ЎзА Ўзбек

03.04.2018 12:10 Чоп этиш версияси

Туризм ривожида телекоммуникация тармоқларининг ўрни

Сайёҳлик дунё иқтисодиётида тобора мустаҳкам ўрин эгалламоқда. Кўплаб мамлакатлар айни шу соҳа орқали аҳолиси фаровонлигини таъминлаяпти. Баъзи мамлакатлар ўз тарихий масканлари, сўлим табиати, қадимий обидалари билан сайёҳларни жалб этаётган бўлса, айримлари бутунлай бошқа йўналишларда, хусусан, савдо ва хизматлар билан дунёга эшик очмоқда.

Айни шу жиҳатдан қараганда, Ўзбекистон имкониятлари ҳеч қайси жабҳада ҳеч кимдан кам эмас. Бироқ, бу имкониятни рўёбга чиқариш борасида дўппини бошдан олиб ўйлайдиган масалалар йиғилиб қолган эди.

Аввало, соҳа билан боғлиқ расмиятчиликлар, хизмат кўрсатишдаги камчиликлар, нарх ва хизматлар ўртасидаги тафовут... Буларнинг барчаси улкан имкониятларимизга соя солиб турган эди. Президентимиз Шавкат Мирзиеёв бу каби муаммоларни чуқур таҳлил қилиб, Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини тўлақонли рўёбга чиқариш борасида ҳал қилувчи қарорлар қабул қилди.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташкил этилиб, унинг фаолияти замон талабларига мослаштирилди. Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналари ва дипломатик корпус раҳбарлари иштирокида йиғилишлар ўтказилди, соҳа истиқболи билан боғлиқ вазифалар белгилаб берилди.

Президентимизнинг тегишли қарор ва фармонлари эълон қилинди. Виза тартиби соддалашди, сайёҳлик учун қўшимча имконият ва имтиёзлар берилди. Натижада қисқа вақтда Ўзбекистонга келувчи сайёҳлар оқими сезиларли даражада ошди.

Давлатимиз раҳбарининг ички туризмни ривожлантириш борасида илгари сурган ташаббуслари ҳам халқимиз кўнглидаги гап бўлди. Ўзбекистонда яшаб Ўзбекистонни билмайдиган одамлар жамоа бўлиб, тарихий шаҳарларимиз, муқаддас қадамжоларни қайта кашф этмоқда.

Бу жараёнда ҳар бир ташкилот ва муассаса, шу юртнинг ҳар бир фуқароси фаол бўлиши зарур. Шунда бошланган хайрли ишлар янада жадаллашади. Меҳнатлар маҳсули тезроқ кўзга ташланади.

Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси ҳам ўз йўналишида давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар ижросига масъулият билан ёндашмоқда.

Инспекция томонидан йил бошидан тарихий обидалар, муқаддас қадамжолар жойлашган ҳудудлардаги алоқа қамровлари ўрганиб чиқилди. Аввало, Ўзбекистоннинг ташриф қоғозига айланган Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарларидаги алоқа хизматлари синчковлик билан кўрикдан ўтказилди.

Ўрганиш натижаларига кўра, Самарқанд шаҳрида жами 107 та меҳмонхона мавжуд бўлиб, шундан 11 таси оптик толали кабель орқали, қолганлари АDSL технологияси асосида интернет тармоғига уланган. Меҳмонхоналар ҳудудида барча мобиль алоқа хизматлари бўйича қамров 100 фоизни ташкил этади.

Бироқ, вилоятда жойлашган муқаддас қадамжоларнинг барчасида ҳам мобиль алоқа операторларининг қамрови кўнгилдагидек, деб бўлмайди. Хусусан, Самарқанд шаҳридаги Хўжа Дониёр ва Самарқанд вилоятининг Оқдарё, Пойариқ, Нуробод туманларидаги зиёратгоҳларда қамров билан боғлиқ муаммолар мавжуд. Жумладан, Хўжа Дониёр зиёратгоҳи ҳудудида “COSCOM”, “Uzmobile (GSM)”, “Uzmobile (CDMA)”, “RWC” мобиль компанияларининг 2G технологияси сигналлари қониқарли, бироқ, 3G технологияси сигнали талаб даражасида эмас. Бу борада фақат “UMS” компаниясининг 2G ва 3G технологиясида муаммолар учрамайди.

Маҳдуми Аъзам зиёратгоҳи ҳудудида “COSCOM”, “UMS”, “RWC”, “Unitel” компанияларининг 2G ва 3G қамровлари талаб даражасида, “Uzmobile (GSM)” нинг 3G сигналлари етарли эмас. Имом Бухорий зиёратгоҳи ҳудудида “UMS”, “COSCOM”, “Uzmobile (GSM, CDMA)”, “Unitel” компанияларининг хизмат сифатида муаммолар учрамайди. Бироқ, “RWC” сигнали қамрови етарли эмас. Ҳазрати Довуд зиёратгоҳи ҳудуди фақат “Ўзбектелеком” АК “Uzmobile” филиалининг 2G ва 3G алоқа қамрови билан (яхши) таъминланган, бугунги кунда мазкур зиёратгоҳга яқин ҳудудда “Unitel” МЧЖ томонидан янги таянч база станцияларини ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда.

Самарқанд шаҳрининг тарихий қисмида Wi-fi зоналари ташкил этиш ва интернет ахборот тармоғига уланиш имкониятини яратиш мақсадида ҳозирги кунда “Ўзбектелеком” АК Самарқанд филиали томонидан Регистон майдони, Самарқанд темир йўл вокзали, Самарқанд аэропорти, Самарқанд давлат бирлашган тарихий-меъморий ва бадиий музей-қўриқхонаси, Сиёб бозори ҳамда Ҳазрати Хизр масжиди ва Биринчи Президентимиз Ислом Каримов мақбараси ҳудудларида Wi-Fi зонаси ташкил қилинган бўлса-да, фаолият кўрсатмаяпти.

Шунингдек, бошқа объектларда ҳам Wi-fi зоналари ташкил этиш бўйича “Ўзбектелеком” АК Самарқанд филиали ва “ЎзИ-Самарқанд” филиали билан ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда.

Хоразм вилоятида ҳам аҳолига сифатли алоқа ва интернет хизмати кўрсатиш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Бироқ, сайёҳлар кўп келадиган тарихий масканларни симсиз ва тезкор интернет тармоғи билан қамраб олиш борасида муаммолар мавжуд.

2014 йилда “Ўзбектелеком” АК томонидан Урганч темир йўл вокзалида 4 нуқтада, Урганч аэропортида 5 нуқтада, Хива шаҳрининг Ичан қалъа ҳудудида 34 нуқтада Wi-Fi зонаси ташкил қилинган. Бироқ, бугунги кунда ушбу Wi-Fi интернет тизими фақат Урганч темир йўл вокзали ҳудудида ишлаб турибди. Сабаби интернет трафиги учун тўловни Урганч темир йўл вокзали маъмуриятидан бошқа ҳеч бир ташкилот ўз зиммасига олмаган.

Бу муаммолар Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси ҳамда Инспекция ҳудудий бўлинмаси ҳамкорлигида ўрганилиб, тегишли тартибда ҳал этилиши устида иш олиб борилмоқда.

Юқоридаги объектлар маъмуриятлари 2017 йил 16 декабрь куни Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг вилоят ҳудудий бошқармасига “Ўзбектелеком” АК Хоразм филиалидан мавжуд интернет карталарни сотиб олиб хорижий сайёҳларга етказиш тизимини ташкил қилиш таклифини берди, бу орқали улардаги Wi-Fi Интернет тизимини ишлатишга тайёр экани билдирилди.

Шунингдек, Хива шаҳридаги жами 37 та меҳмонхонадан 32 таси симли телефон алоқаси ҳамда интернет тармоғига уланган. Қолган 5 та меҳмонхонада қурилиш ишлари охирига етказилмаган ва шу сабабли телефонлаштирилмаган. Ушбу зонада барча мобиль алоқа хизматлари бўйича қамров 100 фоизни ташкил этади.

Президентимизнинг 2017 йил 19 майдаги “2017-2019 йилларда Бухоро шаҳри ва Бухоро вилояти сайёҳлик салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида вилоятдаги сайёҳлар тўпланадиган гавжум жойларда Wi-Fi-ҳудудларини яратиш билан боғлиқ вазифалар белгиланган эди.

Қарор асосида Бухоро шаҳридаги барча тарихий қадамжолар, жумладан, Пойи Калон, Лаби ҳовуз, Тоқи-Саррофон, Тоқи-Телпакфурушон, Тоқи-Заргарон, Абу Али Ибн Сино хиёбони, қадимий Арк майдони, Бухоро аэропорти ҳамда Бухоро автошоҳ бекатлари, Ситораи Моҳи Хоса қасри, Темир йўл вокзали ва Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳларига узоқ масофада ишловчи WI-FI узатгич қурилмалари ўрнатилиб, тайёр ҳолатга келтирилган. Тасдиқланган жадвал асосида хизмат ишга туриширилмоқда. Бухоро шаҳридаги 100 дан ортиқ меҳмонхонада замонавий симсиз Wi-Fi интернет хизматлари жорий этилган.

Вазирликнинг ҳудудий бошқармаси ва Инспекция ҳудудий бўлинмаси томонидан бу борадаги ишлар мониторинги олиб борилмоқда.

Шу ўринда бир мулоҳаза, бугун пойтахтимиз ва вилоят марказларида фаолият олиб бораётган турли кўнгилочар ва савдо мажмуаларида мижозлар учун бепул Wi-Fi зоналари тақдим этилмоқда. Ижара асосида планшет ва бошқа электрон қурилмалардан маълум вақт фойдаланиш имконияти мавжуд. Бу, биринчидан, бу жойларга келувчи харидорларни ўзига жалб этса, иккинчидан, тадбиркорлик субъектига қўшимча даромад келтиради, дегани.

Вилоят ҳокимликлари ҳам тарихий масканларга келаётган сайёҳларга бепул интернет хизматлари тақдим этиш орқали улар ташрифини рағбатлантирса, фойдадан холи бўлмайди.

Мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган алоқа операторлари ҳам тарихий шаҳарларимиз, муқаддас қадамжолар ҳудудидаги алоқа қамровини ўрганиб, хизмат сифатини замон талабларига етказса, аввало, ўз зиммасидаги мажбуриятни бажарган ва қолаверса, юртимиз туризм салоҳиятини юксалтиришга ҳисса қўшган бўлади.

Сир эмас, бирор юртга борсангиз, аввало, соғ-омон етиб келганингиздан уйдагиларни хабардор қилишга шошиласиз. Иқтисоди тараққий этган, туризм ривожланган мамлакатларда бу борада муаммолар учрамайди. Сиз, турли пакетдаги сим карталар орқали алоқа хизматидан фойдаланишингиз мумкин. Сафар давомида мобиль телефонингиз бекаму-кўст ишлаб турса, ўзингизга ишончингиз мустаҳкам бўлади.

Юртимизга келаётган саёҳларни ҳам ўзимизга қиёсласак, масала моҳияти янада ойдинлашади. Бу борада “Uzmobile” компанияси томонидан туристлар учун махсус тарифлар ишлаб чиқилгани, мобиль роутерни ижарага бериш хизматлари жорий этилганини олқишласа арзийди. Бошқа компаниялар ҳам бу борада ўзаро рақобатга киришса, нур устига нур бўлар эди.

Мухтасар айтганда, Ўзбекистон Яратганнинг назари тушган юрт. Дунё тараққиётига муносиб ҳисса қўшган алломалар Ватани. Қадим тарих ва буюк келажак чорраҳасини макон тутган муқаддас гўша. Истиқлол туфайли юртимизда асрларга татигулик оламшумул ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Дунё бизни қайтадан кашф этди. Бугун мамлакатимизда тараққиётнинг янги тўлқини халқимизнинг бунёдкорлик ва яратувчанлик фазилатларини жўш урдирди. Шундай экан, ҳар биримиз ўзимизга талабни қаттиқ қўйиб, дунёқарашимиз ва амалий ҳаракатларимизни замон талабига мослаштирсак, давлатимиз раҳбари ташаббусларини қўллаб-қувватлаган бўламиз.

Дилшод Бўриев, 
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация
технологиялари соҳасида назорат бўйича
давлат инспекцияси матбуот котиби.

ЎзА
9 417