Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.02.2017 12:26 Чоп этиш версияси

Фарғонада туризм ривожланмоқда

Туризм иқтисодиёт тармоқлари ривожи, қўшимча иш ўринлари яратиш, шунингдек, халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш каби ўта долзарб масалалар ечимида муҳим роль ўйнайди. Мамлакатимиз бу борада улкан салоҳият ва имкониятларга эга.

Президентимиз ташаббуси билан туризм саноатини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида мамлакатимизнинг гўзал табиати, муқаддас қадамжолари, ноёб меъморий обидалари ҳамда файзли гўшалари дунё аҳлини тобора ўзига мафтун этмоқда.

Мустаҳкам тинчлик ва барқарорлик, ўзаро меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик муҳити, дунёга машҳур ўзбекона меҳмондўстлик, шунингдек, замонавий меҳмонхоналар ва дам олиш масканлари, уларда кўрсатилаётган юксак сифатли хизмат турлари бу борада муҳим омил бўлаётир.

Айни пайтда юртимизда сайёҳликнинг экотуризм, геотуризм, экстремал, тиббий ва маданий йўналишлари, отда, туяда, автомобилда саёҳат қилиш, альпинизм, балиқ ови, рафтинг каби кўплаб турлари ривожланиб бормоқда.

Азалдан меҳмондўстликни жойига қўйиб, кўпчиликка ўрнак бўлган халқимиз истиқлол йилларида ана шу ажойиб фазилатини сайёҳлик индустрияси, хизмат кўрсатиш соҳасини такомиллаштириш орқали янада яққолроқ намоён этаётир. Бунда Ўзбекистон Республикасининг “Туризм тўғрисида”ги қонуни, Президентимизнинг 2016 йил 2 декабрдаги "Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Фарғона вилояти тарихий обидалари, табаррук қадамжолари, замонавий иншоотлари билан сайёҳлар эътиборини тортмоқда. Хусусан, вилоят маркази, қадимий Қўқон, Марғилон шаҳарлари ва Риштон тумани узоқ-яқиндан келган меҳмонлар билан доимо гавжум. Вилоятда янги сайёҳлик йўналишларини очиш, меҳмонларни тарихий обидалар, миллий ҳунармандлик ва халқ амалий санъати намуналари билан таништириш учун қулай шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Вилоятдаги 30 га яқин замонавий меҳмонхона сайёҳлар ихтиёрида.

Бурҳониддин Марғиноний, Саид Аҳмад Эшон мажмуалари, Пирсиддиқ Ҳазрат чиллахонаси ва мақбараси, Увайсий уй-музейи, ҳунармандлар устахоналари, Қўқон шаҳридаги Худоёрхон саройи ва унда жойлашган ўлкани ўрганиш музейи, Жомеъ, Камолқози масжидлари, Норбутабий мажмуаси, Даҳмаи Шоҳон ва Мадалихон тарихий ёдгорликлари, Фарғона шаҳри ҳамда Қувадаги Аҳмад Ал-Фарғоний мажмуалари бўйлаб уюштирилаётган саёҳатлар туристларда юртимиз тарихи ҳақида катта таассурот қолдирмоқда.

Вилоятдаги табиий сув ҳавзалари билан боғлиқ ёдгорликлар, адир геокомплексларидаги экотуристик объект ва ҳудудлар ҳам ўзига хос. Ўзбекистон, Учкўприк ва Риштон туманларидаги табиий булоқлар, Олтиариқ туманидаги асрий қайрағоч ва шарқ чинори, Акбаробод ва Зилҳа қумлари, Сариқўрғон тепалиги, Китконтепа, Саурбулоқ, Ёмонжар жарлари, қадимий пистазорлар, Оқбилол ғори каби табиат ёдгорликлари ҳар қандай кишини ўзига мафтун этади.

Вилоятда туризм соҳасида гастрономик, экологик ва агротуризм турларини шакллантириш ва ушбу йўналишлар бўйича аниқ туристик объектлар ва транспорт-логистикаси тизими ишлаб чиқилган. Унга кўра, Фарғона, Марғилон ва Қўқон шаҳарларида “Ош марказлари” ташкил этилди. Риштон туманида Тоҳиржон Ҳайдаровнинг кулолчилик мактаби ва уй-музейи иш бошлади.

– Бугун Фарғонага келган сайёҳлар, албатта, Риштон туманига ҳам ташриф буюради, – дейди ҳунарманд Т.Ҳайдаров. – Бу ерда уста кулоллар томонидан тайёрланаётган маҳсулотлар уларни ҳайратга солмоқда. Биз ҳам сайёҳларни миллий ҳунармандчилигимиз билан таништириш мақсадида кулолчилик устахонаси ва уй-музейи ташкил қилдик.

Мухтасар айтганда, давлатимиз раҳбарининг юқорида қайд этилган фармони туризм саноатини, жумладан, юртимизнинг барча ҳудудларида замонавий жаҳон стандартларига, туристларнинг эҳтиёжлари ва талабларига жавоб берадиган сайёҳлик индустрияси объектларини ривожлантиришга хизмат қилади. Бу борада Фарғона вилоятида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
5 422






Все о погоде - Pogoda.uz