икки давлат ўртасидаги савдо урушининг ана шундай авж нуқтасида АҚШ президенти Дональд Трамп музокара йўлини танлаб, жорий йилнинг 3 май кунида мамлакат молия вазири Стивен Мнучин, савдо вазири Уилбур Росс, давлат раҳбари ёрдамчилари Ларри Кудлоу ва Питер Наварро, АҚШнинг Хитойдаги элчиси Терри Брэнстедлардан иборат ўз делегациясини Хитойга жўнатди. Жорий йилнинг 3-4 май кунлари Пекинда ўтказилган ушбу музокараларда томонлар иқтисодий масалалар, хусусан савдо муаммоларини ҳал қилиш механизмини яратиш борасида умумий келишувга эришди. Шундан сўнг савдо масалалари муҳокамаси Вашингтонга кўчиб, 17-18 май кунларида ўтказилган АҚШ ва Хитой расмийлари иштирокидаги музокараларда томонлар диққат-эътиборни икки давлат ўртасидаги иқтисодий муносабатларни қайта тиклашга қаратди.

Аммо воқеанинг сўнгги ривожи икки давлат ўртасида савдо зиддияти яна кескинлашаётганини кўрсатмоқда.

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА
3 252