Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.08.2017 18:47 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Республикасида ички туризмни ривожлантириш истиқболлари ва унда ёшларнинг ўрни

Ўзбекистон Республикасида ички туризмни ривожлантириш истиқболлари ва унда ёшларнинг ўрни Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида бўлиб ўтган ёшлар форуми ана шундай номланди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Маданият вазирлиги, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ва бошқа қатор давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорлигида ташкил этилган форумда туризм соҳасида фаолият юритаётган ёш тадбиркорлар, тажрибали мутахассислар, ушбу йўналишда таҳсил олаётган талабалар иштирок этди.

Туризм индустрияси, хусусан, ички туризм юртимиз иқтисодиётининг муҳим тармоғи ҳисобланади. Мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудуди ўзига хос туристик жозибага эга. Шу боис туризмни ривожлантириш ҳисобидан минглаб янги иш ўринлари яратиш мумкин. Айниқса, бу борада ички туризм имкониятларидан тўлақонли фойдаланиш, ёшлар туризмини оммалаштириш муҳим аҳамият касб этади.

Қадим ўтмишимиздан сўзловчи тарихий ёдгорликларни кўриш, бой меросимизни ўрганиш ёшларда миллий ўзликни англаш, анъана ва қадриятларимизга ҳурмат туйғусини юксалтиради. Мазкур тадбир учун айнан Шаҳрисабз шаҳри танлангани бежиз эмас. Негаки, бу ҳудуднинг табиати мафтункор, шаҳар қадимий обидаларга бой. Бугун тобора чирой очиб, замонавий қиёфа касб этаётган Шаҳрисабзга келишни кўпчилик орзу қилади. Президентимизнинг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида ўтказилаётган тадбирдан кўзланган мақсад ҳам юртимизнинг тарихий жойларига, улуғ авлиёлар ва буюк аждодларимиз мангу қўним топган муқаддас қадамжоларга саёҳат уюштириш, ҳудудларнинг туристик салоҳиятини ўрганиш ва янада юксалтириш, бу жараёнда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлашга қаратилган.

Форум иштирокчилари тўрт гуруҳга бўлинган ҳолда, ички туризмни ривожлантириш истиқболлари, ёшлар туризми, туризмга ихтисослашган таълим, ҳудудлардаги туризм инфратузилмасининг ҳолати, ички туризм соҳасида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш каби мавзуларда фикр алмашди.

– Бугунги тадбирда билдирилаётган фикрлардан кўринадики, ички туризмни ривожлантиришда ёшлар алоҳида ўрин тутади, – дейди навоийлик Сабина Худойқулова. – Масалан, мен Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Навоий вилояти кенгаши ҳузурида иш бошлаган ёшлар туризмини ривожлантириш клуби координаториман. Ҳақиқатан ҳам, ёшларнинг туризм соҳасига қизиқиши юқори. Буни клубимиз аъзоларининг сони қисқа вақтда 150 нафарга етганида ҳам кўриш мумкин. Форумда ўз таклифларим билан иштирок этдим. Навоий вилоятида 40 дан зиёд тарихий объект мавжуд. Экотуризмни ривожлантириш учун хушманзара сўлим гўшалар бисёр. Лекин сайёҳларнинг келишини кўнгилдагидек деб бўлмайди. Сабаби, улар деярли реклама қилинмайди. Албатта, бу ишлар катта маблағ талаб этади. Бизнинг клуб ана шу тарихий жойлар, табиат инъом этган экотуристик ҳудудлар рекламасини ташкил этиш ва вилоятнинг туристик салоҳиятини юксалтиришга ҳисса қўшишни мақсад қилган. Бунга эришиш йўллари хусусида форумда соҳа мутахассисларидан кўплаб фойдали маълумотлар олдим.

17.jpg

Форум доирасида иштирокчилар Шаҳрисабз шаҳрининг диққатга сазовор жойларига саёҳат қилди. Оқсарой мажмуаси, Кўкгумбаз жомеъ масжиди, Чорсу бозори каби тарихий обидаларни томоша қилди. “Чорсу” меъморий мажмуасида ташкил этилган мусиқий-маданий кечадаги куй-қўшиқлар ва миллий либослар намойиши иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

– Шаҳрисабзга биринчи марта келишим, – дейди самарқандлик Нилуфар Ҳасанова. – Шаҳар мен ўйлаганимдан ҳам чиройли экан. Айниқса, маҳобатли Оқсарой мажмуаси ҳайратланарли. Ҳозир гид-таржимон сифатида фаолият юритаман. Бугунги форумдан кейин хориждан ташриф буюрувчи меҳмонларга Шаҳрисабз шаҳрини ҳам албатта тавсия этаман. Форумда кўплаб қизиқарли фикрлар билдирилди. Мен ҳам таклифларим билан иштирок этдим. Масалан, айни пайтда юртимизда туризм соҳаси бўйича таълим берадиган йўналишлар жуда кам. Бундан ташқари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасида туроператор ва гид-таржимонлик учун сертификат беришга 6 ойдан 9 ойгача ўқитилади ва ўқиш жараёни фақат назариядан иборат. Таклифим, ўқиш жараёнида амалиёт қисми ҳам ташкил этилса, юртимиздаги туристик объектларга саёҳатлар уюштирилса, ўқув курсини битириб чиқаётган туроператор ёки гид-таржимонларнинг билими ошишига хизмат қилган бўларди.

Тадбир доирасида Коба мақом марказида ёшлар билан ўтказилган очиқ мулоқотда айрим ҳудудларда туризм соҳасида кўзга ташланаётган камчилик ва муаммолар акс этган видеолавҳа намойиш этилди. Мавжуд туристик имкониятлардан тўла фойдаланилмаётгани, транспорт инфратузилмаси ривожланмагани, мутахассислар етишмаслиги, соҳага хорижий инвестициялар жалб этилмаётгани танқид қилинди.

“Ички туризмни ривожлантириш бўйича мамлакатимизда олиб борилаётган ишлар таҳлили”, “Соҳа ривожида жамоат ташкилотларининг ўрни”, “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасида мутахассислар тайёрлаш”, “Ўзбекистон Республикасида жойлашган музейлар ва обидалар ҳолати”, “Ички туризм соҳасида ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш масалалари” каби мавзуларда маърузалар тингланди.

13.jpg

Очиқ мулоқот давомида иштирокчиларга Ёшлар нашриёт уйи томонидан тайёрланган ва уч тилда чоп этилиши мўлжалланаётган “Шаҳрисабз: тарих ва келажак чорраҳаси” номли китоб лойиҳаси тақдим этилди. Хорижликларни юртимизнинг туристик салоҳияти билан таништирувчи “Visit Uzbekistan” журнали нашр этила бошлагани, келгусида Ёшлар туризмини ривожлантириш ассоциацияси тузилиши, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгашларига лизинг асосида сайёҳлик йўналишидаги автобуслар берилиши, уй-меҳмонхона бизнеси билан шуғулланаётган ёш тадбиркорларга имтиёзли кредитлар ажратиш режалаштирилаётгани таъкидланди.

Форум якунида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши ва Туризмни ривожантириш давлат қўмитаси ўртасида меморандум имзоланди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Қ.Қуронбоев, Қашқадарё вилояти ҳокими З.Рўзиев сўзга чиқди.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА
3 775






Все о погоде - Pogoda.uz