ЎзА Ўзбек

11.05.2019 Чоп этиш версияси

Хоразмнинг туристик салоҳияти юксалмоқда

Хоразмнинг туристик салоҳияти юксалмоқда

Ҳурматли, йўловчилар Андижон – Тошкент – Урганч йўналишидаги поезд 5 дақиқадан кейин жўнайди...

Қўшиқларда эшитганимиз Тошкентдан Хоразмгача 1100 километр, дея қалбда ҳаяжон билан “темир тулпор”дан ўз жойимизни эгалладик. Бизни Республика ёш ижодкорлар кенгаши томонидан ташкил этилган “Ўзбекистон баҳори” II республика анъанавий ижод фестивалига таклиф этишган эди.

Поезд Тошкент Жанубий вокзалидан соат 21:42 да Хоразм томон йўлга чиқди.

Абдулла Орипов, Худойберган Девонов, Комилжон Отаниёзов ҳақидаги қизиқ воқеалар...

photo_2019-05-11_11-50-11 (2).jpg

Олис йўлда яхши суҳбатдош керак. Бизга 70 баҳорни қаршилаган ва 30 йилдан буён Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтда ранг тасвир ва чизма тасвир фанларидан сабоқ берадиган Эркабой Машарипов ҳамроҳлик қилди.

Асли туркманистонлик бўлган Эркабой бобо 1968 йиллар Ўзбекистонга таҳсил олиш учун келиб, шу ерда муқим қолиб кетибди. Туркманистонга қариндошларини кўргани кетаётган экан.

– Урганчдан она юртимга ўтиб кетаман, – дейди у дераза ортидан қоронғу тун қаърига назар солганча.

photo_2019-05-11_11-50-11.jpg

Поездимиз Гулистон вокзалида бир зум нафас ростлаб олди. Манзилига етиб келган тушиб, узоқ манзилларни кўзлаган йўловчилар яна қайтиб вагонларга чиқишди.

Эркабой бобо Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов ижодидан шеърлар ўқиди. Сўнг бир шеър тарихи ҳақида сўзлади. Айтишича, унинг бир дўсти ўша шеърни Абдулла Ориповга ўқиб берибди. Шоир шеър ҳақида фикрларини билдириб, бироз танқид қилибди. Энг қизиғи, ўша шеърни мактабга ўқиб юрганида Абдулла Ориповнинг ўзи ёзган эмиш. Бундан ажабланган шоир ўз шеърини қоғозга тушириб олибди. Эркабой бобо шоир билан боғлиқ яна кўп қизиқ воқеаларни айтиб берди.

Гап билан бўлиб Жиззахга етиб келганимизни билмай қолдик. Суҳбатимиз эса тобора қўр олмоқда эди...

photo_2019-05-11_11-50-12.jpg

Гап айланиб, мавзу биринчи ўзбек кинооператори ва суратчиси Худойберган Девоновга кўчди. У ўз фильмларида ватанпарварлик, маърифатпарварлик ғояларини илгари сурган. Хоразм халқи урф-одатларини ифодалаган мингга яқин фотосурат олган. У яшаган йиллардаги воқеалар, умрининг ачинарли завол топиши ҳақида сўзлаб берган суҳбатдошимиз узоқ ўйга толди. Сўнг Хивада унинг ҳаёт йўли акс эттирилган суратлари борлигини, албатта бориб кўришимизни маслаҳат берди.

Суҳбатдошимиз тарихий суратлар ҳам чизаркан. Бир нечта суратининг тарихи ҳақида ҳам айтиб ўтди.

photo_2019-05-11_11-21-25.jpg

– Ижодкор аниқ мақсадни кўзлаб, ижодга киришмайди, уни илҳом бошқаради, – дейди у.

Биз ўтирган “темир тулпор” Самарқандда ҳам бироз тин олди. Йўловчилар тушади, йўловчилар чиқади...

Суҳбат Хоразм мавзусига кўчди.

– Ўзбекистонда яшаяпсанми Хоразмга ҳеч бўлмаса бир марта бориб кўриш керак. Акс ҳолда бу диёрда яшаганинг бекор, – дейди суҳбатдошимиз ҳаяжон билан, Президентимизнинг ички туризмга алоҳида эътибор бераётганини эътироф этиб.

photo_2019-05-11_11-21-26 (2).jpg

Мароқли диллашувимиз Ўзбекистон халқ артисти Комилжон Отаниёзов мавзусига кўчди. Эмишки, ҳофиз машинада кетаётганда беихтиёр шофёр кўлмакдан ўтаётиб бир йўловчининг устини шалаббо қилибди. Комилжон Отаниёзов тушиб йўловчидан узр сўрабди. Янги костюм шим олинг, деб пул узатибди. Йўловчи олмас эмиш. Унда тўйга айтасиз, ўзим хизмат қиламан, “Костюм тўй” деб айтсангиз бўлди, дебди ҳофиз. Бир неча йилдан сўнг ўша йўловчи “Костюм тўй” қилибди. Ҳофиз ярим тунгача дил тортар қўшиқлар куйлабди. “Хоразмда ана шундай самимий, ваъдасига вафо қиладиган ва овози билан дунёни олган ҳофизлар ҳам етишиб чиққан”, – деди Эркабой бобо.

...Қуёш тоғлар орасидан бош кўтарди. Биз Навоийнинг бепоён кенгликлари оралаб илдам кетмоқдамиз. Юртимиз табиати турфа хил. Бир қарасанг ям-яшил адирлар, бир қарасанг буғдойзор. Кейин қўй-қўзилар ўтлаб юрган яйловлар, ундан кейин саксовул бетартиб бўй илдиз отган адоғи кўринмас маскан. Учқудуқ, Мискин, Ҳазорасп, Урганчдан ўтиб Хива вокзалига етиб келдик.

Вокзалдан чиқарканмиз, “хуш галденгиз, оға” деб хушмуомала йигитлар кутиб олди.

photo_2019-05-11_11-21-26.jpg

Ҳол-аҳвол сўрашдик, манзил томон йўлга тушдик. Йўл-йўлакай биз Хоразмнинг туризм салоҳияти билан қизиқдик.

– 2019 йилнинг биринчи чорагида вилоятда 342 та хона ва 773 та ўриндан иборат бўлган 35 та жойлаштириш воситалари фойдаланишга топширилди, – дейди Хоразм вилояти Туризмни ривожлантириш департаменти директори ўринбосари Санъат Собиров. – Вилоятда 2017 йил давомида сайёҳлик ташкилотлари сони жами 22 тани ташкил этган бўлиб, бу кўрсаткич 2018 йилда 34 тани ва бугунги кунда уларнинг сони 39 тани ташкил қилади. Жорий йилда вилоятда жами 9 туроператор фаолияти йўлга қўйилди. Бундан ташқари, 114 та гид-экскурсаводлар тегишли сертификатлар олиб сайёҳларга хизмат кўрсатиб келмоқда. Инглиз, рус, француз, немис, испан, италиян, турк, корейс, япон тилларида таржимонлар бор.

Таъкидланишича, бугунги кунда Хоразм вилоятида моддий маданий мерос объектлари 239 тани ташкил қилиб, шундан 17 та археология, 134 та архитектура объектлари, 80 та монументал санъат ёдгорлиги, 2 та музей ҳамда 6 та диққатга сазовор жойларни ташкил қилади. 2018 йилда вилоятда 14 та моддий маданий мерос объекти реконструкция қилинган бўлса, 2019 йил давомида 39 та шундай объект реконструкция қилиниши режалаштирилган.

photo_2019-05-11_11-21-27.jpg

2018 йилда вилоятга жами 1 миллион 654 мингга яқин сайёҳ ташриф буюриб, шундан 123 мингдан зиёди хорижлик ва 1 миллион 529 мингга яқини маҳаллий сайёҳ бўлган.

– 2018 йилда туризм салоҳияти ва инфратузилмасини янада ривожлантириш мақсадидаги Дастур доирасида жами 123,7 миллиард сўмлик инвестиция ўзлаштирилиш ҳисобидан 52 лойиҳа амалга оширилди. Натижада 600 дан зиёд янги иш ўрни яратилди, – дейди Санъат Собиров. – Жойлаштириш воситалари фаолиятини ривожлантириш бўйича меҳмонхоналар, кемпинглар ва оилавий меҳмон уйларини ташкил қилиш йўналиши бўйича 80,6 миллиард сўм маблағ ўзлаштириш ҳисобига 13 та лойиҳа, шундан 2 та меҳмонхона, 6 та меҳмон уйи ва 5 та оилавий уй меҳмонхоналари ташкил этилди. Транспорт хизмати кўрсатиш фаолиятини ривожлантириш бўйича 5,5 миллиард сўм маблағ ўзлаштириш ҳисобига 11 та лойиҳа, шундан замонавий туризм тоифасидаги 6 та автобус, 11 та микроавтобус ва 4 та электромобиль харид қилинди. Гастрономик туризмни ривожлантириш бўйича 34,1 миллиард сўм маблағ ўзлаштириш ҳисобига 22 та лойиҳа, шундан замонавий 18 та ресторан ва 4 та кафе фаолияти йўлга қўйилди.

Мутахассиснинг таъкидлашича, Хоразм вилоятида 2019-2020 йилларда маҳаллий ва хорижий ташаббускорлар томонидан жами қиймати 764,1 миллиард сўм миқдоридаги маҳаллий ва тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилиши ҳисобига 103 та лойиҳа амалга оширилиши ҳамда 1 минг 717 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

2 минг 478 та хонадан иборат 62 та меҳмонхона ташкил этиш бўйича маҳаллий ва хорижлик инвесторлар томонидан лойиҳалар амалга оширилиши натижасида вилоятдаги жойлаштириш воситаларидаги хоналар ва ўринлар сони 1,8 мартагача ортишига эришилади. Шу билан бирга, ушбу жойлаштириш воситаларининг 9 таси 4 юлдузли ва 25 таси 3 юлдузли меҳмонхона бўлиши кўзда тутилган. Шу ва бошқа кўплаб лойиҳалар амалга оширилиши натижасида 1 та замонавий аквапарк ва 1 та туристик комплекс фаолиятининг йўлга қўйилиши режалаштирилган.

Бугун Республика ёш ижодкорлар кенгаши томонидан ташкил этилган “Ўзбекистон баҳори” II республика анъанавий ижод фестивалининг асосий тадбирлари бошланди.

Сайтимизни кузатиб боринг.

6 089
Хуршид Қодиров, Жонибек Қўзимуродов (сурат), ЎзА