ЎзА Ўзбек

23.05.2019 11:08 Чоп этиш версияси

Сайёҳлар хавфсизлиги қандай таъминланмоқда?

Сайёҳлар хавфсизлиги қандай таъминланмоқда?

Туризм – бу нафақат мароқли саёҳат, балки бутун дунёда муҳим даромад манбаига айланган энг муҳим соҳалардан бири ҳисобланади.

Ўзбекистонда ҳам бу соҳага кейинги пайтда эътибор кучайгани яққол сезилмоқда. Зеро 7 минг 300 дан ортиқ маданий мерос объекти мавжуд бўлган бу ўлка туристик салоҳияти юқорилиги ва ўзига хос, яъни шарқона жозибадорлиги билан ажралиб туради.

Иш юзасидан узоқ йиллар хорижий давлатда бўлганим боис Ўзбекистонга келишим билан ўзим соғинган қадимий шаҳарларни зиёрат қилишни ният қилдим.

Дунёда эртаклар шаҳри, деб ном қозонган қадим Бухорога ташрифим давомида бу мўъжизор шаҳар менда янада қадимийлашган ҳамда навқиронлашгандек таассурот қолдирди. Қадим миноралар, бетакрор обидалар ўтмишдан сўзласа, ён-атрофдаги замонавий меҳмонхоналар, бинолар шаҳарнинг тараққиётдан ортда қолмасликка интилаётганини яққол ифода этади.

Маълумотларга қарганда, Бухорода олти юздан зиёд моддий маданий мерос объекти рўйхатга олинган. Бу салмоқли рақам ўз ортида минглаб, милионлаб сайёҳлар борлигини англатади.

Эътиборимни тортган жиҳати, Бухорога ташриф буюраётган туристларга ҳар томонлама эътибор кучайгани бўлди. Кўрсатилаётган сервис хизматлари кўлами кенгайган, энг муҳими, сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш тизими йўлга қўйилган.

Саёҳатим давомида андижонлик отахон билан суҳбатлашиб қолдим. Шаҳар айланиб толиққан отахон меҳмонхоналардан бирига дам олиш учун борганида, маблағи етмаслигини билиб ноқулай аҳволга тушиб қолибди. Бунга гувоҳ бўлиб қолган ички ишлар органи ходими отахонга ёрдам беришга шошибди. Отахон, бошқа арзон ва қулай меҳмонхоналар ҳам бор, деб уни ўша ерга элтиб қўйибди. Отахон эса бу эътибордан жуда мамнун бўлибди.

Кейин билсам отахонга ёрдамга келганлар “эзгулик полицияси” номини олган “хавфсиз туризм” хизмати ходимлари экан.

Бу воқеадан таъсирланиб, ўша ходимлар билан учрашишга қарор қилдим. Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабзда хавфсиз туризмни таъминлаш бўйича махсус концепция тасдиқланганидан хабарим бор эди. Ҳозирда концепция асосида Бухоро вилояти ички ишлар бошқармасида вазият маркази фаолият кўрсатаётган экан. Марказ хавфсиз туризм ҳолатини мониторинг қилиш, сайёҳларни реал вақт режимида потенциал хавфлардан хабардор этиш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга ёрдамлашиш билан шуғулланади.

Мазкур хизматда фаолият юритаётган, отахонга ёрдам берган инспекторлар Денис Цуканов ва Шавкат Ҳамидовларни топиш қийин бўлмади. Улар билан суҳбат асносида ҳар куни, ҳар соат туристларнинг нафақат хавфсизлигини таъминлаш, балки уларни турли ноқулай вазиятлардан қутқаришга ҳам тўғри келар экан.

Адашиб қолган, борадиган манзилини топа олмаётган кишилар, айниқса, хорижий сайёҳлар тез-тез учраб туради. Уларнинг ўз тилидан бошқа тилни билмаслиги вазиятни янада мураккаблаштириши табиий. Шу йил март ойида Япониядан келган Каору Нишийама ва Хатсуйо Кашаски кечаси меҳмонхонасини тополмай юрганларида эзгулик элчилари уларга беминнат ёрдам берган. Миннатдор бўлган сайёҳлар эртаси куни келиб, инспекторларга миннатдорчилик билдириб кетишган.

“Тоқи телпакфурушон” савдо марказида адашиб қолган россиялик турист Алексей Любичинковский ҳам уларнинг кўмагида мушкул вазиятдан қутилган.

Маълум бўлишича, «Хавфсиз туризм» ягона аппарат-дастурий мажмуаси жорий этилгани сайёҳлар оқимини кузатиш, муаммога учраган туристни аниқлаш ва унга ёрдам бериш имконини бераётган экан. Чунки бу видеокузатув, маълумотларни таҳлил қилиш ва автомат равишда қайта ишлаш, ҳуқуқбузарликлар ва ҳодисалар тўғрисидаги хабарларни қабул қилиш ва рўйхатга олиш тизими орқали барча ҳолатлар тезкор аниқланади ва нохуш вазият аниқланса, зудлик билан бартараф этилади.

Шунингдек сайёҳлар учун мобиль илова яратилган бўлиб, шу орқали сайёҳлар мамлакатимизда бўлиш қоидалари, виза ва рўйхатга олиш жараёнлари, диққатга сазовор манзиллар ва йўналишлар, шунингдек, яқин ички ишлар органи таянч пунктлари ва тиббиёт муассасалари тўғрисида хабардор бўлади. Мазкур мобиль иловада сайёҳ ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мушкул вазиятга тушиб қолганлик тўғрисида хабар юбориши
ёки ўз мамлакатининг консуллик идорасига мурожаат ёзиши ҳам мумкин.

Кўплаб хорижий давлатларда мавжуд бўлган туристик полиция ҳам ана шундай замонавий мезонлар асосида фаолият кўрсатади. Ўзбекистонда ҳам халқаро андозларга мос хавфсиз туризм хизмати самарали фаолият кўрсатаётани диққатга сазовор.

Бу каби омиллар мамлакатимизга келадиган туристлар оқимини кўпайтиришга ҳам хизмат қилади. Зеро, нафақат жозибадор, балки тинч ва айни вақтда хавфсизлик таъминланган жойгагина сайёҳлар қизиқиш билан қараши турган гап.

Шуҳрат НЕЪМАТОВ,
тадбиркор.

ЎзА
2 406