Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.03.2017 15:28 Чоп этиш версияси

Етук мутахассис – соҳа истиқболи

Етук мутахассис – соҳа истиқболи Меҳмонхонага мижоз кириб келади, меҳмонларни кутиб олиш ва қабул қилиш бўлими ходимидан бўш жой бор-йўқлигини сўрайди.

Роль ўйнаётган талабаларни ўқитувчи шу ерда тўхтатади ва тушунтиради:

– Мижозларни юқори маданий-эстетик талаблар асосида кутиб олиш, тез ва тартибли жойлаштириш меҳмонхона ишида энг муҳим босқичдир. Меҳмондаги илк таассурот ушбу жараёнда ҳосил бўлади...

Тошкент давлат иқтисодиёт университети халқаро туризм факультетининг “Туризм ва сервис” кафедраси ўқитувчиси Дилноза Умирова меҳмонхона хизматларининг тавсифи ва ўзига хос хусусиятларига оид дарсни факультетнинг янги ўқув амалиёт марказида олиб бормоқда.

Меҳмонларни кутиб олиш ва қабул қилиш бўлими, ресторан ва кафе-бар, ётоқхона павильонлари шинам жиҳозланган ушбу марказда талабалар мижозларни кутиб олиш, рўйхатдан ўтказиш, дастурхонга таом тортиш, меҳмонлар билан муомала қилиш, юзага келган муаммоларни бартараф этиш бўйича амалий машғулотлар ўтказмоқда.

– Ўқув амалиёт марказимизда худди замонавий меҳмонхоналардагидек муҳит яратилган, – дейди Д.Умирова. – Меҳмонларни кутиб олиш ва қабул қилиш бўлими ахборот- коммуникация технологиялари, ресторан жаҳон стандартларига мос жиҳозлар, замонавий дизайнга эга ётоқхона зарур мебеллар билан таъминланган. Мақсад – ёшлар олаётган назарий билимларини кўз билан кўриб, қўл билан ушлаб мустаҳкамласин. Меҳмонхона ишида амалий кўникмаларга эга, ўз ишининг етук мутахассиси бўлиб етишсин.

Дарҳақиқат, ҳар бир соҳа истиқболи ундаги кадрлар салоҳиятига боғлиқ. Сайёҳларга юқори сифат ва тез хизмат кўрсатишга қодир, мамлакат географияси, тарихи, осори-атиқалари, миллий қадриятлар, урф-одат ва анъаналарни чуқур биладиган, чет тилларида бемалол сўзлаша оладиган мутахассислар туризм тараққиётида муҳим роль ўйнайди.

Мамлакатимизда қадимий обидаларимиз, ёдгорликларимиз, табиатимиз гўзаллигини кенг тарғиб этиш, ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш соҳасини ривожлантириш, дунё халқлари билан дўстона алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этувчи туризм соҳасини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 7 февралдаги фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида тараққиётимизнинг келгуси беш йилга мўлжалланган устувор йўналишлари қатори туризм индустриясини янада равнақ топтиришнинг аниқ механизмлари белгилаб берилди.

Ўзбекистонга сайёҳларнинг келиб-кетиши, маълум муддат яшаши учун зарур ташкилий-ҳуқуқий асослар такомиллаштирилмоқда. Меҳмонхона ва ресторанлар фаолияти, транспорт ва логистика тизими жаҳон стандартларига мослаштирилаётир.

Соҳада етук мутахассислар тайёрлайдиган олий ва ўрта махсус таълим муассасалари ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Уларнинг ўқув хоналари, лабораториялари, ахборот-ресурс марказлари замонавий меъёрлар асосида жиҳозланмоқда. Ўқув жараёни давлат таълим стандартларига мос, ёшларнинг қизиқиш ва интилишларига уйғун ташкил этилмоқда.

– Факультетимиз Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 1999 йил 30 июндаги “Ўзбекистонда туризм соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ очилган, – дейди Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг халқаро туризм факультети декани Нодир Расулов. – Бу ерда меҳмонхона хўжалиги, хизматлар кўрсатиш, туризмни ташкил этиш ва бошқариш, логистика ва инфратузилмани ривожлантириш бўйича пухта билим ва малакага эга етук мутахассислар камолга етмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мамлакатимизда нафақат сайёҳлик индустриясини жадал тараққий эттириш, балки соҳада кадрлар салоҳиятини янада ошириш борасидаги ишларни янги босқичга кўтарди. Ушбу муҳим ҳужжат асосида факультетимизнинг ўқув амалиёт маркази ташкил этилди. Барча қулайликларга эга ушбу марказ бугунги кунда таълим жараёнида назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлашга ҳисса қўшмоқда.

Талабаларнинг амалий машғулотларни “жонли” ўтказишида муҳим аҳамият касб этувчи объектлардан яна бири университетнинг “Очиқ осмон остидаги музей” тарихий-маданий мажмуасидир. Унинг экспонатлари қаторидан ноёб меъморий обидаларимиз макетлари, бой маданиятимиз намуналари, кўркам табиатимиз манзаралари акс этган стендлар жой олган. Бу ерда мамлакатимизнинг туризм салоҳиятига доир инфо-турлар, турли илмий-амалий анжуманлар, конференциялар, ўқув-семинарлари, “мастер-класс”лар мунтазам ўтказилади.

Меҳмонхона ва ресторан бизнеси ривожида хизмат кўрсатувчи касб эгалари, хусусан, официантларнинг алоҳида ўрни бор. Мижозлар кўнгилдагидек дам олиши учун официант ўз ишининг устаси бўлиши, сифатли хизмат кўрсатиш ва муомала маданиятини пухта эгаллаши керак. Факультетда меҳмонхоналар ва сайёҳлик компаниялари билан ҳамкорликда “Энг яхши стол сервиси” мавзуида маҳорат сабоқларининг анъанавий ташкил этилаётганидан кўзланган асосий мақсад – шу.

Факультетда талабалар сайёҳларга малакали хизмат кўрсатиш борасида сабоқ олиш билан бирга туризмни алоҳида иқтисодий фаолият тури сифатида ўрганмоқда. Бўлажак мутахассислар туризм соҳаси ривожига инвестицияларни янада кўпроқ жалб қилиш орқали ишлаб чиқаришни ошириш, янги иш ўринлари яратиш, туризм хизматларининг сифатини юксалтириш ва унинг ноанъанавий усулларини йўлга қўйиш, янги саёҳат йўналишларини жорий этиш бўйича зарур билим ва кўникмаларга эга бўлмоқда.

Олий таълим даргоҳида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган иқтидорли талабаларнинг “Дебат клуби” фаолият кўрсатмоқда. Ушбу клубда сайёҳлик соҳасига оид энг долзарб мавзуларда ўзаро баҳс-мунозаралар олиб борилади.

Халқаро туризм факультети Жаҳон сайёҳлик ташкилотига аъзо. Бу ерда АҚШ, Буюк Британия, Испания, Франция, Греция, Италия, Сингапур, Малайзия каби туризм ривожланган мамлакатларнинг олий ўқув юртлари билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Профессор-ўқитувчи ва талабалар хорижий мамлакатларда ўтадиган халқаро кўргазмалар, илмий конференция ва семинарларда мунтазам иштирок этмоқда.

– Ўтган ўқув йилида CANEM лойиҳаси доирасида Испаниянинг Лас-Пальмас де Гран Канария университетида тажриба алмашиб қайтдик, – дейди факультет катта ўқитувчиси Шуҳрат Сайфуддинов. – Ўн ой мобайнида туризмни ташкил этишнинг европача стандартларини, меҳмонхона инфратузилмаси ва сервисининг замонавий кўринишларини ўргандик. Эгаллаган билим ва тажрибамиз бугун мамлакатимизда туризм менежменти ва маркетингини янада ривожлантириш салоҳиятига эга ёш кадрларни тарбиялашимизда асқотмоқда.

Ҳар ўқув йилида ушбу факультетни икки юздан ортиқ талаба тамомлайди. Соҳадаги талаб ва таклифлар асосида уларни ишга жойлаштириш йўлга қўйилган. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, “O’zintur”, “Mard Ulug'bek”, “Yasmina-tour”, “Real dreams”, “Buyuk ipak yo'li” каби сайёҳлик фирмалари, “Wyndham”, “Lotte City Hotel Tashkent Palace”, “Miran International”, “Le Grande Plaza”, “Malika Таshkent” каби меҳмонхоналар билан ҳамкорлик шартномалари тузилган.

Битирувчилар мутахассислик машғулотларини Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг ўқув-маслаҳат марказида, меҳмонхоналарда, сайёҳлик фирма ва компанияларида ўтамоқда.

– “Miran International” меҳмонхонасида туризм сервиси бўйича амалиёт ўтамоқдаман, – дейди талаба Назокат Акромова. – Танлаган соҳамизнинг етук мутахассиси бўлиб етишишимиз учун барча шароит яратилганидан хурсандмиз. Бу эътибор ва ғамхўрлик зиммамизга катта масъулият юклаб, замонавий билимларни пухта эгаллашга, юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги йўлида бор куч ва салоҳиятимизни сафарбар этишга ундайди.

Мамлакатимизда сайёҳлик соҳасида бир минг икки юз элликдан ортиқ фирма ва компания, меҳмонхона фаолият юритмоқда. Уларда малакали кадрлар – туроператор, гид ва турли йўналишдаги бошқарувчиларга талаб катта. Университетда сайёҳлик соҳасида мунтазам ўтказилаётган бўш иш ўринлари ярмаркалари битирувчиларга ушбу фирма ва компаниялар фаолияти билан яқиндан танишиш, иш таклиф этувчиларга эса юқори малакали кадрларни танлаш имконини бермоқда.

Дилшод Каримов, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА
5 516






Все о погоде - Pogoda.uz