ЎзА Ўзбек

25.10.2019 Чоп этиш версияси

“Гўзал юриш” объектида Ўзбекистон

“Гўзал юриш” объектида Ўзбекистон

Франциянинг “Bо Travail” кинокомпанияси вакиллари Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти билан танишиш мақсадида юртимизга келди. Мақсад “Echappees Belles” (Гўзал юриш) теледастурининг навбатдаги сонида Ўзбекистондаги шаҳарлар ҳақида репортажлар тайёрлаш бўлиб, келгусида келадиган сайёҳлар оқимини янада кўпайтириш кўзда тутилган.

Қайд этиш жоизки, 2005 йилда ташкил этилган ушбу кинокомпания фрацуз ҳужжатли фильмлари билан бир қаторда тарихий, илмий, ижтимоий ва туризм лойиҳаларини яратишга ихтисослашган. Улар тайёрлаган кўрсатувлар ҳар ҳафтанинг шанба куни Франциянинг етакчи “Франция 5” телеканалида намойиш этилади.

– “Echappees Belles” (Гўзал юриш) теледастури бу ижодкорларнинг 2006 йилдан буён намойиш этилаётган энг машҳур ўқув дастури ҳисобланади, –дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакили Шерзод Султонов. – У кенг аудиторияга мўлжалланган бўлиб, тахминан 1,5 миллион томошабинга, шунингдек, ижтимоий тармоқларда 500 мингга яқин обуначига эга. Тайёрланган кўрсатувлар youtubeда 32,4 миллион марта кўрилган.

Хорижий делегация вакиллари Тошкент, Самарқанд, Нурота, Бухоро, Хива, Нукус ва Мўйноқ каби ҳудудларнинг ўзига хос маданияти, табиати ва маҳаллий аҳолининг турмуш тарзи билан танишади. Шу асосда суратга олиш ишлари олиб борилади.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси ташаббуси билан ташкил этилган телевизион тасвирга олиш жараёни икки босқичда бўлиб ўтади. Тайёрланадиган кўрсатув “Франция 5” телеканалида 2020 йилнинг 2 май куни кечки дастурларда намойиш этилиши режалаштирилган.

7 220
ЎзА