ЎзА Ўзбек

11.06.2019 13:36 Чоп этиш версияси

ИИВ: “Туристик полиция ходимлари авваломбор рус тилини билиши керак”

ИИВ: “Туристик полиция ходимлари авваломбор рус тилини билиши керак”

Ўзбекистонда Хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари ходимларига аввало рус тилини билиш талаби қўйилмоқда. 

Бу ҳақида ИИВнинг Хафвсиз туризмни таъминлашни мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Абдурашид Алишеров маълум қилди.

“МДҲ давлатларидан келаётган туристларни барчаси рус тилини билишлари туфайли бизнинг ходимларимиз аввало рус тилини билишлари керак деб ҳисоблаймиз. Бу юртимизга келаётган туристларда ходимларимиз ҳақида ижобий имиджни шакллантиришга хизмат қилади”, деди А.Алишеров журналистларга.

Шунингдек, полиция ходимлари бутун дунёда универсал тил ҳисобланган инглиз тилида ҳам гапиришни билиши керак. Туристларда савол ёки муаммо пайдо бўлган ҳолларда, ходимлар улар билан бемалол гаплашиб муаммони тезда бартараф этишга ёрдам беради, дейди Хавфсиз туризм бошқармаси бошлиғи.

Маълумки, хитойлик туристлар сони ҳам йилдан йилга кўпайиб бормоқда. Келажакда Ўзбекистонга келаётган хитойлик сайёҳлар оқими ошиши кутилаётгани муносабати билан, хитой тилини биладиган ходимларимиз сонини ҳам кўпайтириш режаси бор, дейди туристик полиция бошлиғи. 

Туризм полицияси бошқармаларининг асосий вазифаси – туристларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкини турли жиноий тажовузлардан ҳимоя қилиш, ёрдамга муҳтож сайёҳларга тезкор ва сифатли ёрдам кўрсатиш вазифалари юклатилган, дейди А.Алишеров.

ЎзА
1 972