Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.10.2017 20:28 Чоп этиш версияси

“Ипак йўлида туризм” 23-Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси давом этмоқда

“Ипак йўлида туризм” 23-Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси давом этмоқда Азим Самарқанд, кўҳна Бухоро, Амир Темурга бешик бўлган Шаҳрисабз замини, буюк мозийдан сўзловчи Хива – буларнинг бари асрлар оша тиллардан-тилларга достон бўлиб, сайёҳлару хорижий меҳмонларни ўзига жалб этиб келмоқда.

Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” кўргазмалар залида давом этаётган “Ипак йўлида туризм” 23-Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси ташриф буюрувчилар билан гавжум. Юзлаб хорижий меҳмонлар мамлакатимизнинг туризм салоҳияти, миллий ҳунармандчилик намуналари билан яқиндан танишиб, миллий куй-қўшиқ ва лапарлар, алёрлардан, урф-одат ва инсоний кечинмалар ҳақида куйловчи чанқовуз садоларидан баҳраманд бўлишмоқда.

68.JPG

Ўзбек халқи табиатидаги меҳр-оқибат ва меҳмондўстлик, шонли тарих ва маънавият сарчашмаси самарасида яратилган нодир осори-атиқалар, ундаги мураккаб ва нафис нақшлар уйғунлиги сайёҳлар, хорижий меҳмонларнинг ҳайрат ва ҳавасига сабаб бўлмоқда. Дунёнинг турли минтақаларидан элликдан зиёд сайёҳлик компанияси ҳамда фирмалари иштирок этаётган мазкур ярмарка ана шундай кўтаринки кайфиятда, ўзаро ҳамкорлик алоқаларига бой тарзда ўтмоқда. 

71.JPG

ЎзА мухбири ярмарка иштирокчиларининг таассуротлари билан қизиқди.

Катя Чжу, “Катюша Тур” сайёҳлик компанияси бош директори (Сингапур):

– Ўзбекистонда сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор берилмоқда, қатор халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда бу йўналишда кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. “Ипак йўлида туризм” Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси ана шундай йирик лойиҳалардан биридир. Бу халқаро сайёҳлик компанияларини мамлакатга жалб қилиш билан бирга, мазкур йўналишда фаолият юритаётган фирма ва ташкилотлар учун жаҳон бозорида ўз хизматларини намойиш этиш имконини ҳам бермоқда. Ўтган йили юртингизда ўтказилган халқаро ярмаркада биринчи бор иштирок этиб, катта тўпламдаги шартномаларни имзолашга муваффақ бўлган эдик. Бу фаолиятимизни янада кенгайтириш, хизмат турларини сифат жиҳатдан яхшилашга имкон берди.

Бу йил ҳам ярмаркада фаол қатнашишга ҳаракат қилмоқдамиз. Анжуман доирасида хизмат кўрсатиш соҳасидаги имкониятлар намойиш этилаётганини юқори баҳолаймиз. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони сайёҳларнинг мамлакатингизда бўлиши учун қулай имкониятларни туҳфа этгани билан алоҳида аҳамиятга эга. Бундай саъй-ҳаракатлар Ўзбекистонга сайёҳлар оқимининг ортишига ва мамлакатнинг сайёҳлик соҳасидаги жозибадорлигини таъминлашга хизмат қилади.

Аҳмед Эльгенди, Миср Араб Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонаси туризм офиси раҳбари:


– Ўзбекистонни Мисрда тарих ва замонавийлик акс этган мамлакат сифатида билишади. Юртингизда улуғ алломалар етишиб чиққани тарихдан маълум. Бу заминнинг ўзига хос табиати, ноёб флора ва фаунаси, тарихий обидаларини дунёнинг бошқа минтақаларида учратмайсиз. Шу боис юртингизга саёҳат қилишни хоҳлайдиганлар кўп. Халқаро сайёҳлик ярмаркасининг мунтазам ўтказиб келинаётгани жаҳонда Ўзбекистон брендини оммалаштиришда катта ўрин тутмоқда.

Бу йилги тадбир ҳам юқори савияда ташкил этилган. Унда дунёнинг кўплаб давлатларидан туристик ташкилотлар вакиллари иштирок этаётгани айни муддао. Ўзбекистоннинг улкан сайёҳлик салоҳиятини намоён этаётган мазкур анжуман нафақат иқтисодий имкониятларни кенгайтиришга, балки турли халқлар ўртасидаги дўстлик, ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашга ҳам замин яратади.

Айхан Султонов, “Khazar Travel” сайёҳлик компанияси менежери (Озарбайжон):

– Ўзбекистонда туризм саноати йил сайин такомиллашиб, сайёҳлик компаниялари фаолияти учун катта қулайликлар яратилмоқда. Ушбу ярмарка ўзаро манфаатли алоқаларимизни янада кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этаётир.

Ярмарка доирасида тарихий, маданий, табиат ҳамда соғломлаштириш каби сайёҳлик йўналишларига оид хизматларимиз билан қатнашмоқдамиз. Икки кун давомида ўттизга яқин компания ва фирмалар билан ўзаро манфаатли шартномалар тузишга эришдик. Логистика-транспорт тармоғида яратилаётган қулайликлар бизга маъқул келди.

Назира Мамадалиева, “Andijon Turist” масъулияти чекланган жамияти бўлим бошлиғи:

– Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, сайёҳлик операторлари улар томонидан кўрсатиладиган хизматлар учун тушадиган хорижий валютадаги маблағни мажбурий сотишдан озод қилинган. Бу эса фаолиятимизни янада ривожлантириш, шу билан бирга, бўш иш ўринлари яратиш имконини бермоқда.

Хусусий тадбиркорлар томонидан олис ҳудудларда меҳмонхона, дам олиш масканларининг ишга туширилаётгани бугун давлатимиз томонидан фаол қўллаб-қувватланмоқда. “Andijon Turist” сайёҳлик фирмаси ички туризмни оммалаштириш мақсадида транспорт ва меҳмонхона тақдим қилиш, таржимонлик каби хизматларни йўлга қўйган. Жорий йилнинг биринчи ярмида уч юздан зиёд сайёҳга юқори даражадаги хизмат кўрсатишга эришдик.

Хорижий компаниялар билан манфаатли алоқаларни йўлга қўйиб, фаолиятимизни янада кенгайтиришни олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Ярмарка доирасида Ҳиндистон, Латвия, Туркия сайёҳлик компаниялари ҳамда қирққа яқин маҳаллий фирмалар билан шартнома туздик.

Маҳбуба Алиева, Тошкент давлат иқтисодиёт университети халқаро туризм факультети доценти:

– Мамлакатимизда туризм соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қатор дастур ва лойиҳалар ишлаб чиқилиб, ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Меҳмонхона иши, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси, гид-таржимон каби қатор йўналишларда кадрлар тайёрланмоқда. Ушбу ярмарка мамлакатимизнинг ўзига хос сайёҳлик салоҳиятини кенг намойиш этиш, бу йўналишдаги ҳамкорликни янги босқичга кўтариш, малакали кадрлар тайёрлаш, хорижий давлатлардаги илғор таълим муассасалари билан талабалар алмашинувини фаоллаштириш, уларнинг амалиёт ўташини ташкил этиш имконини тақдим этмоқда.

Университетимиз ярмаркадаги иштироки давомида ўндан зиёд ана шундай шартномалар тузишга муваффақ бўлди. Бундай халқаро тадбирларнинг мунтазам ўтказилиши сайёҳлик соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, хизмат кўрсатиш, сайёҳлик ва меҳмонхона менежменти йўналиши бўйича илғор тажрибани оммалаштириш, таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга улкан ҳисса қўшади.

Улуғбек Шоназаров, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА
6 232






Все о погоде - Pogoda.uz