Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.10.2017 19:34 Чоп этиш версияси

“Ипак йўлида туризм” халқаро сайёҳлик ярмаркаси якунланди

“Ипак йўлида туризм” халқаро сайёҳлик ярмаркаси якунланди Тошкентда 5 октябрь куни “Ипак йўлида туризм” 23-Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси якунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва қатор ҳамкор ташкилотлар томонидан БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти кўмагида ташкил этилган мазкур форумда Ўзбекистон, Буюк Британия, Япония, Индонезия, Малайзия, Сингапур, Ҳиндистон, Туркия, Қирғизистон, Озарбайжон, Латвия каби 30 дан ортиқ мамлакатдан юздан зиёд сайёҳлик компания ва фирмалари вакиллари иштирок этди.

Жорий йилги Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси ҳам ўзаро фойдали мулоқотлар ва манфаатли келишувларга бой бўлди. Унда мамлакатимиз ҳудудларининг ранг-баранг анъана ва удумлари, миллий ҳунармандлик маҳсулотлари намуналари намойиш этилди. Иштирокчилар кўргазма доирасида ташкил этилган тақдимотлар ва кўргазмали чиқишлар орқали юртимизнинг туризм салоҳияти, халқимизнинг бетакрор маданияти билан танишди. Туризмнинг зиёрат, экологик, маърифий, этнографик, гастрономик, спорт, даволаш-соғломлаштириш, қишлоқ хўжалиги, саноат, ишбилармонлик, болалар, ёшлар ва оилавий каби янги турларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида маълумот берилди.

“Ипак йўлида туризм” халқаро сайёҳлик ярмаркаси якунланди

– Сайёҳлик соҳаси дунё миқёсида жадал ривожланмоқда, – деди Туркиянинг мамлакатимиздаги элчихонаси маслаҳатчиси Жесим Челеби. – Бу нафақат мамлакатлар молиявий барқарорлиги, балки халқлар ўртасидаги маданий-маънавий алоқаларни мустаҳкамлаш, табиат ва инсон ўртасидаги муштаракликни сақлаш кафолатидир. Ўзбекистон бетакрор диёр. Қадимий шаҳарларингиздаги ноёб маданий-маънавий мерос юртингизда туризмни ҳар томонлама ривожлантириш имконини бермоқда. Ярмаркада бутун дунёдан соҳа вакилларининг иштирок этгани мамлакатингизнинг сайёҳлик салоҳияти ортиб бораётганидан далолат. Бу халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлади.

Тадбирда меҳмонхона ва ресторанлар, музейлар, суғурта компаниялари, транспорт-логистика тармоқлари, дам олиш масканлари вакиллари ўз хизматларини тақдим этди. Меъморий обидаларимиз акс этган экспонатлар, халқ ҳунармандлиги буюмлари тадбир қатнашчиларида катта таассурот қолдирди.

– Ўзбекистон ҳақида илгари эшитган бўлсам-да, мамлакатингиз тўғрисида тўлиқ тасаввурга эга эмасдим, – деди “X Trans” сайёҳлик компанияси менежери Деви Исманто (Индонезия). – Халқаро туризм ярмаркасида давомида ўзбек халқининг буюк маънавият соҳиби эканига амин бўлдик. Ҳунармандлар ясаган буюмлардаги нақшлар ва ранглар жозибаси кўзни қувонтиради, уларда юксак интеллектуал ва ижодий салоҳият намоён. Ярмарка ҳамкорлигимизда янги саҳифа очди. Юртингизга сайёҳларни жалб қилиш бўйича пойтахтингиздаги бешта фирма билан шартнома имзоладик.

Ярмаркада Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг сайёҳлик салоҳияти кенг намойиш этилди. Сопол ва чинни маҳсулотлари, мисгарлик буюмларини тайёрлаш, зардўзлик, каштачилик бўйича маҳорат дарслари ўтказилди. Миллий ҳунармандлик буюмлари ҳамда либослар намойиши уюштирилди.

“Ипак йўлида туризм” халқаро сайёҳлик ярмаркаси якунланди

“Даволаш-соғломлаштириш” бўлимидан ўрин олган дам олиш ва соғломлаштириш масканлари, мамлакатимизнинг тиббиёт туризми соҳасидаги имкониятлари хорижликларда катта қизиқиш уйғотди. Соғломлаштириш масканларида ташхис қўйиш ва даволаш, табиий йўл билан саломатликни тиклаш борасида эришилаётган тажрибалар юқори баҳоланди.

Анжуман доирасидаги “Hosted Buyers” (Профессионал харидорлар) дастури мамлакатимизда туризм соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш, истиқболли ҳамкорликни ривожлантириш, сайёҳларни жалб қилиш имконини берувчи имтиёзларни ишлаб чиқишга хизмат қилади.

“Туризм соҳасида интерактив хизматлар”, “Сайёҳлик соҳасидаги компаниялар интеграциялашуви” мавзуларидаги тақдимотлар маҳаллий ва хорижий сайёҳлик ташкилотларининг ҳамкорликдаги лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириш истиқболларига бағишланди.

Ярмарка сўнгида энг яхши сайёҳлик йўналиши тақдимоти, энг яхши стенд, энг яхши хизмат, энг яхши дизайн, компания ва меҳмонхона тақдимоти, тематик бўлим ва туристик имкониятлар, сермаҳсул ҳамкорлик каби қатор йўналишлардаги танловлар ғолиблари тақдирланди.

Улуғбек Шоназаров,Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА
7 140






Все о погоде - Pogoda.uz