ЎзА Ўзбек

09.07.2019 12:00 Чоп этиш версияси

“Регистонда вақт тушунчаси йўқолади, гўёки абадийликка дахлдорсиз”

“Регистонда вақт тушунчаси йўқолади, гўёки абадийликка дахлдорсиз”

Самарқанд шаҳрида МДҲ давлатларининг I туризм ярмаркаси ва МДҲ мамлакатлари Туризм кенгаши иш бошлади.

Россия, Грузия, Озарбайжон, Арманистон, Қозоғистон каби давлатлардан келган юзлаб туризм соҳаси вакиллари орасида иштирок этаётган МДҲ давлатларининг спорт, маданият, туризм ва ёшлар масалалари бўйича ҳамкорлик кенгаши вакили Татьяна Ковалеванинг фикрлари эътиборимизни тортди.

– Самарқандга Ўзбекистон Президент сайлови ўтказилганда кузатувчи сифатида келган эдим, – дейди Татьяна Ковалева. – Шунда Самарқанд тарихий, шунингдек, у нафақат ўзбекларнинг, балки бу ерга келган ҳар бир инсон қалбида муҳаббат уйғотадиган шаҳар эканига гувоҳ бўлган эдим.

Бугун шаҳар янада юксалибди, тарих ва замонавийлик уйғунлашган масканга айланганига гувоҳ бўлдим. Кеча кечқурун шунчаки шаҳар айланиб, Регистон майдонидаги шоуга тушиб қолдик. Бунда миллий ва замонавий мусиқалар, турли ранглар, ритм ва ёқимли ҳаводан кўз ва дил яйрайди. Қалбингизда вақт тушунчаси йўқолади, гўёки сиз абадийликка дахлдорсиз. Тўғриси, биргина Регистондаги ана шу ҳайратомуз ҳолат дунё аҳлини бу ерга келишига арзийди.

Бугунги учрашувга қайтадиган бўлсак, МДҲ давлатлари ўртасида биринчи маротаба ўтказилаётган туризм ярмаркаси Ўзбекистон ташаббуси билан ташкил этилди. Биз ҳам уни қўллаб-қувватладик. Зеро, бу тадбирлар МДҲ давлатлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтиришда қўл келади. Биз келгусидаги ҳамкорлик борасида маслаҳат қиламиз ва режа ишлаб чиқамиз. Ундаги муҳим воқеалардан бири, сайёҳлик борасида ўн йилга мўлжалланган ҳамкорлик стратегияси ишлаб чиқилишидир. Соҳага тегишли кадрлар тайёрлаш, саёҳат қилишнинг янада таассуротларга бой ва қизиқарли бўлиш борасида янги лойиҳалар ишлаб чиқиш эътиборда бўлади.

Бугунги учрашувда сайёҳлар учун янги йўналишлар очилади. Ипак йўлига саёҳат, ресторан туризми, ЮНЕСКОга кирган манзиллар изидан бориш шулар сирасидан. Энг муҳими, ҳамкорлик борасида хавфсизлик масалаларини таъминлаш, янгидан янги гўзал масканлар эшигини очиш борасида келишиб олинади.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, юртимизга ўтган йили 5 миллион 300 минг сайёҳ дунёнинг элликдан ортиқ мамлакатидан ташриф буюрди. Жорий йилда эса уларнинг сонини 6 миллион нафардан ошириш мўлжалланмоқда. Бунда эса МДҲ мамлакатлари ўртасидаги қўшма лойиҳалар сонинг ортиши ҳамкорлик ва аҳил қўшничилик руҳини янада оширишга хизмат қилади.

Сайёра ШОЕВА, ЎзА
2 192