ЎзА Ўзбек

01.02.2018 15:11 Чоп этиш версияси

Журналистларимиз Татаристоннинг сайёҳлик масканлари билан танишиб қайтди

Журналистларимиз Татаристоннинг сайёҳлик масканлари билан танишиб қайтди
2017 йил сентябрь ойида Россия Федерациясининг Татаристон Республикаси Президенти Рустам Миннихоновнинг мамлакатимизга ташрифи чоғида кўплаб соҳалар қатори туризм йўналишидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича ҳам келишувларга эришилган эди.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Ўзбекистон ва Татаристон туристик салоҳиятини кенг тарғиб этиш мақсадида журналистларнинг ўзаро таништирув саёҳатларини уюштириш таклифи билдирилганди. Бунинг самарасида ўтган йил ноябрь ойида татаристонлик бир гуруҳ журналистларнинг Ўзбекистон бўйлаб саёҳатлари ташкил этилди.

17.JPG

Жорий йил 25-30 январь кунлари ўзбекистонлик журналистлар гуруҳи Татаристоннинг тарихий-маданий обидалари ва сайёҳлик масканлари билан танишиб қайтди.

Қардош татар халқининг тили, дини, урф-одат ва анъаналаридаги ўхшашликлар шу қадар кўпки, ҳатто Қозон шаҳрининг минг йиллик тарихидан гувоҳлик берувчи обидалар мисолида ҳам она диёр – Ўзбекистон насимларини ҳис этасан. Волга ва Қозон дарёлари бўйида қад ростлаган Қозон Кремли, қадимий Булғор шаҳри, Свияжск ороллари – барчаси табиат ва инсон томонидан яратилган мўъжизалардир.

Ўзбек халқида бўлгани каби татарларда ҳам оила муқаддас ҳисобланади. Аждодлар ва авлодлар силсиласида мустаҳкам алоқалар ўрнатилган. Қозон шаҳри номида ҳам татар халқининг оилага бўлган эътибори акс этган. Зеро, татарларда қозон – рўзғор бутлиги, мустаҳкам оила асоси саналади. Шу боис бугун кўплаб янги оилалар ўз ҳаётини шаҳарнинг қалб мусаффолигини ўзида акс эттирувчи ўзига хос рамзи – қозон кўринишидаги “Бахт уйи”дан бошлашади. Мажмуанинг юқори саҳнидан шаҳар ва олисларга чўзилган Қозон дарёси ўзининг бор бўй-басти билан намоён бўлади. Энг ёрқин таассурот, албатта, бу Қозон Кремли манзарасидир.

14.JPG

Кремлнинг кўзларни қамаштирувчи оқ деворлари сайёҳларни ўзига жалб этади. Тамал тоши XII асрда қўйилган бу қадимий қалъада бугун ҳам ҳаёт бир маромда давом этмоқда. Шаҳарсозлик намуналари, деворлардаги битиклар ва нақшлар шаҳарнинг асрий тамаддун ютуқларидан баҳраманд эканидан нишона. Бу шаҳар қадимий Булғор, Олтин Ўрда, Ўрта асрлар Қозон хонлиги билан бирга, Шарқ анъанавий меъморлигининг ёрқин намуналарини ҳам ўзида акс эттирган. Бир сўз билан айтганда, Қозон Кремли Самарқанд, Бухоро, Хива сингари инсон умри давомида ҳеч бўлмаганда бир бор кўриши керак бўлган маскандир. Қозон Кремли 2000 йилда ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилгани фикримиз ёрқин мисолдир.

Татар халқининг бирдамлигини, меҳмондўстлигини қиш ҳавосида, Свияжск оролларида яна бир бор ҳис этдик.

Бу ерда сизни “Исэнмесез”, дея иссиқ чой ва очиқ чеҳра билан қарши олишади. Бир ўчоқ атрофида татар халқининг ўзбекларча тантилиги, меҳмондўстлигига гувоҳ бўласиз. Қолаверса, бу орол машҳур рус шоири Пушкин эртакларида ҳам яшайди.

Свияжск ороли Волга ва Свияга дарёлари қуйиладиган жойда жойлашган. 300 нафарга яқин аҳоли истиқомат қиладиган ушбу орол 37 маданий ёдгорликни ўз бағрига сиғдирган. Орол саноат корхоналари ва жамоат транспортларидан ҳоли. Шунинг учун бу ерда йил давомида осойишталик ҳукмрон. Бугун Свияжскда ранг-баранг маданиятлардан ҳикоя қилувчи фестиваллар, Ўрта асрларда бўлгани каби отлиқ суворийлар жангига гувоҳ бўлишингиз ёки табиат инъом этган гўзалликдан баҳраманд бўлишингиз мумкин.

Қозондан 180 километр масофада, Волга дарёсининг чап қирғоғида минг йиллар муқаддам мавжуд бўлган Булғор давлати пойтахтининг қолдиқлари сақланиб қолган. Татар халқининг аждодлари ҳисобланган булғорлар 922 йили ислом динини қабул қилади. Шу тариқа Татаристонга ислом маърифати айни шу замин орқали кенг тарқалади.

6.JPG

Булғор шаҳрида ислом дини қабул қилингани шарафига улкан Оқ масжид бунёд этилган ва дунёдаги энг катта чоп этилган Қуръон сақланмоқда.

Қуръони карим ҳақида сўз борганда Тошкентнинг Ҳазрати Имом мажмуасидаги Мўйи Муборак мадрасасида сақланаётган Усмон Мусҳафини ёдга олиш ўринли. Зеро, қачонлардир Амир Темур томонидан юртимизга олиб келинган нодир қўлёзма 1917-1924 йиллар давомида, Ватанимизга қайтарилгунга қадар Татаристонда сақланган.

5.JPG

Маҳаллий аҳоли билан суҳбатда уларнинг Ўзбекистонга қизиқиши, меҳри ва маънан яқинлигини ҳис этасиз. Улардан бири Ўзбекистонни, хусусан, Самарқандни кўриш, машҳур муҳаддис Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилиш иштиёқида эканини айтганда, ўзгача фахр-ифтихор туйдик. Сафаримиз давомида мезбонлардан Ўзбекистон ҳақидаги кўплаб илиқ фикр ва таассуротларни эшитдик. Уларнинг “Ўзбекистон – нафақат танинг, балки қалбинг ҳам ором оладиган жой”, деган эътирофи сафаримизнинг унутилмас воқеаси бўлди. 

Тошкент – Қозон – Тошкент.

Улуғбек Шоназаров, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА
13 958